Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва букмекерликка рухсат берилди

Таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва букмекерликка рухсат берилди

«Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ-68-сон, 19.04.2024 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан:

- интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади;

- лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширади.

Лицензиялар асосида ташкиллаштирилган лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон резиденти ва норезидентлари қатнашиши мумкин.

2025 йил 1 январдан 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланади:

- лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятидан ёки букмекерлик фаолиятидан олинган жами даромадидан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади; 

- жисмоний шахсларнинг Агентлик томонидан берилган лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади. 

Лотерея ва интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этишини мониторинг ва назорат қилиш функциялари Агентлик ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг