Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тотализаторни қонунийлаштириш — ижтимоий фитна!

Тотализаторни қонунийлаштириш — ижтимоий фитна!

Яқинда тотализаторларни қонунийлаштириш ҳақида ташаббус илгари сурилаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Агар бу содир бўлса, заифҳол жамиятимиз жисмига янги заҳар сингдирилган бўлади, деб ёзмоқда Жамшид Муслимов.

Миллат бир асрдан ортиқ давом этган коллониал истибдоди остидан чиқиши биланоқ деярли ўттиз йиллик диктатура босимига дучор бўлди. Бундай тутқунликдан эндигина чиқа бошлаган миллатни мустақил онг, соғлом тафаккур ва ижодкор меҳнатга кенгроқ жалб қилиш ўрнига кимдир уни янги ижтимоий фитналарга дучор қилмоқчи бўлаётгандек. 

Етилмаган онг эгаси тез ва машаққатисиз бойишни хоҳлайди. Оммавий кўнгил очди намойишлар, узлуксиз реклама, ҳою-ҳавас ва ҳасад ўчоғига тинмай ўт қалайди. Маошлар оз ва мансабларда ўсиш йўллари тор кўринган вақтда бесабр инсон қандайдир «мўъжизавий ютуқни»ни қўмсайди. Кимдир қоғоз лоторея ва ичимлик қопқоқларидан омад кутса, бошқа шахс темир қурбақа, иримлар ва қабрларга умид боғлайди. Орзу оғуши одамларни «нигериялик банкир» билан ёзишмага, «тармоқли маркетинг» ўргимчак уясига ва «аҳмадбойлар» пирамидасига элтади.

Букмекерлик ва тотализаторларда спорт ўйинлари натижасига пул тикиб, ютуқ олиш имконияти ваъда қилинади. Бу қимордан бошқа нарса эмас. Букмекер қиморбозлар ўртасида гўёки ўртакашлик қилаётган воситачидек ўзини кўрсатади, аслида у ўйинчини «азарт» сиртмоғига тушириб, бечорани узоқ вақт «соғиб» боради. 

Тотализатор ўйини руҳий касалликка осон айланади, унинг номи – лудомания. Инсон ўйнай бошлагач, худди наркотикка ўргангандек пул тикишларга боғланиб, иродасидан маҳрум бўлади. Тотализатор қурбони топган пулини ўйинларда исроф қилади, оиласини қурита бошлайди, бировлардан қарз, банкдан кредит олиб туби кўринмас жарликка қулай бошлайди...

Спорт натижаларини олдиндан билиш учун «ўйинчи» турли спорт жамоалари фаолиятларини кузатишга қимматли вақтини сарфлайди, ўзича олдиндан натижаларни топгандек ҳам бўлади. Аммо айрим ҳолларда ютган пули аввалги ютқазишларни қопламайди. Яна ўйинларга тикилиб йўқ бўлиб кетади.

«Букмекерликни легаллаштириш давлат бюджетига катта солиқ тушумини туширади» дейганга жавобмиз: аввало, қимор ўйинида асосан ижтимоий ва руҳий заифлашиб қолганлар ҳисобидан солиқ йиғиш айни адолатсизликдир. Иккинчидан, букмеккер даромадининг 99 фоизи солиқ қилиб олинган тақдирда ҳам қиморбозликнинг жамиятга келтирган қақшатқич зиёнининг бир фоизини ҳам қоплай олмайди! Қанчадан қанча оилалар бахтсиз бўлиб болалар тирик етим қолади, қанчадан қанча инсонлар ижтимоий фойдали меҳнатдан чалғийди, яна қанчалари жиноят кўчасига кириб кетади. 

Давлат букмекерликни лоббизм қилаётганларга кескин рад жавобини бериши зарур. Бунинг ўрнига одамларни тадбиркорлик фаолияти, янги билим ва кўникмаларни ортиришга қаратилган турли лойиҳаларни имкон борича тарғиб қилиш, ҳалол меҳнат ва ижодлари билан катта ютуққа эришган ватандошларимизни оммага олиб чиқиб, ёшларга намуна сифатида кўрсатишга янада кўпроқ эътибор берилса, жамият гуллаб яшнайди. Давлатнинг асосий мақсади ҳам шу эмасми?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг