Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда мактабга ўқувчилар нега оёқяланг киргизилгани сабаби маълум бўлди

Андижонда мактабга ўқувчилар нега оёқяланг киргизилгани сабаби маълум бўлди

Бугун, 8 сентябр куни ижтимоий тармоқларда «Пахтаобод тумани 38-умумтаълим мактабида ўқувчилар оёқяланг киргизилмоқда» деган хабарлар тарқалди. Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси хабарга расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат Пахтаобод туманидаги 38-умумтаълим мактабида содир бўлган. Мактаб 310 ўринли бўлиб, бу сиғим ҳудудда истиқомат қилувчи мактаб ёшидаги болаларни таълим билан тўлиқ қамраб олиш талабига жавоб беролмай қолганлиги сабабли, мактабга инвестиция дастури асосида 300 ўринли қўшимча бино қурилган.

Мактаб раҳбарияти мактаб биносини тоза ва озода сақлаш мақсадида, алоҳида оёқ кийим кийиш тажрибасини илгари сурган: ўқувчилар синфхоналаридаги оёқ кийимлари кийилгунга қадар йўлакда юрган вақтларидаги тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

«Ўқувчиларнинг оёқ кийимларини алмаштирилгунга қадар йўлакда юрганлиги, ушбу ташаббуснинг таълим сифатига умуман таъсири йўқ эканлиги, қолаверса, ўқувчилар учун ноқулайлик келтириб чиқишига сабаб бўлганлигини инобатга олган ҳолда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг 2022 йил 8 сентябрдаги буйруғига асосан мактаб директори О.Х. ҳамда Пахтаобод тумани халқ таълими бўлими мудирининг 2022 йил 8 сентябрдаги буйруғига асосан мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари М.Б.ларга интизомий чора қўлланилди», дейилади расмий муносабатда.

Мактаб маъмуриятига таълимга алоқадор бўлмаган «ташаббус»ларни илгари сурмасликлари, таълим жараёнлари Халқ таълими вазирлиги ва қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидалар асосида олиб борилиши ва мана шундай ҳолатга такроран йўл қўймаслик юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг