Хитойда сиёсий иқлим ўзгарди. Унинг таъсирини бутун дунё «танаси»да ҳис этади
Жорий йил 23 октябрь куни бўлиб ўтган Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитасининг 20-чақириқ биринчи мажлисини дунё ҳамжамияти диққат билан кузатди. Мажлисда Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин учинчи муддатга партия МҚ бош котиби лавозимига сайланди.
«Ислоҳотлар отаси» Дэн Сяопин давридан буён Хитой жамоавий тарзда идора этилган. Давлат раҳбарлари ҳам кўпи билан икки ваколат муддат давомида (10 йил) мамлакатни бошқариб, сўнг ихтиёрий равишда ўз ўрнини ворисига топширган. 69 ёшли Си Цзиньпин ушбу анъанага чек қўйиб, учинчи муддатга давлат раҳбари лавозимини эгалламоқда. Кузатувчилар партия МҚ бош котиблигига сайланган етакчи 2023 йил парламент мажлисида ХХР раиси лавозимини ҳам эгаллашига шубҳа қилмаётир.
Хитой бошқарувининг олий органи – партия Сиёсий бюроси таркибига ҳам амалдаги раисга яқин экани айтилаётган арбоблар киритилди. Жумладан, бюро аъзолигига сайланган Шанхай шаҳри партия қўмитаси раҳбари, 63 ёшли Ли Цян келгуси йил март ойидан бош вазир лавозимини эгаллаши кутилмоқда. Амалдаги ҳукумат раҳбари Ли Кэцян бу гал Сиёсий бюрога киритилмаган.
МҚ йиғини арафасида ўтказилган 20-съездда партия уставида Си Цзиньпиннинг доимий етакчилик роли тан олинди ва унга содиқлик тамойили мустаҳкамланди. Яккабошлик бошқаруви расман тасдиқланган ушбу съездда кутилмаган ҳолат рўй берди. Амалдаги давлат раҳбари Си Циньпиннинг салафи, мамлакатни 2002-2012 йилларда идора этган Ху Цзиньтао мажлисдан намойишкорона олиб чиқиб кетилди.
Таҳлилчиларга кўра, амалдаги раҳбарият 79 ёшли Ху Цзиньтаога бундай муносабат орқали жамоатчиликка жиддий мужда йўлламоқда. Гап шундаки, Ху Цзиньтао даврида Хитой жамоавий бошқарув ва Сиёсий бюрода турли фракцияларнинг мувозанати асосида идора этилган. Ху Цзиньтао эса жамоавий бошқарувдан яккабошлик бошқарувига ўтилаётгани ҳамда давлат раҳбари ваколатига қўйилган чеклов бекор қилинишига қарши эди. Демак, собиқ раиснинг олий машваратдан мажбуран олиб чиқиб кетилиши унинг даври тарихга айлангани, мамлакат янги сиёсий иқлимга ўтаётганига ишора, демоқда таҳлилчилар.
Карнеги жамғармаси катта илмий ходими Александр Габуев Сиёсий бюродаги ўзгаришлар амалдаги раис муҳим лавозимларга ўз сафдошларини қўйганидан далолат беради деб ҳисоблайди.
«Кучлар нисбати (сиёсий раҳбариятнинг) заифлигига ишора қилмоқда: Си Циньпин фақат ўз одамларига ишонади. (Собиқ раислар) Цзян Цзэминь ва Ху Цзиньтао давридан бери фаолият юритган ваколатли раҳбарлардан ишончсиз кадрлар сифатида воз кечилмоқда», – дейди А.Габуев.
Франциялик хитойшунос олим Жан-Пьер Кабестан ҳам мамлакат олий бошқарувида рақобатлашувчи гуруҳларга чек қўйилганига эътибор қаратган.
«У (Си Цзиньпин – таҳр.) ҳокимиятни ягона қўлда жамлаш борасидаги мақсадига эришди. Раҳбарият якранг тусга кирди. Аммо муаммо шундаки, муросагўй гуруҳлар бошқарувида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат сусаяди. Албатта, бир партияли тизимда ўзаро тийиб туриш ва мувозанат ҳар қандай ҳолатда ҳам заиф бўлади деб эътироз билдиришингиз мумкин. Лекин, ҳарҳолда, (Хитойда) ўтмишда бир-бири билан курашган ва бир-бирини кузатиб борган бир неча фракция мавжуд эди. Илгари партия ичида кучли бўлган плюрализмдан ҳам энди асар бўлмайди», – дейди Жан-Пьер Кабестан.
Таҳлилчи плюрализм, сиёсий баҳс-мунозара бўлмаган шароитда олий раҳбариятнинг хато қилиш эҳтимоли ошишини урғулайди.
Сингапур миллий университети тадқиқотчиси Жа Ян Чонг наздида ҳам сўнгги ўзгаришлар амалдаги раис мавқеининг янада кучайишига хизмат қилади.
«Бу – сиёсат яхшими-ёмонми Сига чамбарчас боғлиқ кечишини англатади. Менимча, бизнес устидан партия-давлат назорати кучаяди... Аниқроқ айтганда, иқтисодиётда партия-давлат бошқаруви йўналиши танланади», дейди тадқиқотчи.
АҚШ президенти маъмурияти Хитойдаги сўнгги сиёсий ўзгаришлар борасида изоҳ беришдан ўзини тийган. Жумладан, Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Си Цзиньпиннинг ваколати узайиши хусусидаги саволга жавобан бошқа мамлакатлардаги ички сиёсий жараёнлар изоҳланмаслигини айтган.
Аммо АҚШнинг айрим сенаторлари, жумладан, Боб Менендес ва Жим Риш Пекин маъмурияти Тибет, Шинжон мухтор ўлкасидаги қатағонни давом эттириши, рақамли авторитаризм кучайишидан хавотир изҳор этган.
Тайвань ҳамда АҚШ билан рақобат масаласида кескин позицияни эгаллаган Си Цзиньпиннинг чексиз муддат ҳокимиятда қолиш имконига эга бўлгани расмий Вашингтон билан ихтилофни янада кучайтириши мумкин. Бу зиддиятнинг таъсирини эса бутун дунё ўз «тана»сида ҳис этади.
Pew Research Center ўтказган ижтимоий сўровлар ҳам америкаликларнинг салмоқли қисми Си Цзиньпиннинг учинчи муддат раҳбарликда қолишини «жиддий муаммо» деб билишини кўрсатди.
Ўзбекистонлик таҳлилчи Отабек Бакиров конституцион чекловлар, шаклланган сиёсий анъаналар ва мавжуд тизимни ўзгартириш қолоқлик ва қашшоқликка етаклиши эҳтимолидан баҳс этади.
«Хитой мисоли икки карра ачинарлики, беш минг йиллик узилмас давлатчиликка эга буюк мамлакат учун бу – охирги 70 йилдаги иккинчи бор такрорланаётган хато. Бу сафаргиси нафақат Хитой, қолган дунё учун ҳам анча қимматга тушади деб қўрқаман», – деб ёзади О.Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда ноябрда Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитасининг олтинчи пленумида Си Цзиньпин ташаббуси билан партиянинг асосий ютуқлари ва тарихий тажрибаси хусусида ҳужжат қабул қилинди. Эътиборга молик жиҳати, замонавий Хитой тарихида мамлакат учун дастуриламал саналган бундай ҳужжат бор-йўғи икки марта – Мао Цзэдун (1945) ҳамда Дэн Сяопин (1981) даврида қабул қилинган.
2020 йилда эса Си Цзиньпиннинг асарлари замонавий Хитой давлати асосчиси Мао Цзедун ишлаб чиққан маоизм таълимотинининг ўрнини эгаллаши йўлида саъй-ҳаракатлар бошланган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter