Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зангезур йўлаги: Туркий давлатлар ташкилоти бу «йўлак» бўйича ўз позициясига эга – эксперт

Зангезур йўлаги: Туркий давлатлар ташкилоти бу «йўлак» бўйича ўз позициясига эга – эксперт

10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг биринчи саммити бўлиб ўтмоқда.

Мазкур саммитда ўтган йили Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган «Туркий дунё нигоҳи – 2040» истиқболли дастурий ҳужжатида ўз аксини топган – аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Бу борада эса айни вақтда қурилиши кетаётган «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» транспорт йўлаги ҳамда умидли деб қаралаётган Шарқий Зангезур ва Нахичеван Мухтор Республикасини боғлайдиган Зангезур йўлаги муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, транспорт-логистика масаласида, айни пайтда савол остида турган Зангезур йўлаги ҳамда «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» транспорт йўлаги масаласида Туркий давлатлар ташкилоти қандай позицияда? Бу ўз-ўзидан учинчи давлатлар билан алоқалар ўрнатиш орқали ҳал этиладиган масала бўлгани ҳисобидан, ташкилот бу борада қандай амалий чораларни кўзлаяпти ёки кўзлаши керак?

Xabar.uz мухбири мазкур саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси, иқтисодчи Мухтор Умаров билан суҳбатлашди.

Мухтор Умаров, жумладан, Нахичеван Мухтор Республикаси ва Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ўртасидаги Зангезур йўлаги нафақат ҳудуднинг, балки бутун минтақанинг муҳим транспорт йўлаги бўла олишини урғулаб, унинг ТДТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларига таъсири хусусида тўхталди.

– Туркий давлатлар ташкилоти кўп томонлама транспорт йўлакларининг интеграциясидан манфаатдор. Хусусан, «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» транспорт йўлагини ҳам фаоллаштириш ва тўлиқ ишга туширишдан ҳам манфаат топади. Яъни минтақада «савдо кўприклари»ни яратишда бу каби йўлакларнинг ўрни ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Тарихан ҳам туркий миллатларни ўзаро боғловчи савдо йўлаклари мавжуд бўлган.

Афғонистонда эса ҳозирги кунда деярли 10 миллионга яқин туркий миллатлар вакиллари – ўзбеклар, туркманлар ва қирғизлар яшайдилар. Бу томондан ҳам, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланиши маъносида ҳам ушбу йўлакнинг аҳамияти катта.

Зангезур йўлаги эса геосиёсий, геоиқтисодий масала сифатида қаралганда туркий давлатларни бир-бирлари билан боғлашда ўта муҳим лойиҳадир. Бизни Туркия ва Озарбайжон билан, шунингдек, улар орқали Европа билан боғловчи транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш ўзининг минтақадаги функционал вазифаларидан келиб чиқиб ҳам ниҳоятда муҳимдир.

Ушбу лойиҳанинг ишга тушишини қадимги Буюк ипак йўлининг қайта очилиши дейиш ҳам мумкин.

Албатта, бу лойиҳа ташкилотнинг муҳим стратегик йўналишларидан бири. Айни вақтда бу лойиҳанинг, геосиёсат нуқтаи назаридан, бир томон учун умидли, бироқ ечилмай турган масала эканлиги эътиборидан, ечимни ТДТ беришга интилиши ва бу билан минтақадаги ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши турган гап. Ҳақиқатда бу масаланинг ҳал этилиши халқаро майдонда ташкилот обрўсига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган омил ҳисобланади. Яъни, Тоғли Қорабоғдаги тинчлик ва бу ҳудудларни Озарбайжон ҳудуди эканлигини расмийлаштириш туркий тилли давлатлар учун муҳим саналади. Бу учун эса Туркий давлатлар ташкилоти бор имкониятларини, яъни бу маънода АҚШ билан бўладими, Россия билан бўладими, Арманистон ёки Хитой билан бўладими – барча геосиёсий инструментларини ишга солган ҳолда ушбу савдо йўлагини қўллаб-қувватлашда ўзининг позициясида мустаҳкам туради, албатта, – дейди иқтисодчи.

Маълумот учун, Зангезур транспорт йўлаги Озарбайжон лойиҳаси бўлиб, ундан Россия, Эрон, Туркия ва бошқа қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам манфаатдор. Янги йўлак Озарбайжоннинг асосий қисмини Нахчиван билан, Россияни эса Озарбайжон ва Арманистон орқали Туркия билан боғлаши кутилмоқда. Шунингдек, у Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўли ҳисобланиб, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини Европага йўналтиришни таъминлайди.

Зангезур йўлагининг очилиши учун эса Баку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши, шунингдек, чегаралар белгиланиши зарур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг