Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бюджетда ўқиганлар ҳам дипломнинг аслини олиши мумкин

Бюджетда ўқиганлар ҳам дипломнинг аслини олиши мумкин

Фото: «Uznews.uz»

«Ўқишга бюджетга кирганман. Айтишларича бюджет асосида ўқишни тугатганларга диплом уч йилдан кейин берилар экан. Шунга аниқлик киритсангиз».

«Ҳуқуқий ахборот» канали мазкур саволга ойдинлик киритди.

Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган бакалавр ва магистрлари мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимланади.

Олий таълим муассасаларида битирувчиларни ишга тақсимлаш улар олий таълим муассасасини битиришидан камида 1 ой олдин ўтказилади. Бунинг учун махсус тақсимот комиссияси тузилади.
Битирувчилар эгаллаган таълим йўналиши ва малакасига, кадрларга бўлган буюртмага асосан ҳамда уларнинг рейтинги, оилавий шароити, доимий яшаш жойи ва таклиф этилаётган иш жойларида ишлаш истагини ҳисобга олган ҳолда ишга тақсимланади.

Битирувчи ўқишни тугатган кундан сўнг уч кундан кечиктирмай, ишга юборилаётган ҳар бир битирувчига қуйидаги ҳужжатлар берилади:

— олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма;

— ишга юборилганлик тўғрисидаги йўлланма;

— тақсимот комиссияси қароридан ва тақсимот рўйхатидан кўчирма.

Битирувчи тақсимот бўйича уч йил ишлаб бергандан кейин унга олий таълим муассасаси томонидан бир ҳафта муддатда меҳнат дафтарчасига мувофиқ дипломнинг асл нусхаси берилади.

Низомда яна бир муҳим нарса қайд этилган.

Агар тақсимот комиссияси битирувчини иш билан таъминлай олмаса, унга мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома берилиши керак. Бунда олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг