Бепул онлайн оромгоҳга старт берилди
Бутун дунё нохуш пандемия даврини бошдан кечираётганига қарамай, рақамли иқтисодиётни босқичма-босқич йўлга қўйиш замон талаби эканини, уни барча жабҳага татбиқ этиш эса кун масаласига айланганини асло унутмаслигимиз керак.
Буни англаган мутасаддилар ҳар дақиқани ғанимат билиб, турли лойиҳалар устида бош қотиришмоқда.
— Бугун ёшларимизда АКТ соҳасига бўлган қизиқишнинг кундан-кунга кучаяётгани қувонарли албатта, — дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослашган мактаб директори Ҳилола Умарова. — Аммо бошимиздан кечирган ва шу кунларда анча юмшатилган карантин даврида айни ўқиб-ўрганиш палласидаги ўқувчи ёшларимизнинг маълум бир видеодарслар билан чекланиб қолгани эътиборли масала.
Яқин икки йилликда муҳтарам юртбошимиз ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рақамли технологияларни давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳа ривожига кенг жорий этиш йўлидаги жадал саъй-ҳаракатларидан руҳланиб, биз ҳам Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослашган мактаб ташаббуси билан илк бор Digital Generation Uzbekistan — нодавлат нотижорат муассаса қошида Online Digital Camp — «Raqamli avlod — 2020» лойиҳасини амалга оширишни ният қилдик.
Online Digital Camp «Raqamli avlod — 2020» — бу бепул онлайн оромгоҳ бўлиб, унга рўйхатдан ўтганлар замонавий технология бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш имкониятини қўлга киритади.
Беш кун (24 — 28 августгача) давом этувчи ушбу лойиҳада ёшларга АКТ соҳаси ривожининг замонавий тамойиллари ҳақида маълумотлар берилиб, иштирокчилар қуйидаги йўналишларда таълим олишади: Веб-дастурлаш, Мобиль-дастурлаш, Desktop-иловаси дастури, Рақамли медиа ва маркетинг, Дизайн, Робототехника ҳамда Фриланс.
— Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад ёшларга энг зарур дарс ва кўникмаларни бериш ҳамда уларни иш билан банд этиб, пул ишлаб топишга ҳам тайёрлашдир — дейди Ҳилола Умарова. — Иштирокчиларга 5 кун давомида 4 соатдан онлайн дарс ўтиб, яна иш билан ҳам банд этамиз. Бир кунлик режамиз қуйидагича: эрталаб 2 соат дарс, тушликдан сўнг фрилансерлик бўйича очиқ дарс, яъни бунда қандай ва қайси сайтлар орқали даромад топиш йўллари ўргатилади. Сўнгра йўналишлар бўйича яна 2 соат дарс ўтилади. Кечки пайтга эса махсус меҳмонлар таклиф этилган. Улар орасида IT соҳаси бўйича илғор тадбиркорлар, инвесторлар, ўз стартаплари билан катта ютуқларга эришган маҳаллий ва хорижий спикерлар ҳам бор. Меҳмонларимиз ўз маърузалари ва тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларни қизиқтираётган саволларга жавоб беришади. Хуллас, жараённинг қизиқарли кечиши аниқ. Рағбат сифатида совғалар ҳам тайёрлаб қўйганмиз.
Ҳа, рақамли авлод лойиҳаси ўз олдига улуғ мақсадларни қўйган: ёшларга билим бериш, йигит-қизларни илм олишга чорлаш, илғор IT технологияларни жамиятга татбиқ этишга кўмаклашиш, соҳа бўйича тўғри йўл кўрсатиш, таълим бериш, қолаверса, иш билан таъминлаш, йўналишни аъло даражада ўзлаштирганлардан гуруҳ тузиб, уларнинг IT компаниялар резиденти бўлишига ёрдамлашиш, қўллаб-қувватлаш ва, яна бир муҳим жиҳати, ушбу соҳада қизлар улушини ҳам кучайтиришдир.
— Онлайн мактабнинг ўз платформаси бор, — дейди Ҳилола Умарова. — Унга кўра рўйхатдан ўтган ўқувчиларгина танлаган йўналишлари бўйича дарс олишлари мумкин. Шу боис биз онлайн оромгоҳга ёшларнинг мақсадли келишларини, яъни бу йўналишда озгина бўлса ҳам қизиқиши ва билими борларнинг иштирок этишини хоҳлардик. Чунки биз рўйхатдан ўтган фаол иштирокчиларимизга «Рақамли авлод — 2020» рақамли сертификатларини топширамиз. Лекин фриланс бўйича очиқ дарсларимиз ва кечки пайтга таклиф этилган меҳмонлар маърузаларида барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин.
Мактаб раҳбарининг айтишича, олдинда бу каби лойиҳаларнинг бир нечтаси режалаштириб қўйилган. Ташкилотчиларга ушбу мақсадли қадамнинг бардавом бўлишини тилаб, навбатдаги лойиҳалар хабарини интиқлик билан кутиб қоламиз.
Шоҳида ИСРОИЛОВА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter