Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Шпион» ручка, марҳумга ёзилган кредит ва бошқалар ҳақида суд эксперти билан суҳбат

«Шпион» ручка, марҳумга ёзилган кредит ва бошқалар ҳақида суд эксперти билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

Суд экспертизаси жиноятчиликни очишда қандай ўрин тутади? Хусусан, хатшунослик ва техник экспертизанинг ўзига хослиги нимада? Бу йўналишда қандай жиноятлар тадқиқ қилинмоқда? «Xabar.uz» мухбири Самарқанд вилоят суд экспертизаси хатшунослик ва техник эскпертиза бўлими етакчи эксперти Нодира Фозилова билан суҳбатда ана шу саволларга жавоб излади.

– Хатшунослик эскпертизасида бизнинг олдимизга қўйиладиган масала, аввало, бу имзо ёки дастхат кимга тегишли, пировардида, имзо ҳақиқийми ёки бошқа шахслар томонидан қўйилганми, деган саволларга жавоб топиш. Тадқиқот ўтказишимиз учун тегишли ҳужжатлар тақдим қилинади. Ишни чуқур ўрганиб, аниқ бир хулоса берамиз. Бизга суд органлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар ҳам мурожаат қиладилар.

Техник эскпертиза эса ҳужжатларни тайёрлаш усулларини ўрганади. Паспорт, купюра ва бланкалар қандай усулда тайёрланган? Шу аснода унинг ҳақиқий ёки қалбаки экани аниқланади. Шунингдек, чизиқлар кесишмаларини ҳам ўрганамиз. Масалан, тоза қоғозда имзо қўйилган ва шундан сўнггина унинг тепа қисмида босма ёки қўлёзма матн ёзилган. Содда одамлар тоза қоғозда имзо қўйишади, лекин, натижаси нима билан тугашини билишмайди. Фирибгарлар эса бундан фойдаланишади, ўзларига керакли матнни шу имзо билан боғлашади. Масалан, «Мен фалончидан мана шунча пул олдим» ва имзо. Аслида эса имзо қўйган одам бир тийин ҳам олмаган, унинг айби фақат имзо қўйгани бўлиб чиқади.

– Аниқ мисоллар асосида, воқеалар тафсилоти билан ўртоқлашсангиз.

– Техник эскпертиза бўйича мана шундай ҳолат бўлганди. Икки дугона ўртасида ўзаро ёзишма қоғозини ўрганишим керак бўлди. Бири иккинчисидан қарзга минг доллар олган. Қарздор аёл вақти келиб, қарзини олиб бориб берганда, дугонасидаги тилхатдаги рақамни кўриб эси оғай деган. Ўз имзоси, ўз дастхати билан ёзилган тилхатдаги рақамнинг охирида яна битта ноль қўшиб қўйилган. Натижада қарзи минг доллар эмас, балки 10 минг доллар кўринишида бўлиб қолади.

Туҳматга қолган аёл қарзга фақат минг доллар олганини исботлаб бериш учун фуқаролик судига мурожаат қилган. Экспертиза можарога сабаб бўлган тилхатдаги рақамга ҳақиқатдан ҳам битта ноль қўшилганини аниқлади. Биз бир аёлни ҳам руҳий азобдан, ҳам моддий зарардан, ҳам исноддан асрадик. Жараён сўнгида бир инсоннинг «юзи ёруғ» бўлганини ҳис қиласан.

– Ҳақиқатни юзага чиқариш доим ҳам шундай силлиқ кечадими?

– Ҳар қандай ҳолат бўлади. 24 йилдан буён шу соҳадаман, тажриба қўл келади ва баъзан бир қарашда борини дарров аниқлаб берасан. Бизда чизиқлар (штрихлар) кесишмаси деган термин бор. Бу жараёнлар кетма-кетлиги билан боғлиқ гап. Соддароқ қилиб айтганда, аввал имзо қўйилганми ёки аввал матн ёзилганми деган саволга ойдинлик киритиш керак. Гоҳида айнан шуни аниқлаш қийин кечади. Бунда тадқиқот учун берилган қоғоз принтер орқали ўтганда, ускуна барабани кукуни, ёзувдаги бўёққа из қолдирган ёки қолдирмаганига кўра, кетма-кетлик аниқланади ёки аниқлаб бўлмайди. Чизиқлар кесишмаси аниқланмаса, биз рад жавобини беришга мажбур бўламиз.

Исталган концелярия дўконидан ҳар ким харид қилиши мумкин бўлган «сеҳрли», яъни, у билан ёзилган қайдлар қандайдир вақтдан сўнг ўчиб кетадиган ручка билан боғлиқ жиноятлар ҳақида ҳам эшитамиз.

– Ҳамкасбларимиз орасида бу ручка «шпион ручка» дейилади. Тажрибамда худди шундай ручкадан фойдаланилган ҳолдаги ишга ҳам дуч келганман. Одатда, бунақа ишлар доимо пул билан боғлиқ бўлади. Хуллас, бир одам бошқасига қарз беради, ўртада тилхат ёзилади. Қарз берган киши тилхатни олиб келиб уйига қўяди. Бир неча кундан кейин, ниманидир аниқлаштириш мақсадида тилхатни олиб кўрмоқчи бўлса, қоғоз оппоқ. Яъни, ёзувдаги сиёҳ тўлалигича ўчган. Берилган пул кичик маблағ эмас – 450 млн сўм! Ўз қўли билан шунча пулни берганини энди қандай исботласин? Натижада у судга мурожаат қилган. Менга суд раиси дафтарни топшираётиб «ичидаги ёзувни ким ёзганини аниқлаш керак», деди. Дафтарни очсам, ҳеч нарса йўқ. «Қайси ёзувни?» дейман. У кулиб «айнан бу ерда нима ёзилгани ва уни ким ёзганини аниқлаб берасиз» деди. Йўқ матн тикланди ва яна бир инсоннинг моддий зарари олди олинди.

Нафақат иқтисодий зарар, ноҳақликка учраб, камига катта пулига куйиб ҳам қолган одам инфаркт, инсультни орттириб, ҳаётини ҳам бой бериши ҳеч гап эмас. Фан-техника ривожланган сайин фирибгарликка ҳам йўл кенгроқ очилаяптими?

– Юқорида тилга олинганлар сўнгги 3-4 йил орасидаги воқеалар. Авваллари барча ҳужжатлар машинкада ёзиларди. Ўшанда ҳам ўрганилаётган ҳужжат айнан қайси ёзув машинкасида бажарилган деган савол билан ишни ўрганардик. Бугунда компьютер, принтер пайдо бўлгач, фирибгарликнинг янги шакллари ўртага чиқди. Энди бизда монтажлар кўп. Яъни, исталган имзони исталган ҳужжатга «қўйиш» мумкин. Бошқача айтганда монтаж ёрдамида ҳужжатни қайтадан «яратишаяпти». Сўнгги вақтларда бундай ишлар жуда кўп учрамоқда.

Тараққиёт бўлаётган экан, эксперт доимо малакасини ошириб бориши керакми?

– Бизнинг ўзимиз принтер билан ишлаймиз, турли тажрибалар ўтказамиз. Биз билишимиз зарур бўлган белгиларни ўзимиз олдиндан ўртага чиқарамиз. Бизда шунақа ҳолатлар ҳам бўлганди. Рангли принтерда сохта гувоҳнома тайёрланган. Бири Президент аппаратида, бошқаси прокуратура департаментида ишлаши ҳақидаги гувоҳнома билан турли идораларга бориб, шантаж қила бошлаган. Ҳатто яна бир ўзидан мухбир ясаган шахс сохта ҳужжат билан бозорга бориб таъмагарлик ҳам қилган. Биз ҳужжатларнинг сохта экани баробарида, улар айнан қайси принтерда тайёрланганини ҳам аниқлаб бердик.

Энг сўнгги ишларингиз қандай жиноятлар билан боғлиқ?

– Ҳозирда кредит билан боғлиқ ҳужжатларга тез-тез дуч келаяпмиз. Одамларнинг ўзлари билмаган ҳолда, улар номига кредит расмийлаштирилган ҳолатлар кўпайган. Карталаридан пул олинаверади ва улар пуллари қаерга кетаётганини билишмайди. Ёки МИБдан талабнома келганда, улар ҳайрон. Кейин аниқ бўладики, улар кредит учун ҳеч қачон ариза ҳам беришмаган. Яқинда бир аёл келди, кўз ёшлари шашқатор. Ёши улуғ, пенсионер онахон. Унинг пластик картасидан қандайдир кредит учун пул олинаяпти экан. Аёлнинг айтишича, 4-5 ойдан буён унинг пенсиясидан пул чегирилган. «Мен кредит олмаганман, менинг бунақа қарзим йўқ» дея ўксинади. Онахон ички ишларга ҳам, прокуратурага ҳам, судга ҳам мурожаат қилган. У кредит борасида банк билан тузилган шартномани экспертизага тақдим қилди. Шартномадаги имзо билан унинг ўз имзоси намунасини ўрганиб, шартнома бошқа киши томонидан имзоланган деган мутахассис фикрини бердик. Яна бир ҳолатда икки йил муқаддам оламдан ўтган инсон номига кредит очилган. Марҳумнинг аёли «йиғлашимни ҳам, кулишимни ҳам билмайман» дегани эсимда қолган.

– Суҳбатимиз бошида ҳужжатларнинг техник эскпертиза ҳақида маълумот бераётиб купюра деган сўзни тилга олдингиз...

– Ўзимизнинг сўмимизнинг қалбаки кўринишлари, шунингдек, долларларни ҳам бизга олиб келишади. Органлар, департамент томонидан тақдим қилинади. У қандай усул билан тайёрланган, фабрикадами ёки қўлбола усулдами, деган савол олдимизга қўйилади. Шу асосда унинг қалбаки ёки ҳаққонийлиги ҳақида хулоса берамиз.

– Хат-ёзув, ҳужжатлар билан боғлиқ фирибгарликлар мавсумий ёки қандайдир даврийлик билан изоҳланадими?

– 6-7 йил авваллари бизда сохта дипломлар жуда кўп эди. Ҳозирда бу иш тўхтади ҳисоб. Сохта диплом тайёрлаган фирибгарлар қўлга олинди ва уларга жиноий жавобгарлик белгиланди албатта. Шунингдек, қалбаки аттестатлар, ДТМ лар бугунда деярли келмаяпти. Ҳозирда энг кўп учраётгани кредит ҳужжатлари қаторида, маош ведомостлари. Корхона, муассаса ёки қайсидир ташкилотда ишлашади, маош олишади. Лекин, дейлик, мукофотни бермай, уларнинг имзосини сохталаштириб ведомостга бошқалар қўл қўйган ҳоллар учраяпти. Ҳатто, маош учун ҳам имзолар сохталаштирган ҳолатлар бу қайсидир жамоадаги «ўлик жонлар»ни аниқлашда қўл келади.

Ўтган йил сўнгида эскпертизадан ўтказиш учун акциз маркалари шунчалар кўпайиб кетдики, бу шов-шувларга сабаб бўлди. Масалан, акциз маркалари ҳам ясама, ҳақиқий эмаслигини аниқлаб бериш орқали улар идишига ёпиштирилган ароқ қалбаки, қўлбола, истеъмолга яроқсиз эканини аниқлаб бердик. Бундай ҳолатлар нафақат иқтисодиёт, балки одамлар соғлиғига хавф солувчи омил эди. Мана ҳозир, бизга йўналтирилган акциз маркалари оқими ҳам тўхтади. Демак, бу борадаги жиноятлар илдизи йўқотилган деган фикрга келамиз. Шуларни эслаганда, ишимизнинг мураккаб жиҳатларини ҳам унутасан, бироз енгил тортасан киши.

Суҳбат учун раҳмат. Эзгулик йўлида ҳорманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг