Телевизорда «гўзал ҳаёт» деб, унвон олган шоир шеър ўқир... ёхуд бир шеър таҳлили
Маълумки, Истиқлол даври ўзига хос миграция даври ҳам бўлди – ўзбек ватандошларимиз дунёга чиқди. Ким ишлагани, ким кезгани, ким яшагани, ким яна бошқа важ билан чиқди, хуллас, ҳар кимнинг ўз сабаби бор. Бу борада, айниқса, меҳнат муҳожирларининг сони ва салмоғи катта эканлигини алоҳида қайд этмоқ лозим. Муҳожирларнинг бошидан ва кўнглидан кечирганлари алоҳида мавзу бўлиб давр адабиётининг сарғайган варақларига муҳрланди. Шу билан бирга, оила боқувчиси, айтайлик, Россияга ишлагани кетиб, уйда фарзанд(лар)и билан ёлғиз қолган аёлнинг кўнгил ҳолларини ҳам шеърият «унутмади». Шоир Баҳодир Ғулом ёзади:
Совуқ тушди, бир хотин хуноб,
Ёқолмасдан печка ўлгурни.
Эри тезроқ пул жўнатганда,
Олар эди ўтин, кўмирни.
Боласига беради дашном:
Дарс тайёрла, қандай боласан?
Уйимизда биттаям шам йўқ,
Свет ўчиб қолса, кўрасан.
Шеърда қишлоқ хонадонларидан бирининг реал манзараси акс этган. Ундан англашилмоқдаки, она ва бола уйда ёлғиз. Бирининг эри, бошқасининг отаси бўлмиш одам эса ишлагани кетган. Қиш, совуқ. Печка ёқиб уйни иситиш керак, лекин на ўтин бор ва на кўмир. Ҳолларининг ночорлиги – мабодо чироқ (шоир сўзлашув тилидан келиб чиқиб, «свет» дейди) ўчиб қолса, битта ҳам шамнинг йўқлигидан маълум. Лекин ишлагани кетган эрнинг, отанинг аҳволи ҳам яхши эмасга ўхшайди-да. Яхши бўлганда эди, хотини ва боласини бундай танг шароитга ташлаб қўярмиди?
Иссиқ кийин, шамоллаб қолма,
Телевизорни ҳозироқ ўчир!..
Телевизорда «гўзал ҳаёт» деб,
Унвон олган шоир шеър ўқир.
Совуқ бўлгани боис уйда ўтирса ҳам иссиқ кийиниши керак, йўқса, шамоллаб қолади. Шамоллаб қолса, врач, дори керак бўлади. Бунга эса пул зарур. «Врач», «дори», «пул» деган сўзлар шеърда йўқ, бироқ уларнинг бўлиши шарт эмас – шеърда чизилган турмушнинг ночор манзараси врач, дори ва пул тушунчаларини мантиқан етаклаб келаверади. Шеър бу билан тугамайди, у яна бошқа – тамомила ўзга бир манзарани ҳам акс эттиради: ўқувчи кўз ўнгида ҳаётни «гўзал» деб телевизорда шеър ўқиётган шоир образи гавдалантирилади. У яқинда унвон олган. Шеърда шоирнинг олинган унвонга ҳаёт ҳақиқатини сотиб юбораётган лаҳзалари муҳрланган. Бу ўзига хос пареллелизмни ҳосил қилган. Айни пайтда, унда «хунук ҳаёт» билан «гўзал ҳаёт» бир-бирига зид қўйилмоқда. Худди мана шу зидлаш – тазод ўқувчини мувозанатдан чиқаради. Санъатнинг кучи шу ерда. Она тилидан айтилган «Телевизорни ҳозироқ ўчир!..» буйруғи ҳам, аслида, ҳаётни ҳаспўшлаб кўрсатаётган шоирга қарши бир танбеҳ, ўзига хос исёндир. Аслида, уни онанинг тилидан бошқа шоир – муаллифнинг ўзи айтмоқда. Демак, тазод давом этмоқда ва бу ерда энди чин шоир билан маддоҳ шоир қаршилантирилмоқда. Шоир шу ишни бажаргандан, яъни маддоҳ шоирнинг телевизорда ҳаётни алқаб шеър ўқитиб қўйгандан кейин яна аввал чизган манзарасига қайтади:
... Совуқ тушди, бир хотин хуноб,
Ёқолмасдан печка ўлгурни.
Эри тезроқ пул жўнатганда,
Олар эди ўтин, кўмирни...
Адабиётнинг вазифаларидан бири ҳаётни ҳаққоний акс эттириш бўлса, демак, бу ўринда у шеърият мисолида ўз вазифасини ҳалол адо этмоқда.
Нима бўлганда ҳам, ўзбек адабиёти бугун «жой» танлаётгани йўқ. У мамлакатнинг юраги бўлмиш – бошкентда ҳам, унинг бир парчаси бўлмиш Қорақалпоғистонда ҳам, турли вилоятларнинг шаҳару қишлоқларида ҳам, ҳатто яқин-олис хорижда ҳам яратилмоқда. Буларнинг барчаси жам бўлиб эса, замонавий ўзбек адабиётини ташкил этади.
Улуғбек Ҳамдам facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter