Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна имло хусусида: диаграфми ёки диакритик белги?

Яна имло хусусида: диаграфми ёки диакритик белги?

Фото: «caravan.kz»

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш ва ислоҳ қилиш борасида ижтимоий тармоқларда бугун қизғин баҳс-у мунозаралар давом этаяпти. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида бу борада ишчи гуруҳи шакллантирилган. «Facebook» тармоғидаги «Oʻzbek tili jonkuyarlari» гуруҳида эса омма фикри кенг муҳокама бўлаяпти. Охири йўқ баҳс-у мунозаралар давом этаяпти. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш ҳақида гап кетганда, аввало гуруҳ аъзолари ва илмий кенгаш аъзолари ўзларига аниқ мақсад қўйган ҳолда ислоҳот режаси тузилиши керак. Ўйлаймизки, илмий кенгаш гуруҳ аъзолари фикрини жиддий қабул қилади.

Гуруҳ аъзолари томонидан энг кўп муҳокама бўлаётгани нарса бу, ислоҳ қилинадиган алифбони тўлиқ қўш ҳарфли қилиш ё ундан воз кечиш бўйича бўляпти. Гуруҳ фикри иккига бўлинган. Ҳозир ким ҳақ-у, ким ноҳақлигини эмас, балки икки томоннинг таклифларини таҳлил қилишни лозим топдим.

Демак, «алифбо ва имлони такомиллаштириш бизга нега керак?» деган саволни ўзимизга берайлик...

Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири томонидан 2021 йилгача «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» тасдиқланди. Ҳа, бу ким учундир 2000 йилдан бери кутилган кун бўлса, бошқа «русийзабонлар» учун бироз оғир қабул қилиниши мумкин. Лекин, 1995 йилда бошлаб қўйилган ишни, охирига етказиш вақти келди. Демак, тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтар эканмиз, Ҳаракатлар режасининг ўз номидан келиб чиққан ҳолда, ёзувимизни янада такомиллаштиришни ҳам тўлиқ охирига етказишимиз керак.

Ислоҳотдан кейинги ўзгаришлар аниқ, ўзбек тилининг орфоэпик, фонетик ва имло қоидаларига тўлиқ мос келиши ва айнан ҳозирги замон жонли тилини, иложи борича максимум акс эттириши лозим. Нега айнан жонли тилни? Чунки, бу айни вақтдаги лисоний саводсизликни ҳам бартараф этади.

1995 йил 15 майда қабул қилинган лотин ёзувли ўзбек алифбоси турли кўринишларни ўзида мужассам этган мураккаб кўриниш тақдим этилди. Биринчидан шу вақтга қадар ўзбек тили учун янгилик бўлган, ғарб тиллари (асосан инглиз тили) учун хос бўлган диаграф (маълум товушни ифодалаш учун икки ва ундан ортиқ белгилар ишлатилиши)лар бўлган sh, ch, ng киритилди. Иккинчидан, лотин алифбосида кўринишда бўлган Ў ва Ғ ҳарфлари учун диакратик белгили кўриниш танланди (Oʿ, Gʿ). Учинчиси эса иккинчисига боғлиқ бўлган муаммоли, дунёдаги лотин ёзувли тиллардаги «ноёб ҳодиса» ҳарфнинг фарқлаш белгиси ʿ — «окинта» билан ажратиш имлони ғалати кўринишга олиб келди. Ниҳоят тўртинчиси эса алифбода қаттиқ Ххни ифодалашда, яъни товушга ҳарф бириктиришда айнанликдан воз кечилди. Ўзбек лотин ёзувида ҳам Хх кўриниши танланди. Бу ҳарф аслида лотин ёзувида ёнма-ён келган -кс товушлари учун ёзилади.

Кўриниб турибдики, ҳаммаси аралаш-қуралаш, чала-чулпа кўриниш касб этган. Осонроқ тилда тушинтирганда на у ёқлик, на бу ёқлик! На, ривожланган давлатларга ҳавас қилиб «ғарб стандартлари», на соддароқ бўлсин, деб ҳарфларни белги билан фарқлаш ва на ҳар бир ҳарфни ўрнига қўйишни қойиллатдик!

Ҳатто, Собиқ иттифоқ давридаёқ тилшунослар томонидан кирилл алифбосида Ж ва О ўзбек тилида иккита алоҳида товушларни ифодалаши таъкидланса-да, негадир 1995 йили яна ўша эски хато такрорланди. Алифбомизни ҳозирги кўриниши савод чиқарган ва чиқарувчиларга билинмаса-да, товуш (фонема) билан ҳарфни, диакратик белги билан диаграфни фарқига бормайдиган ҳолатда ўқитмоқда. Буни тан олиш керак! Товуш билан ҳарф, диаграф билан диакратик белги фарқини эса инглиз ва бошқа европа тилларини ўрганиш жараёнида (!) билиб олиш мумкин. холос. Демак, хорижий тиллар дарсликлари бизни бу борадаги саводимизни чиқариши керак экан-да? Ана холос! Ё, ўзбек тили ўқувчилари ва ўрганувчилари, боринки ўқитувчилари ҳам бу масалани фаҳмига бормасалар ҳам бўлаверадими? Ё филологларимиз учун бу аҳамиятга эга эмасми? Нега бу масалада дарсликларимиз оқсоқ? Бу битта мисол холос. Хорижий тилларни ўрганувчилар учун яратилган дарсликларга эътибор берсак, (сифатли қоғозда, расм ва иллюстрациялар орқали мисоллар келтирилиши бошқа масала) ҳар бир қоида аниқ, оддий мисоллар билан содда тилда тушунтириб берилишини гувоҳи бўламиз. Балким шунинг учундир, европа тиллари грамматикаси ва имло, талаффуз қоидалари мураккаб бўлса-да, ҳозирги кунгача уларни ўрганиш муаммо эмас.

Хуллас, «гибрид алифбомиз»ни бир ёқли қилиш пайти келган! Ундан аввал ҳар қандай алифбони тилга мослаш масаласига тўхталсам. Аслида, бошқа тил учун яратилган алифбони қабул қилишда асли ҳарфлар олинади ва ҳарфларга алифбони қабул қилаётган тилдаги ҳарфлар бириктирилади. Масалан, тилимиздаги мавжуд Вв ҳарфи лотинда Vvга, Зз эса Zzга бириктирилган. Лотин ёзувини кўпчилик дунё тиллари қабул қилган бўлса-да, аммо ёзув уларнинг барча товушларини акс эттира олмайди, худди ўзбек тили товушлари каби.

Бир нарсани эсдан чиқармайликки, лотин ёзувининг ўзлиги бўлган лотин тилида ш-sh (ʃ), ч-ch (ʧ) , ғ-gʻ (ɣ, ʁ), -нг-ng (ŋ), сирғалувчи ж-j (ʒ - jurnal) ва портловчи ж-j (ʤ - jo‘ja), Ў - O‘ (ɵ) товушлари бўлмаган.

Буни ўзига қабул қилган халқлар, ёзувда ўз товушларни акс эттириш учун ўша товушни лотин ёзувидаги яқинроқ бўлган ҳарфнинг ости, усти ёки атрофига турли диакратик белгилар қўйиб (â, ƶ, ä, ş) ёки турдош товушни ҳосил қилиш учун икки ва ундан ортиқ ҳарфларни бирлаштириб ясаш қоидаларидан фойдаланишган. Бунда асосан, икки ҳарфли - диаграф (sh, ch, kh, ng), уч ҳарфли триаграф (sch, dzh, eau) ва тетрограф (tsch) лар қўлланган ва ҳозиргача фойдаланилмоқда.

Диакратик белгили ҳарфлардан кўпроқ, лотин ёзувини нисбатан кечроқ қабул қилган, шунингдек, шимолий ва баъзи шарқий европа ҳамда бир қанча осиё тиллари фойдаланади. Бу борада бизга энг яқини турк, озарбайжон тиллари фойдаланишади. Маълумки, ўзбек кирилл ёзувида ҳам диакратик белгили ҳарфлар бор эди. Булар Ў, Қ, Ғ ва Ҳ эди.

Қўш ҳарфли (диаграф, триаграф ва тетрограф) лотин ёзувидан асосан, ғарбий ва марказий европа тиллари шунингдек, бир қанча осиё ва африка тиллари фойдаланишмоқда. Қўш ҳарфлар асосан, ундош баъзан эса, унли товушлар учун қўлланилади.

Қўш ҳарфлар ҳам аслида бизга бегона эмас. Кирилл алифбосида –нг товуши учун қўлланилган. Лекин бу товушни ўқувчилар бирикма деб ўргангани боис, ўзлаштириш тажрибаси етарли даражада эмас. Биздан фарқли, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, татар ва бошқа тиллар кирилл алифбосида аниқ ҳарф ва товуш сифатида Ң ң, Ҥ ҥ кўринишида қабул қилинган эди. Бу эса, мазкур товуш тўғрисидаги тушунмовчиликларни бартараф этган. Бугунги кунда бу товуш тўғрисида ҳатто кўпчилик педагогларда ҳам етарли тушунча йўқлиги ачинарли ҳолатдир.

Лотин ёзувига ўтишнинг биринчи босқичи, халқимизнинг тарихий босиб ўтган йўли, яъни ўтган асрнинг 20-йилларида қабул қилинган «Янги алифбо» (Яналиф) эди ва бу асосида 1993 йил сентябрда диакратик белгили кўринишга эга бўлган ўзбек лотинчаси қабул қилинди. Бунда баъзи ҳарфлар қуйидагича кўринишда бўлган: Ш – Ş, Ч – Ç, Ғ – Ğ, нг – ñ, Ў – Ö, Ж - Ɉ (журнал).

1995 йилда турли сабабларга кўра бир нечта ҳарфлар ислоҳ қилинди. Ривожланган давлатлар фойдаланадиган, лотин ёзувини қабул қилганига 500-1000 йиллар бўлган инглиз, француз, испан, немис тиллари (асосан инглиз тили) имлосидан намуна олинди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бу жараён қониқарли даражада «пиширилмаган». Яна ўша G‘, O‘, J (иккита алоҳида ва жарангсизлари ш – sh, ч – ch бўлган товуш) ва X ҳарфларида муаммолар келиб чиқмоқда. Биринчи навбатда стандарт клавиатуралардан фойдаланиш ноқулай. Натижада, мазкур ҳарфлар турли белгилар билан акс этмоқда. Мисол учун, Ў ҳарфи O`, O’, Oʻ, Oꞌ, Oʽ, Oʹ, Oˊ, O‛, Oʹ каби кўринишларда ёзилаяпти. Айни пайтда буни компьютер дастурлари ва ахборот технологияларидан фойдаланишда мураккабликлар келиб чиқмоқда. Ушбу ҳолатда дастурлар ҳарфни бир эмас икки белги сифатида «танийди».

Иккинчиси эса, атоқли отлар таржимасида муаммоларни кўпайтирмоқда. Бу айниқса исм, фамилия ва жой номларини инглиз ва бошқа тилларга ўгиришда ноқулайлик ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ўз вақтида, Ў ҳарфига Ö ёки Õ ва Ғ ҳарфига Ğ ёки халқаро миқиёсда кенг қўлланиладиган Gh кўринишида бўлганда, балким ҳозирги муаммо ва баҳслар келиб чиқмас эди.

Муаммодан қочиб, уни бартараф этиб бўлмайди. Уни охиригача ҳал қилиш зарур, шунда ҳаммаси жойига тушади. Энди, бир саволни ўртага ташлаб, ҳиссиётларга эрк бермасдан бир ўйлаб кўрайликчи... Бизнинг такомиллаштирилиши кўзда тутилган, муаммоли алифбомизга диаграфли (sh, ch, ng, gh) кўриниш қоидалаштирилиши керакми ёки диакратик белгилими? Ҳар бирининг қулайлик ва камчиликларини кўриб чиқамиз.

1-мисол

  Ҳарфлар

 Ҳолати

Диаграфли алифбо

Диакратик белгили ҳарфлар

Қулайлиги

- исталган стандарт клавиатурадан фойдаланиш мумкин;

- турли белгилар билан ҳарфларнинг кўриниши ўзгартирилмайди;

- Айнан ўзгартирилмаган лотин ҳарфларидан фойдаланилган шаклий кўриниш;

- Дунё тиллари ҳисобланган инглиз, француз, испан тилларига шаклий яқинлик;

- атоқли отларни бошқа лотин ёзувли тилларда ҳам шаклий ягона кўринишда ёзилиши. Бунда ўзбекча атоқли отларнинг бошқа тилларда ёзилишида ўзбек тилидаги шаклий кўринишга ўзгартириш киритилмайди. Масалан, Samarqand, Ahmad, Qilich ва бошқа номлар ҳеч қандай шаклий ўзгаришсиз ёзилади. (Бугун амалда бу нарсага эътибор берилмаяпти. Эскилик сарқити сифатида инглиз тилидан ўзбек тилига ва ўзбек тилидан инглиз тилига атоқли отлар кўчирилишида асоссиз равишда рус тилидан фойдаланилмоқда)

- информацион технологиялар, хусусан, интернетдан фойдаланишда қулай. Масалан, интернет сайтлари ва доменларидан сатрга сўзни киритиш ва умуман фойдаланишда назарда тутилаётган сўзни ёзишда қулай. Мисол учун chortoq.uz, samdchti.uz, sharq.uz ва бошқа.

- асосан, катта авлод ва бугун ҳам кирилл ёзувидан фойдаланадиган турли соҳа вакиллари тез кўникиши;

- ёзувда бир ҳарф бир товуш тушунчаси мутаносиблиги;

- лотин ёзувидан фойдаланадиган туркий тилли қардош халқлар тили билан шаклий уйғунлик;

- шаклий соддалик;

- қардош туркий халқлар ёзувига яқинлик ва алоқадорликнинг ошиши (турк, озарбайжон, туркман ва бошқа);

 

 

 

 

Ноқулайлиги

- товушлар сони билан белгилар сони номутаносиб бўлиши;

- ёзувдаги мураккаб кўриниш;

- иккита ҳарф айни пайтда бир ҳарф ҳисобланиши;

- сўзларнинг қисқартмаларини ёзишда ноқуйлик ва тушунмовчиликларнинг бўлиши. Мисол учун AQSH – AQSh ва бошқа шунга ўхшаш.

- айнан ўша тил кодировкаси ўрнатилмаган қурилмаларда ёзиш ноқулай. Агар кодировка мавжуд бўлмаса алоҳида дастур ўрнатиш лозим.

- турли хил белгилар баъзан чалкашликлар келтириши мумкин;

- ўзбек лотин ёзувидаги Oʻ ва Gʻ ҳарфларининг тескари вергули билан ёзиш ноқулайликлар келтирмоқда.

- атоқли отларни бошқа тилларда ёзилишида шакл кўриниши бирламчилиги учун ўша тилда мавжуд бўлмаган диакратик белгилар ёзилмай кетиши мумкин. Масалан, шаклий ёзувга асосан, Škoda, Citroën, Beşiktaş кабилар инглиз ҳамда бошқа айнан шундай белгили ҳарфлар бўлмаган тилларга Skoda, Citroen, Besiktas кўринишида ёзилади ва талқин қилиниши мумкин.

Кўриниб турибдики, ҳар бирининг ўзига хос қулайлиги ва ноқулайлиги мавжуд. Шундай экан умумий бир қарорга келиш лозим. Кўпроқ биринчи устундаги ёзув амалдаги ўзбек лотин алифбосига яқин, қабул қилиш осон ва европа тиллари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда қулай.

Иккинчи устундаги эса турли белгилар ишлатилса-да, нисбатан содда, кирилл алифбосида савод чиқарган авлод ва ундан бугунги кунда ҳам фойдаланувчилари учун айни муддао. Аслида, иккинчи устундаги «услуб» биз учун бегона эмас. Ўтган асрнинг 20-йиллари охири ва 1940 йилгача фойдаланилган ва 1993-1995 йилларда фойдаланилган лотин ёзуви айнан диакратик белгиларга асосланган эди.

Энди эса 2-мисолда юқоридаги танловларимизнинг ёзувдаги акс этилиши ҳолатини кўриб чиқамиз.

2-мисол

Ёзув кўрини-ши

1-Диаграфли

(таклиф)

2-Диакратик белгили

(1929-1940, 1993-1995)

3-Амалдаги

(1995)

Мисол-лар

Ghalla, maghrur, ötkir, töla, ghalaba, ghör, chana, chang, singlim, chöl, shahar, shör, Shermat, achchiq, pashsha, shashkachining, mening, öghil

Ğalla, mağrur, ötkir, töla, ğalaba, ğör, çana, çañ, siñlim, çöl, şahar, şör, Şermat, aççiq, paşşa, şaşkaçiniñ, meniñ, öğil

Gʻalla, magʻrur, oʻtkir, toʻla, gʻalaba, gʻoʻr, chana, chang, singlim choʻl, shahar, shoʻr, Shermat, achchiq, pashsha, shashkachining, mening, oʻgʻil

 

18 та сўз, 88 та товуш, 110 та белги

18 та сўз, 88 та товуш, 88 та белги

18 та сўз, 88 та товуш, 116 та белги

Иккинчи мисолда эса 3та ёзув кўринишидаги товуш ва ҳарфлар (белгилар) мутаносиблиги қай даражада экани аён бўлмоқда. Бу борада номутаносиблик энг кўпи амалдаги лотин алифбосида экан.

Албатта, ҳеч бир тилнинг алифбоси тўкис бўлмаслиги мумкин. Лекин, вақти-вақти билан дунёдаги энг кўп аҳоли сўзлашадиган тиллар ёзувларида ноқулайликлар тўлиқ бўлмаса-да, максимум даражада бартараф этилган. Амалдаги лотин ёзувимизнинг беўхшовлиги Ўў ва Ғғ ҳарфларини акс эттириш учун иккита ҳарф ва алоҳида белги комбинациясидан иборат диакратик белгили «ностандарт» кўриниши энг тушунарсиз ҳолат. Энг қизиғи G‘, O‘ каби «окинта»ли, алоҳида товушни акс этадиган ҳарф бирорта тилда йўқ!

Айни пайтда, бошқа ҳарфларга тегмаган ҳолда, G‘, O‘ ни диаграф белгили кўринишга ўтказиб «қутилиш» масъулиятсизлик ва ўз тилимизга нисбатан ҳурматсизликдир!

Саводсизликни келиб чиқишидан хавотир эса, ҳозирги ахборот-коммуникация технологиялари асрида, жуда уятли ҳолатдир. Чунки, ҳозир турли тилларга хос бўлган ёзувлар, шиорлар, атоқли отлар, жой номлари ва турли рекламалар бир зумда барча учун ёд бўлиб кетаверади. Фақат мақсадимиз аниқ бўлиб биргаликда олға қадам ташласак, мазкур муаммони қисқа муддатда бартараф этиш ҳеч гап эмас.

Ҳурматли зиёлилар, алифбо масаласида олдимизда иккита йўл турибди. Ё у ёқли, ё бу ёқли кўринишга ўтиш керак! Мазкур жараёнда бизнинг ўрнимиз олдинги қаторда бўлиши ШАРТ!

Меҳрож Усмонов,
Ўзбек тили алифбоси ва жорий имло қоидаларини
такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича
Республика ишчи гуруҳи аъзоси, социолог

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг