Тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш: хаёлми ёки ҳақиқат?
Ўтган асрда таниқли иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс келажакда автоматлаштириш, янги технологияларга ўтиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш орқали одамлар ҳафтасига атиги 15 соат ишлайди, деб башорат қилганди.
Европа давлатлари дунёда иш вақтини қисқартириш бўйича етакчи ҳисобланади. ИҲТТ маълумотларига кўра, Европа мамлакатларида ўртача иш ҳафтаси 37 соатни ташкил қилади.
Энг қисқа иш ҳафтаси Норвегия (33,5), Дания (32,5) ва Нидерландия (29,4) каби мамлакатларда кузатилади.
Бугунги кунда дунёда ўртача иш ҳафтаси 40 соатни ташкил қилади. Бироқ, сўнгги ўн йил ичида иш берувчилар томонидан дунё бўйлаб ходимлар учун тўлиқсиз иш куни ва мослашувчан иш жадвалини жорий этиш тобора оммалашмоқда. Бандликнинг ушбу усулидан айниқса, коронавирус пандемияси даврида кенг фойдаланилди.
Шунингдек, аҳолиси дунёнинг қолган қисмига қараганда кўпроқ ишлайдиган давлатлар ҳам йўқ эмас. Колумбия (ҳафтасига 47,6 соат), Туркия (46,4), Мексика (44,9) ва Коста-Рика (43,6) шундай мамлакталар сирасига киради.
Тадқиқотлар иш кунининг ҳозирги саккиз соат ва ундан ортиқ меъёри ишлайдиган одамнинг нафақат соғлиги, балки меҳнат унумдорлигига ҳам таъсир қилишини кўрсатди. Масалан, қўшимча иш вақти сезиларли даражада юқори бўлган Японияда иш жойида ҳаётдан кўз юмиш билан боғлиқ ҳолатлар анча кенг тарқалган ҳодисага айланди. Улар ҳатто бунинг учун атама ҳам ўйлаб топган – кароси.
Маълумот учун: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда ҳисоб-китобларига кўра, 2016 йилда дунёда қарийб 400 минг киши ҳафтасига 55 соат ва ундан ортиқ ишлаши оқибатида инсултдан, 350 минг киши юрак-қон томир касалликларидан вафот этган. 2000-2016 йилларда узоқ давом этган меҳнат туфайли келиб чиққан юрак-қон томир касалликларидан вафот этганлар сони 42 фоизга, инсултдан вафот этганлар сони эса 19 фоизга ошган.
Иш кунини қисқартириш ғояси XXI аср бошидан бери кўплаб мамлакатларда муҳокама қилинмоқда ва синовдан ўтказилаяпти. 2016 йилда Исландияда бир неча компанияда ходимларнинг иш ҳафтаси 4-5 соатга қисқарди – бироқ унумдорлик бир хил даражада сақланиб қолди. Бундан ташқари, ходимларнинг ишдан қониқиш даражаси ошди, соғлиғи сабабли меҳнатга лаёқатсизлик кунлари камайди ва умумий фаровонлик даражаси ошди.
2018 йилда Перпетуал Гуардиан (Янги Зеландия) биринчилардан бўлиб тажриба ўтказди ва тўлиқ иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда иш ҳафтасини 4 кунгача қисқартирди. Ушбу тажриба Окленд технология университети олимлари томонидан назорат қилинди. Тадқиқот натижалари компанияда меҳнат унумдорлиги 20 фоизга ошгани, ходимларнинг стресс даражаси 45 фоиздан 38 фоизга камайгани, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат 54 фоиздан 78 фоизга яхшиланганини кўрсатди.
Швециянинг Гётеборг муниципалитетида икки йилдан ортиқ вақт давомида бир нечта компания иш ҳақини камайтирмасдан, 6 соатлик иш кунини қўллади. Тажриба муваффақиятли ўтди ва шаҳарда 17 нафар ҳамшира учун қўшимча иш ўрни яратилди. Бу эса касаллик варақаси бўйича харажатларни қисқартириш ва меҳнат маданияти ҳақида глобал мунозарани қўзғатди, бироқ бу ёндашувни бутун муниципалитетда қўллаш жуда қимматга тушди.
Бундай тажрибалар жуда кўплаб мамлакатларда ўтказиб келинмоқда. Самарадорлик юқори бўлишига қарамасдан, аксарият давлатлар ва компаниялар 4 кунлик иш ҳафтасига тўлиқ ўтишни рад этаяпти. Бунинг асосий сабаби – катта харажатлардир. Чунки янги тизимга ўтиш даврида маошлар бир хил даражада қолиши талаб этилади.
Россиялик экспертларнинг фикрича, Россияда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. «Агар иш ҳақи бир вақтнинг ўзида пасаймаса, бу иш кучининг 20 фоизга қимматлашишига олиб келади. Бу эса меҳнат бозорида ҳам, умуман иқтисодиётда ҳам кенг кўламдаги ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин ва айниқса ишсизлик даражаси ошишига сабаб бўлади. Агар иш ҳақи камайса, бу аҳолининг қашшоқлашишига, турмуш даражаси ва ялпи ички маҳсулотнинг кескин пасайишига олиб келади. Иш кунларини қисқартириш ташаббуси «бош оғриғи» ва «ҳақиқатга умуман тўғри келмайдиган ғоя», дейди Капелюшников.
ПМТИ экспертлари дунёнинг турли мамлакатларида бир ишчига тўғри келадиган ўртача йиллик иш вақти ва бир соатлик иш вақтига тўғри келадиган ЯИМ ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш учун таҳлил ўтказди. Маълумотлар базасига одамлар ҳафтасига 32 соатдан ортиқ ишламайдиган ва 40 соатдан ортиқ ишлайдиган давлатлар (Колумбия, Туркия, Мексика) киритилди.
Корреляцион таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, бир соатлик иш вақтига тўғри келадиган ЯИМ ҳамда ҳафталик иш соатлари (0,027) ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Ушбу кўрсаткич одамлар ҳафтасига 35 соат ёки ундан кам ишлайдиган мамлакатларда ҳам, ҳафтасига 40 соат ёки ундан кўпроқ ишлайдиган мамлакатларда ҳам ўзаро боғлиқ эмас.
Шундай қилиб, иш ҳафтасининг давомийлиги меҳнат унумдорлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Ўз навбатида, меҳнат унумдорлигини ошириш бошқа кўплаб омиллар (бажарилган иш сифати, ходимларнинг малакаси, ходимларнинг руҳий ҳолати ва бошқалар) комбинациясига боғлиқ.
Дунёнинг кўплаб давлатлари иш ҳафтасини қисқартиришни самарали йўллар билан синаб кўраётган бир пайтда, Ўзбекистон аҳолиси меъёрдагидан кўпроқ ишламоқда. Бу ҳолат фуқароларнинг дам олиш ва ҳордиқ чиқариш ҳуқуқи, шу жумладан иш куни ва ҳақ тўланадиган таътилларни самарали чеклаш бўйича ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини қонун билан мустаҳкамлашга оид масалаларни ҳал қилишни тақозо этади. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши жамиятнинг қулай меҳнат шароитлари ҳамда меҳнатга лаёқатлилигини тиклашга бўлган ҳуқуқлари асосига айланади.
Ўзбекистонликлар ҳам Европа давлатлари аҳолиси каби ҳафтада 4 кун ишласа нима бўлади?
Ўзбекистоннинг Европа амалиётидагидек 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Ушбу масалани илмий нуқтаи назардан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун, биринчи навбатда, иш ҳафтасининг қисқариши меҳнат унумдорлигига қандай таъсир қилиши мумкинлигини таҳлил қилиш зарур.
Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасининг меҳнат унумдорлигига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари республика бўйича меҳнат унумдорлиги ва бир соатлик иш вақтидаги меҳнат унумдорлигини ҳисоблаб чиқди.
Корреляцион таҳлил натижаларига кўра, меҳнат унумдорлиги ва иш соатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланди – корреляция коэффициенти - 0,40.
Шундай қилиб, Ўзбекистон шароитида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича жаҳон амалиётини иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.
Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, саноатда иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасидаги корреляция коэффициенти - 0,45 ни ташкил этди. Бу юқори корреляцияни тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаблари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилмаганлиги, деб ҳисоблаймиз.
Маълумот учун: Меҳнат унумдорлигини ҳисоблаш усули
Меҳнат унумдорлиги ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг (жисмоний ёки пул кўринишида) ушбу маҳсулот ҳажмини ишлаб чиқаришда иштирок этган ходимларнинг ўртача сонига нисбати
Иш соати учун меҳнат унумдорлигини ҳисоблаш:
МУ = МҲ / Тсоат,
бу ерда:
МУ – бир иш соати учун меҳнат унумдорлиги;
МҲ - ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми;
Тсоат - маълум ҳажмдаги маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланган иш соатлари сони.
Шунга қарамай, ПМТИ мутахассислари 4 кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилди.
Бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари яъни, IT соҳаси, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, илм-фан билан боғлиқ соҳалардир.
Шу билан бирга, айтиб ўтиш жоизки, IT-соҳасидаги ходимларининг аксарияти анча мослашувчан иш тартибига эга. Банкларнинг 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларни секинлаштириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ иши ҳиссий, ақлий, асабий тарангликни кучайтириш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган (Меҳнат кодексининг 118-моддаси).
Бироқ, таҳлил натижаларига кўра, таълим (корреляция коэффиценти -0,15), соғлиқни сақлаш (-0,21), IT-соҳаси (-0,09), илмий фаолият (-0,07) ва молия тизимида (-0,06) иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасида корреляцион боғлиқлик мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳаларда иш вақтини қисқартириш имкониятлари мавжуд эканлигидан далолат беради.
Таҳлил натижалари меҳнат фаолиятининг бир йилда қанча давом этиши меҳнат унумдорлигига таъсир қилувчи ягона ва асосий омил эмаслиги, аммо уларнинг ўзаро боғлиқ эканлиги ва бунга шубҳа йўқлигини кўрсатди. Пандемия шароитида кўплаб корхоналарнинг ўз ходимларини ноиложликдан масофадан ишлашга ўтказиши ушбу бандлик тури самарали эканлигини кўрсатди ва бутун дунё бўйлаб бандликнинг турли шаклларидан фойдаланиш имконини берди.
Юқоридаги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, меҳнат унумдорлигини сифат жиҳатидан яна-да ошириш ва ходимларнинг меҳнат ва дам олиш вақтини уйғунлаштириш нуқтаи назаридан иш ҳафтасини қисқартириш учун шарт-шароитлар мавжуд. Буни бир неча усул билан амалга ошириш мумкин:
- тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш;
- ходимларни қўшимча «ўзгарувчан» дам олиш куни билан таъминлаш;
- иш вақтини қисқартириш.
Мослашувчан иш жадвалига ўтиш ва иш ҳафтасини қисқартириш бир қатор имтиёзларни шакллантиришда ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, умумий иш самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди:
Биринчидан, ходимларнинг соғлиғи яхшиланади: қўшимча дам олиш куни ходимларга яхши дам олиш ва иш учун куч тўплаш имконини беради.
Иккинчидан, аҳолининг, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллигини ошириш орқали ишсизликка қарши самарали кураш таъминланади.
Учинчидан, ходимларнинг иштиёқи кучаяди, муҳим вазифаларни тез ва сифатли бажаришда фикрини жамлай олади, иш вақтини йўқотиш қисқаради.
Тўртинчидан, иш вақтини қисқартириш экология ва транспортга тушадиган зўриқишни, шунингдек, ёнилғи ва энергия сарфини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Бешинчидан, кўнгилочар ва маданият соҳасини ривожлантиришга қўшимча туртки бўлади.
Олтинчидан, аҳоли турмуш даражаси яхшиланади. Вақтни оила даврасида ўтказиш, севимли машғулот билан шуғулланиш, маданий савиясини юксалтириш, спорт билан шуғулланиш, ўз-ўзини тарбиялаш учун кенг имкониятлар яратилади.
Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганган ҳолда, шунингдек, ҳисоб-китоб натижаларига кўра, ПМТИ мутахассислари Ўзбекистон шароитида айрим соҳаларда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблайди.
М.Аҳмедова, ПМТИ гуруҳ раҳбари
Манба: ifmr.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter