Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия Кубадаги жосуслик марказини қайта очди

Россия Кубадаги жосуслик марказини қайта очди

Россия Кубада жойлашган “Лурдес” радиоэлектрон маркази фаолиятини қайта йўлга қўйди. Бу ҳақда The Insider суриштирувида маълум қилинган. Совет Иттифоқидан мерос жосуслик маркази 2001 йилда президент Владимир Путин томонидан ёпилган эди

The Insider нашрига кўра, Россия бир неча йил давомида Кубага дипломатлар ниқобидаги разведкачилар ва техника университетлари битирувчилари – ракетасозлик, техника ва математика мутахассисларини юборган. 

Москва Ҳавана ҳукумати билан АҚШ сунъий йўлдошлари, NASA парвозлар марказидан маълумотлар йиғиш, шунингдек, телефон сўзлашувларини тинглашга мўлжалланган марказ фаолиятини қайта йўлга қўйиш борасида 2014 йилда келишувга эришган. Ўша йилдан эътиборан Кубага Россиянинг юқори мартабали сиёсатчилар тез-тез сафар қила бошлаган.

2014 йил 14 июлда, шунингдек, президент Путин Кубанинг 35 миллиард доллар миқдоридаги қарзидан воз кечган.  

The Insider нашри 2022 йил ноябрь ойида Москвага Куба президенти Мигель Диас-Канель ташриф буюргани ва Путин билан учрашганига эътибор қаратган. Ташриф тафсилотлари очиқланмаган, аммо Куба раҳбари Кремлга молиявий кўмак эвазига “Озодлик ороли”да ҳарбий фаолликни кучайтиришни таклиф этган бўлиши мумкин. 

“Лурдес” радиоэлектрон маркази қурилиши 1962 йилда бошланган. 1967 йилдан иш бошлаган марказ фаолиятини молиялаштириш учун Москва ҳар йили юз миллионлаб доллар сарфлаган. 2001 йилда Россиядаги иқтисодий қийинчиликлар сабаб Путин марказ фаолиятини тўхтатишга қарор қилган. 

Аввал хабар берганимиздек, 2016-2017 йилларда АҚШнинг Куба пойтахти Ҳавана шаҳридаги элчихонасида фаолият юритган 40 нафар ходимда ноодатий касаллик асоратлари намоён бўлган. Айрим дипломатларнинг қулоғи остида кучли шовқин эшитила бошлаган, айримларининг қон босими кўтарилиб, боши оғриган, яна айримларининг кўриш ва ақлий қобилиятида бузилишлар, уйқусизлик қайд этилган. Сирли хасталик “Ҳавана синдроми” деб аталган.

АҚШ махсус хизмати Москвани акустик ҳужум уюштиришда айблаган. Расмий Москва ҳам, расмий Ҳавана ҳам акустик ҳужумга алоқадорлигини рад этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг