Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Боши берк нуқтаси» борми? Ўзбекистонда Финляндия таълим дастури ўрганилмоқда

«Боши берк нуқтаси» борми? Ўзбекистонда Финляндия таълим дастури ўрганилмоқда

Жорий йилнинг 21 апрель куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Финляндиянинг Таълим ва маданият вазирлиги ҳамда Миллий таълим агентлиги ҳамкорлигида «Финляндия таълим дастурларини ўрганиш: таълим дастурлари ва ўқув материаллари» мавзусига бағишланган онлайн семинар ташкил этилди.

Тадбир давомида Финляндиялик мутахассислар томонидан Финляндия таълим тизими, миллий ва маҳаллий ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув материаллари ва телевидение орқали дарс берувчи ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқ қатор масалалар бўйича атрофлича маълумот берилди.

Жумладан, Финляндия Миллий таълим агентлиги таълим маслаҳатчиси Ёрма Кауппиненнинг таъкидлашича, фин таълим тизимида кадрлар тайёрлаш бўйича «боши берк нуқта» мавжуд эмас. Ёшлар эрта болалик давридан бошлаб, умумий ўрта, ўрта махсус, касб ҳунар ёки олий таълим муассасаларини битирганидан кейин ҳам таълимни давом эттиришади.

Мактабларда дарс соатларининг тақсимоти ҳафтасига 1-2-синфлар учун энг камида 19 соат қилиб белгиланган бўлса, 9-синфлар учун эса ушбу кўрсаткич 30 соатни ташкил этади. Мактаблар ўқув режасига кўра, тўққиз йиллик ҳафталик умумий юклама 222 соат. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 254 соатни ташкил этади.

Таъкидланишича, Финляндияда ўқув материаллари миллий ўқув дастурига асосланган ҳолда давлат тили фин ёки швед тилида тайёрланади.

Хусусан, Финляндия давлат телерадиокомпанияси ва Финляндия таълим агентлиги ҳамкорлигида ўқитувчиларга кундалик ҳаётини мазмунли ўтказиши, ўз-ўзини ривожлантиришлари ва бошқа ўқитувчилар билан ўзаро мулоқот қилишлари учун алоҳида телеканал ташкил қилинган.

Бугунги кунда Финляндияда қўлланилаётган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилмоқда. Мазкур жараёнда Финляндия таълим тизимининг маҳаллий шароитга мос жиҳатлари янгиланадиган ўқув дастурларига сингдирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг