Адлия вазирлиги: «Мактабларда ҳуқуқий фанлардан ўтилаётган дарсликлар қониқарсиз»
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтилаётган ҳуқуқий фанларнинг ўқув дастурлари ҳамда дарслик сифатида тавсия этилган 2014 йилда чоп этилган 8-синфларга мўлжалланган “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари”, 2014 йилда чоп этилган 9-синф учун “Конституциявий ҳуқуқ асослари”, 2017 йилда чоп этилган 10-синфларга мўлжалланган “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ва шу номдаги 2018 йилда чоп этилган 11-синф ўқувчилари учун адабиётларининг мазмуни ҳуқуқий таълимга қўйилаётган талаблар асосида ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, дарсликларда давлат ва ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий тушунча ва атамаларга оид маълумотлар мураккаб тилда ёзилганлиги, ўқувчиларнинг эслаб қолиш қобилияти, тафаккури, ёши ва психофизиологик хусусиятлари эътиборга олинмаганлиги каби салбий ҳолатлар аниқланди. Масалан, 8-синф дарслигининг 25-мавзуси “Ички ишлар ва адлия вазирлиги. Нотариал идоралар ва адвокатура” масаласига бағишланган бўлиб, унда “Олий юридик маълумотли ва белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсатнома)ни олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокатлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Адвокатлик рухсатномасини олиш учун малака комиссияси имтиҳонини топшириш шарт” (144-бет) тушунчаси берилган. У расмий юридик қоида бўлиб, мактаб ўқувчиси учун тушунарсиз ҳисобланади.
Шу билан бирга, 9-синф дарслигида айрим мавзулар ўзбек адабий тил қоидаларига риоя этмаган ҳолда: “Барча давлат органлари ўз актларининг” (9-бет), “демократия ва ижтимоий адолат идеалларини тан олиш” (18-бет), “норматив-ҳуқуқий акт”(20 бет) жумлалари қўлланилган. Шунингдек, айрим мавзулардаги “Ҳуқуқий идеализм ва ҳуқуқий нигилизм” (14-бет), “мажоритар” ва “пропорционал” (157-бет) атамаларининг мазмун-моҳияти ўқувчи учун очиб берилмаган.
10-синф дарслигида эса, “Ўзбекистон Республикаси – халқаро ҳуқуқ субъекти” масаласига бағишланган 1-бўлимида умумий мазмунга тўғри келмайдиган: “1-§. Ҳуқуқ – шахс ва давлат муносабатларининг мустаҳкам асоси”, “3-§. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва вазифалари”, 4-§. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги”, “5-§. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш механизми” мавзулар ёритилган.
Ҳуқуқий маълумотларни ёритишда мантиқий кетма-кетликка ва изчилликка амал қилинмаслиги ўқувчиларда ҳуқуқий тушунчанинг нотўғри шаклланишига ҳамда ҳуқуқий саводсизликнинг ортишига сабаб бўлади.
Шунингдек, 11-синф дарслигида ҳам ўқувчилар учун тушунарсиз ва мураккаб, катта ёшдаги фуқаролар ҳам ўзлаштириши қийин мавзулар берилган. Яъни, “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар”, “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар”, “Тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар”, “Бошқарув тартибига қарши жиноятлар”, “Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар” кабилар. Бу ўқувчи учун оғирлик қилади.
Аслида бундай ҳуқуқий маълумотлар олий юридик таълим тизимида 2-, 3-курс талабалари учун, юриспруденция бўйича таянч билим ва кўникмага эга бўлгандан кейингина алоҳида фан сифатида ўтилиши белгиланган.
Юқоридаги ҳолатлар ва бошқа шунга ўхшаш фактлар бўйича Адлия вазирлиги томонидан асосли таҳлилий маълумот тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига маълум қилинди. Мазкур масала бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилиши белгиланди.
Қўшимча қилинишича, аниқланган камчилик ва салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ваколатли ва манфаатдор давлат органларини жалб этган ҳолда “Ҳуқуқий фанларга оид янги авлод дарсликларини яратиш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter