Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тўртинчи ҳокимият». Ўзбек журналистикаси ва сўз эркинлиги ҳақида

«Тўртинчи ҳокимият». Ўзбек журналистикаси ва сўз эркинлиги ҳақида

Фото: ««Тўртинчи ҳокимият». Ўзбек журналистикаси ва сўз эркинлиги ҳақидаgeoclub.info»

Ўзбекистонимизда навбатдаги блогерлар чемпионати бўлиб ўтди. Жамиятимизда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаган журналист эканлигини ўз ижоди билан кўрсата оладиган қанчадан-қанча ёш журналистлар блогерлар чемпионатида қатнашди. Турли хил сиёсий-ижтимоий вазиятлар ҳақида ёзилган мақолалар мунтазам равишда ижтимоий тармоқлар ва матбуот орқали омма эътиборига ҳавола қилинди. Мақолаларнинг мазмуни ва моҳияти олдингилардан тубдан фарқ қилади. Бу нафақат иқтидорли ёш журналистларнинг ғалабаси, балки ўзбек журналистикасининг байрами бўлди десак ҳам бўлади. Синглимиз Шаҳноза Тўрахўжаева блогерлар чемпионатининг мутлақ ғолиби сифатида тан олиниши опа-сингилларимиз жамиятимизда салмоқли ўрин тутиб турганини далиллаб берди.

Хурсандчиликлар, табриклар ва мақтовлардан сўнг навбат танқидга ҳам етиб келди. Танқид қилувчиларнинг фикрига кўра бу блогер-журналистлар чемпионати эмас, «иншолар танлови» бўлган эмиш. Баъзи танқидчиларнинг фикрига кўра блогерлик ва блогерлар ўртасида ўтказиладиган мусобақалар дунёда бундан 10 йил олдин долзарб бўлганлиги сабабли ҳозир ривожланган давлатларда унчалик эътибор қилинмайдиган анжуманга айланиб қолган эмиш. Албатта, журналистикани ёки матбуотни танқидсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин масаланинг бошқа томони бор. Ўзбекистонда баъзи сабабларга кўра сўз эркинлиги чекланган эди. Бирон-бир журналист жамиятимиздаги иллатлар ва муаммолар ҳақида гапира олмас эди.

Сўз эркинлиги

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сўз эркинлиги йўқлиги, халқнинг ижтимоий фикри жонли эфирда берилмаслиги, қайсидир мутасадди шахснинг чеклашларига кўра интервьюлардаги танқидий фикрлар кесиб ташланиши ва белгиланган шаблонлар ичидагина сўз айтиш мумкинлиги бутун дунёга маълум эди. Бу муаммонинг борлиги ҳеч кимга сир ҳам бўлмай қолган эди. Лекин баъзи амалдорлар бу вазиятни яхши билишса ҳам ўзларининг сири оммага фош бўлишидан қўрққани учун журналистларни ва ахборот агентликларини қўрқувда ушлаб туриш ишлари билан банд эди. Айрим халқаро ташкилотлар айнан мана шу камчилигимиздан Ўзбекистонни дунё ҳамжамияти кўз олдида обрўсизлантириш кампанияларида фойдаланишар эди. Бу воқеалар ҳозирги кунда ҳам учраб туради.

Бутун дунёда янгиликларни ким ёки қайси ахборот агентлиги биринчи ёритгани жуда муҳим масала. Масалан, яқин кунларгача қамоқда бегуноҳ ётган инсонлар энди озодлик ҳузурини тортмоқда. Уларни жамиятимизга интеграциялаш жараёни давом этаяпти. Бундан ташқари ҳали бегуноҳ қамалиб, азоб чекаётган ёш олимларимиз ва журналистларимиз бор. Улар ҳақидаги тафсилотларни Ўзбекистон ахборот агентликларидан олдин чет эл ахборот агентликлари берди ва ҳар хил талқин қила бошлашди. Ўзбекистонлик журналистлар учун бу жуда катта зарба эди. Аслида бунга ўзимиз ҳам айбдормиз, журналистиканинг шундай нозик тарафларига эътиборсизлик қилиб, воқеалар тафсилотини аниқлашни ва оммага етказишни эплай олмай, яна бировдан хафа бўламиз.

Ўзимизда шунча талантли журналистлар бўла туриб, бизнинг ички муаммоларимизни бошқа давлат журналистлари ўз ўлчамларига кўра талқин қилиб турса кимга ёқарди. Чунки масаланинг ичида туриб тадқиқ қилиб ишлаш билан қандайдир номаълум шахснинг Ўзбекистонда туриб ёзиб юборган ёки телефон ё интернет орқали берган маълумоти асосида ишлаш ўртасида жуда катта тафовут бор.

Ҳақиқат ва ёлғон

Дунёнинг барча давлатларида оммавий ахборот воситалари сиёсий ёки иқтисодий кучларга қарам аҳволда иш юритади. Ҳеч бўлмаганда эгасининг дунёқарашига кўра ёки маблағ берувчининг истагига кўра иш тутади ва масалани талқин қилади. Том маънода мустақил ОАВ ҳеч қачон бўлмаган.

Масалан, ўзларининг шахсий адоватини, қандайдир деструктив фикрларини, ҳеч қандай қадр-қийматга эга бўлмаган хулосаларини Ўзбекистон халқининг фикри каби кўрсатишга ҳаракат қилаётган оммавий ахборот воситалари ҳам йўқ эмас. Уларнинг фаолияти натижасида «Ҳақиқат иштонини кийгунча ёлғон дунёнинг ярмини айланиб улгуради» (A lie can travel half way around the world while the truth is putting on its shoes) деган аҳвол юзага чиқади. Чунки ёлғон, нотўғри хабар тарқалиб кетса буни тузатишни иложи бўлмай қолади, рад қилиш билан хатони бартараф этиш жуда мушкул. Бунинг оқибатини эса тасаввур қилишни ўрганишимиз зарур.

Ҳақиқат ва ёлғон нима эканини энг қисқа ва аниқ шаклда ифодалаб берадиган бу фикр кўпчилик сиёсатчи-жамиятшунослар учун жуда керакли тушунчага айланиб улгурган бўлса-да, бунинг ўзи катта ёлғон ва шубҳа ўртасида қолган ибора бўлиб қолди. Баъзи бировлар бу иборани биринчи марта Британиянинг машҳур сиёсатчиси Уинстон Черчилл (Sir Winston Leonard Spencer-Churchill) айтган деган ёлғон маълумотни дунёга тарқатиб юборишди. Масаланинг қизиқ томони шундаки, бу иборанинг асл муаллифи америкалик буюк ёзувчи Марк Твен (Mark Twain) бўлишига қарамай, бу маълумот ҳам ёлғонга айлантирилди.

Шунинг учун Ўзбекистондаги янгиликни ёки қандайдир хабарни биздан олдин ҳеч бир давлатнинг ахборот агентлиги чиқаришга улгурмаслиги шарт. Акс ҳолда ёлғон, нотўғри хабар тарқалиб кетиши эҳтимоли бор. Янгилик ҳам тижорат маҳсули ва унинг ҳам ўзига яраша бозори бор. Бу масалада журналистиканинг ва ахборот алмашишнинг ўз қонун-қоидалари бор. Олдин ўзимизнинг журналистлар хабарларни тез тарқатиб, ҳамкасб таҳлилчиларга «масаллиқ» тайёрлаб бериши зарур. Тезкорлик масаласида бошқа давлатларнинг ахборот агентликларига иш қолдирмаслик тарафдориман.

Журналистнинг асосий вазифаси

Журналист фақатгина хабар тарқатувчи жарчи эмас. Бу ишни диктор ҳам, мухбир ҳам бажараверади. Албатта, жарчилик ҳам, даракчилик ҳам журналистиканинг бир соҳаси. Содир бўлган қандайдир воқеа, ижтимой-сиёсий ёки маданий-иқтисодий муаммо ҳақида хабар берилганидан сўнг юзага чиққан ижтимоий резонансни шарҳлаш, таҳрир, талқин, таҳлил, муҳокама қилиш публицистнинг иши ҳисобланса ҳам, публицистиканинг ўзи айнан журналистика деган пойдевор устида қад кўтариб турганини эсдан чиқармайлик.

Албатта, матбуотда чиққан ҳар қандай хабар ёки янгилик таҳлил қилинавермайди. Чунки оммага тарқатилган бўлса ҳам жамоатчилик эътиборидан четда қолган бўлиши мумкин. Лекин хабар тарқатилган вақтда кўпчиликнинг эътиборидан четда қолгани билан кейинчалик бошқа бир воқеа ҳақидаги хабар таъсирида оммада кучли резонанс яратиши мумкин. Ижтимоий резонанс тафсилоти эса оммага тушунтириб берилиши шарт.

Ўзбекистонлик журналистлар томонидан мустақил тадқиқотлар олиб борилиб, жамиятимиздаги муаммоларни ёритиш эвазига аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонлик ривожланиши турган гап. Бу эса жамоавий фикрни ўртага чиқаради, ёшларимизнинг онгига ижобий таъсир кўрсатади.

Масалан, яқиндагина бўлиб ўтган сенатор ва тўй кортежи можароси ҳақида журналистларимиз ёзиб чиқди. Ҳатто Президент бизлар тараф бўлди. Бу Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари майдони шаклланганидан далолатдир. Илгари, афсуски, бундай эмас эди.

«Ҳокимиятлар тақсимланиши» назарияси ва «тўртинчи ҳокимият»

Давлат мустақиллиги ва мамлакат гражданларининг фаровон яшаши учун ҳокимият тақсимланиши шарт эканлиги ҳақидаги биринчи ғояни буюк файласуф Арасту олға сурган эди. Кейинчалик бу ғоя инглиз педагоги ва файласуфи Жон Локк (John Locke, 1632-1704) томонидан асосланиб чиқилди ва назария шаклига келтирилди.

Француз файласуфи, ҳуқуқшунос ёзувчиси Шарль де Монтескьё (Charles-Louis de Secondat, baron de La Brède et de Montesquieu, 1689-1755) томонидан «Ҳокимиятлар тақсимланиши» назарияси янада такомиллаштирилди ва классик усулга айлантирилди.

АҚШнинг биринчи молия вазири Александр Ҳамилтон (Alexander Hamilton, 1755-1804), АҚШнинг тўртинчи президенти ва АҚШ конституциясининг муаллифларидан бири Жеймс Мэдисон (James Madison, 1751-1836) ва АҚШнинг бошқа арбоблари томонидан ҳокимиятлар бўлиниши, аниқроқ айтадиган бўлсак давлат бошқарувида «Ҳокимиятлар тақсимланиши» назарияси замонавий давлат бошқаруви тизимига киритила бошланган эди. Ҳокимиятлар ҳаракатидан ҳосил бўлган натижаларга кўра давлат оёққа турар ва мамлакатда парокандалик эмас, фаровонлик ҳукм сурар экан.

Ушбу назарияга кўра давлатни бошқариш тизими бир-биридан мустақил бўлган учта ҳокимиятнинг бирикмасидан иборат:

  1. Қонунчилик ҳокимияти;
  2. Ижро ҳокимияти;
  3. Суд ҳокимияти.

Ҳар бир мамлакатнинг давлат бошқарувидаги «Ҳокимиятлар тақсимланиши» тартиби аввало шу давлатдаги демократиянинг ҳуқуқий формасини кўрсатади.

Кўпинча оммавий ахборот воситаларини «тўртинчи ҳокимият» деб аташади. Аслида эса расмий давлат бошқарув тизимида «тўртинчи ҳокимият» деган ҳокимият йўқ. Сабаби, ОАВда кимнингдир хато-камчиликларини тузатиш учун қўлланадиган буйруқ механизми ёки ваколати йўқ.

Масалан, қайсидир ташкилот одамларнинг ойлик иш ҳақини бермаётган бўлса, Меҳнат кодексидан четга чиқиб кетган бўлса ёки кимдир қонундан чиқиб кетган бўлса уни жазолай олмайди, хато-камчиликни тузатиш учун буйруқ ҳам бера олмайди. Матбуот фақат муаммога, масалага ёки қандайдир воқеага қонунчилик ҳокимияти, ижро ҳокимияти, суд ҳокимиятининг диққатини жалб қилиши мумкин холос.

«Тўртинчи ҳокимият» атамаси жамиятдаги ижтимоий фикрга матбуотнинг қанчалик таъсир кўрсата олишини ифодалайдиган лирик атама ҳисобланса-да, ҳар бир ватандошимизнинг диққатини жамиятда бўлаётган сиёсий-ижтимоий жараёнга жалб қилиб, унда дахлдорлик туйғусини уйғота олади ва бунга ҳаққи ҳам бор.

Шуҳрат Саломов,
тарихчи публицист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг