Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тоталитар тузумни демократияга айлантирмоқчи бўлган Горбачёв

Тоталитар тузумни демократияга айлантирмоқчи бўлган Горбачёв

Кеча 30 август куни СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Сергеевич Горбачёв 91 ёшида вафот этди. Ёши катта авлод Горбачёвни илиқ хотиралар билан ёдга олади. Аслида Горбачёв ҳокимиятга келгач нималар қилди? Ҳақиқатдан ҳам Горбачёв демократик ислоҳотлар қила олганми?

Қуйида Совет иттифоқининг сўнгги раҳбари Горбачёвнинг сиёсий ислоҳотлари ҳақида сўз юритамиз.

Ҳокимият пилла поясига кўтарилиш

80-йилларнинг ўрталарига келиб, Совет иттифоқида иқтисодий ва сиёсий ҳолат жар ёқасига келиб қолди. Хаста Константин Черненко вафотидан сўнг, 1985 йилнинг март ойида Сиёсий бюро болалаб бораётган муаммоларни бартараф этиш учун ёш ва лаёқатли бўлган Михаил Горбачёвни Совет иттифоқи коммунистик партияси (КПСС) Бош котиби лавозимига сайлади.

Сиёсий бюрода Ленин ва Сталин ўгитларига кўр-кўрона эргашадиган сиёсатдонлар талайгина бўлиб, улар давлатни қаттиққўллик билан бошқариш тарафдорлари эди. Улар ўзлари сайлаган янги Бош котибнинг келажакда нималарга қўл урушини билганларида уни танлаш борасида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмасди. Горбачёвнинг ўзи ҳам Сиёсий бюро йиғилишида “биз сиёсатни ўзгартиришимиз шарт эмас, У тўғри, ҳақ ва ҳаққоний сиёсатдир”, дея таъкидлаган эди. У 54 ёшида Иосиф Сталиндан кейин бош котиб лавозимини эгаллаган энг ёш одамга айланди.

Илк сиёсий юриш

Горбачёв ҳокимият курсисига мустаҳкам ўрнашиб олгач, партиядаги муҳим лавозимларга ёш авлод вакилларини тайинлай бошлади. Жумладан, Николай Рыжков иқтисодиёт вазири, Виктор Чебриков КГБ раҳбари, Эдуард Шеварднадзе (75 ёшли Громыко ўрнига) ташқи ишлар вазири, Лев Зайков мудофаа саноати котиби ва Борис Ельцин қурилиш вазири этиб тайинланди. Горбачёвнинг энг муҳим рақиби бўлган Григорий Романов Сиёсий бюродан четлаштирилди. Бундан ташқари, Иттифоқ таркибига кирувчи Республикалардаги биринчи котиб лавозимининг деярли ярмига ёш, билимли кадрлар тайинланди. Шунингдек, барча 16 та ҳарбий округдаги қўмондонлар таркиби тубдан ўзгартирилди. Унга бу ишларни амалга оширишда Сиёсий бюрода жиддий рақобатнинг йўқлиги ёрдам берди. 

Горбачёв кучли нотиқ эди. У Бош котиб сифатида сайланганидан сўнг тез-тез йирик шаҳар кўчаларида юриб, оддий фуқароларнинг саволларига очиқ жавоб бера бошлади. У омма олдига чиқиб, совет жамиятининг сўнгги йиллардаги аҳволи ҳақида очиқ гапирди. Ўша вақтда жамиятдаги ҳолат анча абгор ҳолатда эди. Сабаби одамлар жуда кўп спиртли ичимлик истеъмол қилар, иш жойларида интизом ёмон кўринишда бўлган. Горбачёвнинг ўзи ичмаганлиги сабабли спиртли ичимлик истеъмолини чеклади. У совет халқи билан шахсан кўчага чиқиб гаплашган биринчи раҳбар бўлди.

Ташқи сиёсат

Горбачёв даврида коммунистик бўлмаган мамлакатга биринчи ташриф амалга оширилди. У 1985 йилда Францияга борди ва уни илиқ кутиб олишди. Ўша йилнинг ноябрь ойида биринчи марта АҚШ президенти Рейган ва Горбачёв Женевада учрашдилар. Ушбу учрашув давомида икки қудратли давлат раҳбарлари Рейганнинг стратегик мудофаа ташаббуси (СДИ) бўйича муросага келишдан бош тортганига қарамай, келажакка яхши ишора қилувчи кучли ришталарни ўрнатди.

Иккала томоннинг қўшма баёнотида ядровий урушда ҳеч бир томон ғалаба қозона олмаслиги ва ҳеч қачон ядро қуролини ишлатишга йўл қўймаслик тўғрисида келишув имзоланган. Бу билан Горбачёв 30 йилдан бери давом этиб келаётган совуқ урушга барҳам берди. Чунки айни совуқ уруш туфайли совет иқтисодиёти қулаш арафасига келиб қолган эди. 1989 йилда Афғонистонда совет армияси олиб чиқилди.

1985 йилгача бўлган давр статистикасини кўрадиган бўлсак, Совет иттифоқи ўзининг ҳарбий харажатларини ЯИМнинг 12 фоизигача оширган. Бунинг оқибатида товар ишлаб чиқариш музлаб қолди.

 

Иқтисодий исл

Иқтисодий ислоҳотлар

Иқтисодиётнинг кўп тармоқларини ўзгартириш зарурлигига ишонч ҳосил қилган Горбачёв илгари Хрущев томонидан қўлланган қайта қуриш ишларини ўртага ташлади. 1986 йилда КПСС уни қўллаб-қувватлади ва меҳнаткашларни «социалистик ўзаро ёрдам ва талабчанлик»ни оширишга чақирди. Горбачёв ўз олдига қисқа муддатда ишлаб чиқариш, аҳолини уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлаш каби муаммоларни тез фурсатда ҳал қилишни мақсад қилиб қўйди.

1986 йилда Горбачёв сиёсий очиқлик, акселерация (иқтисодий ривожланишни тезлаштириш) ва қайта қуриш (сиёсий ва иқтисодий қайта қуриш) дастурларини яратди. 1987 йилнинг кузида Горбачёв «Қайта қуриш ва янгича фикрлаш мамлакатимиз ва бутун дунё учун» номли китоби чоп этилди. Унда Горбачёв умуминсоний қадриятлар устунлиги ва барча мамлакат халқлари уларнинг атрофида бирлашиши зарурлиги ҳақида ёзган эди.    

Горбачёв иқтисодий жиҳатдан Хитой вариантини – сиёсий тизимни сақлаб қолган ҳолда иқтисодий либераллаштиришни қабул қилишга ҳаракат қилди. Бироқ, унинг ислоҳотлари натижа бермади. Сабаби Совет иттифоқи иқтисодиётининг деярли 80 фоизи давлатга тегишли бўлса, Хитойда бу кўрсаткич 20-30 фоизни ташкил қилган.

Ахборот технологияларига асосланган саноатлаштиришнинг янги тўлқини Совет иттифоқини Ғарб технологияси ва кредитига жуда муҳтож қилиб қўди. 1986 йилнинг май ойида Кооперативлар тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Унга кўра, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва ташқи савдо соҳаларидаги корхоналарга хусусий мулкчиликка рухсат берилди.

Аммо бошланган иқтисодий ташаббускорлик (ишбилармонлик) совет саноатининг асоси – ҳарбий-стратегик саноати уёқда турсин, ҳаттоки истеъмол молларини ишлаб чиқаришни ва хизмат кўрсатишни ҳам қамраб ололмаган эди.

Қизил империянинг интиҳоси

Қайта қуришдан ўз аҳволининг яхшиланишини кутган халқ унинг кутилмаган оқибатларига дучор бўлди. Аҳоли турмуш даражасининг ёмонлашуви ва ислоҳотларнинг кескинлигига қарши оммавий чиқишлар кўлами кескин кўпайди. Биргина 1990 йилнинг ўзида 16 миллион одам иштирокида 10 мингта митинг, намойиш ва иш ташлаш рўй берди.

1991 йил 25 август куни Горбачёв КПСС Марказий Комитети ва СССР Вазирлар Советини тарқатиб юборди. Бунинг ўрнига СССР Давлат кенгаши Иттифоқнинг бошқарув органи тузилди. У 1991 йил 6 сентябрь куни Болтиқбўйи республикаларининг мустақиллигини тан олди.

1991 йил 25 декабрь куни Михаил Горбачёв Совет Иттифоқи президенти сифатидаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Эртаси куни СССР Олий Советининг Республикалар Кенгаши МДҲ ташкил топганлиги муносабати билан СССРнинг мавжудлигини тугатиш тўғрисида декларация қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда. Горбачёв ягона партиявийликни йўқ қилиш, давлат фаолиятида шаффофликни ошириш, демократияни ривожлантириш асосида СССРни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Лекин унинг бу ислоҳотлари жар ёқасига келиб қолган империяни сақлаб қола олмади.

 

Сардор Али

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг