Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Роҳинжа мусулмонларининг гуноҳи нима?

Роҳинжа мусулмонларининг гуноҳи нима?

Мянма (Бирма) ҳукумати зулмидан Бангладешга қочиб ўтган роҳинжалик мусулмонлар

Фото: «South China Morning Post»

Мянма (Бирма)да давлатида юз бераётган нотинчлик бир неча йилдирки, жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида. Аммо шунга қарамай, ҳозирча у ердаги вазият изга тушгани йўқ.

Халқаро ҳамжамият мазкур мамлакат расмийларини миллий озчилик саналган Роҳинжа (роҳингя) мусулмонлари ҳаётини ва хавфсизлиги, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга йўналтирилган талабларига қарамасдан, вазият деярли ўзгармаяпти.

Август ойидан буён 665 000 роҳинжа мусулмонлари Мянмадаги этник тозалашдан қочиб, Бангладеш ҳудудидан бошпана топган эди. Мянма ҳукуматининг ушбу ҳаракатларини БМТ ва АҚШ этник тозалаш дея баҳолаган.

Роҳинжа мусулмонлари
Фото: CNN

Бундан олдинроқ 300 000 роҳинжалик аллақачон Бангладешдаги қочоқлар лагерларига қочиб келишган эди. Бангладеш ҳукумати шу йили Бирмадаги этник тозалашдан қочиб ўтган қочоқларнинг 100 000 нафарини ўз ватанларига қайтариб юборишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзади «Евронюс». Бу репатриациянинг илк босқичида амалга оширилади.

Иккала ҳукумат вакиллари ноябр ойида репатриация масаласида келишувга эришган эдилар. Ҳужжатга мувофиқ, у 23 январдан бошланиши керак. Қочоқлар масаласи бўйича ҳукумат миссиясига бошчилик қилувчи Камол Озоднинг сўзларига кўра, бугунги кунда Бангладеш ҳудудида 1 миллионга яқин роҳингялик мусулмонлар истиқомат қилишмоқда, баъзилари бир неча ўн йиллардан буён Бангладешда яшаб келмоқда.

Роҳинжа мусулмонлари қочоқлар лагерида. Бангладеш. Текнаф. 2017 йил октябр
Фото: «Reuters»

Роҳинжаларнинг гуноҳ нима?

Маълумки, салкам 60 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Мянмада мусулмонлар узоқ даврлардан бери истиқомат қилиб келишади. Ушбу давлатнинг бир қисми маълум вақт Бобурийлар салтанати таркибида бўлган. Ушбу сулоланинг сўнгги вакили Баҳодур шоҳ Зафар ҳам 1858 йилда инглизлар томонидан Бирмага сургун қилинган ва шу ерда вафот этган.

Бирманинг Аракан (Рокхайн) вилоятида яшайдиган мусулмонлар ўзларини роҳинжа деб атайдилар ва бу ҳудудни ўзларининг тарихий ватанлари деб биладилар. Бирманинг расмий манбалари уларни Бангладешдан келиб қолган деб ҳисоблашади. Бошқа бир тахминларга кўра, роҳинжалар ўрта асрларда денгиз йўли орқали келиб қолган арабларнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан чатишуви натижасида пайдо бўлган. Роҳинжа тилида араб, санскрит ва ҳатто португал тилидан кириб келган сўзлар ҳам учрайди.

Фото: «The Intercept»

Бошқа бир гуруҳ сиёсатчилар Бирмада мусулмонлар ва буддавийлар ўртасидаги кескин адоватнинг илдизларини Иккинчи жаҳон уруши давридан излашади. 1942 йилда буддавийлар ва мусулмонлар ўртасида юз берган тўқнашувларда ҳар икки тарафдан минглаб тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганди.

Ўша йилларда Англиянинг тасарруфида бўлган мамлакатнинг катта қисми япон милитаристлари томонидан босиб олинган, мусулмонлар собиқ инглиз ҳукумати ҳарбийлари билан бир сафда узоқ йиллар партизанлик курашини олиб боришган. Японлар Бирмани инглизлар истибдодидан халос этишга ваъда беришгани сабабли маҳаллий буддавийлар уларни қўллаб- қувватлаган.

Бугунги Бирма ҳукумати раҳбари (бош вазири ва давлат маслаҳатчиси) Аун Сан Су Чжининг отаси Аун Сан японлар кўмагида ташкил қилинган «Бирма Миллий ҳаракати»га бошчилик қилган.

Сонда бору саноқда йўқ

Мянма узоқ йиллар давомида диктатура режими остида қийналиб келди. Илгари мамлакат номи унда яшовчи кўп сонли этник қатламлардан бири — Бирма номи билан аталиши бошқа миллат ва элатларнинг норозилигига сабаб бўлгани учун унинг номини 1989 йилда Мянма иттифоқи деб ўзгартиришган. Мамлакат узоқ муддат ҳарбий диктатура режими остида иқтисодий таназзул, ижтимоий тенгсизлик, сиёсий беқарорлик, миллий ва диний низолар домида яшаб келди.

Фото: «Standnow.org»

Гарчи мамлакат 2010 йилдан бошлаб расман Мянма иттифоқи республикаси деб аталса-да, амалда турли миллат ва элатлар ўртасидаги иттифоқ умуман кўзга ташланмайди. Еттита вилоят маҳаллий ва миллий етакчилар томонидан бошқарилади ва уларнинг кўпчилиги марказий ҳукуматни тан олмайди.

Ана шу тарқоқлик ва бошбошдоқлик роҳинжаларнинг ҳуқуқлари чекланишига, уларга нисбатан ноҳақлик ва адолатсизлик юксалишига сабаб бўлиб келди. Бир миллионга яқин нуфусга эга бўлган мусулмонларнинг жуда оз қисмигагина фуқаролик берилган. Айрим маълумотларга кўра, улар сайлаш ва сайланиш, юқори лавозимларда ишлаш, олий таълим олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилганлар.

Фото: «New Mandala»

Расмий Бирма ҳукумати роҳинжаларни «ноқонуний иммигрантлар», «жангарилар» деб атайди. Уларга қарши жиноятлар асосан полиция ходимлари томонидан содир этилаётгани ҳам расмий ҳукуматнинг уларга нисбатан сиёсатини очиқ-ошкор кўрсатмоқда.

Бугунги вазият қанақа?

2012 йилда ҳам роҳинжаларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилган, юзлаб ушбу миллат вакиллари қирғин қилинганди. 2016 йил октябрида ҳам икки халқ ўртасидаги вазият кескинлашди. Август ойининг охирларида «Аракан роҳинжаларини озод қилиш армияси» томонидан бир қатор полиция участкаларида ҳужумлар уюштирилиши, 15 нафар полициячининг ўлдирилиши вазиятни янада кескинлаштириб юборди.

Маҳаллий ҳукумат кучлари роҳинжаларга нисбатан чораларни янада кучайтириб юборишмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган вақт мобайнида айирмачилар томонидан мусулмонлар яшайдиган бир қатор аҳоли пунктлари вайрон қилинган, уйлар ёндирилган, тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан, аёллар, болалар ва кексалар ўлдирилган. Бир қатор халқаро ташкилотлар бу ҳаракатларни геноцид деб атади.

Фото: «Beritadaily.com»

Айни пайтда, ривожланган Европа мамлакатларидан паноҳ топган Яқин шарқлик қочоқларнинг аҳволи ҳаммага маълум бўлиб турган дамда, аҳолисининг катта қисми муҳтожликда кун кечирадиган, озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар тақчил бўлган мамлакатдан қўним топган мянмалик муҳожирларнинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак.

Бангладеш расмийлари малакат қочоқларнинг янги оқимини қабул қилишга қодир эмаслигини таъкидлашига қарамай, мамлакат чегарасида жуда катта роҳинжалар нажот кутиб турибди. Денгиз орқали мамлакатга кирмоқчи бўлганларнинг айримлари сувга ғарқ бўлмоқда.

Мянмадан келган қочқинлар кўзда ёш билан ўз ватанларида кўрган жабр-зулмлари ҳақида, уйларнинг ёниб кулга айлангани, яқинларининг шафқатсизларча ўлдирилганини ҳикоя қилишмоқда.

Фото: «The Independent»

Ўз навбатида Мянма ҳукумати бу хунрезликларни оқлаш мақсадида роҳинжа партизанларининг маҳаллий буддавийларни ўлдираётгани, уларни талаётганини рўкач қилаётир.

Мақсад нима ўзи?

Албатта, диний ва миллий низолар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолмаган. Бу низолар кимларнинг, сиёсий, иқтисодий ва албатта жиноий мақсадларига хизмат қилиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Мянмадаги можаролар фойдаланувчиларнинг асосий мунозара мавзуларидан бирига айланган.

Мянмалик мусулмонларга нисбатан зўравонлик, қонли манзаралар акс этган фото ва видеоматериаллар дунё бўйлаб тарқалмоқда. Бу эса, қизиққон кишиларнинг қаҳри ғазабини адоватини, нафратини қўзғаши, ёниб турган оловга ёғ сепиши табиий. Тўғри, ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Аммо, «ҳаққоний манзаралар» ким учундир тарғибот, шахсий манфаатлар қуроли бўлиб хизмат қилиши ҳам аввалдан равшан.

Фото: «Huffingtonpost.com»

Бир пайтлар «Ислом давлати» аталмиш террористик ташкилот вакилларининг ғайриинсоний ҳаракатлари ҳам худди шу тахлит интернет тармоғи орқали бутун жаҳон аҳлига намойиш қилинган, бу эса, кўплаб инсонларда терроризмга эмас, мусулмонларга нисбатан нафрат ва адоватни кучайтиришга хизмат қилганди. Таассуфки бу жараён ҳамон давом этмоқда. Бир ҳовуч жаҳолатпараст кимсаларнинг ислом номидан амалга оширган жиноятлари бутун бошли дин ва умматнинг шаънига рахна солмоқда.

Динлар хунрезликни қоралайди

Ислом дини азалдан эзгулик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, ҳамжиҳатлик дини бўлиб келганини ҳеч ким инкор этолмайди. Қуръони карим оятларида, пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида ҳам раҳм-шафқат, инфоқ-эҳсон, бағрикенглик ғоят улуғланади. Зотан инсонларга раҳм қилмаган бандалар Яратганнинг ҳам раҳматидан маҳрум бўлади.

Буддавийлик ҳам қадимий дунё динларидан саналади. Азалда буддавийликда наинки инсонлар, ҳатто бирор бир тирик жонзотни ўлдириш қаттиқ гуноҳ саналган. Қадимги будда роҳиблари оғизларига чивин кириб нобуд бўлмасин учун махсус тўр тутиб юришган. Ҳақиқий буддавий ўз ҳаёти давомида амал қилиши лозим бўлган бешта шартнинг биринчиси ҳеч бир тирик жонга зарар етказмасликдир. Шу боис буддавийлар ўзларини дунёдаги энг инсонпарвар дин вакиллари деб атайдилар. Аммо, Мянмадаги биродаркушлик бунинг аксини кўрсатмоқда. Нега?

Фото: «Reuters»

Сабаби оддий. Дин байроғи остидаги урушларни тарихнинг турли босқичларида, турли дин ва мазҳаб тарафдорлари ўртасида кўришимиз мумкин. Аммо бу урушларнинг асосий мақсадида фақат ўз эътиқодини ҳимоя қилиш эмас, шунчаки тожу-тахт, шон-шуҳрат ва ҳокимиятга интилиш эканини яхши биламиз.

Бугун Яқин шарқда, Мянмада, Афғонистонда, умуман дунёнинг турли ҳудудларида юз бераётган қатлу қирғинларнинг соф диний қарашларга умуман алоқаси йўқ. Азалдан бир ҳақиқат мавжуд: урушларни «доҳий»лар бошлаб берадилар, жоҳиллар давом эттирадилар, аблаҳлар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Улардан фақат бегуноҳ инсонлар азият чекадилар...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг