«Робинзон тили» ёхуд она тилимиз жозибасига ишонинг
Бир ҳолат кўп кузатилганки, русийзабон ҳамюртимизга рус тилида мурожаат қилсак, у бизга соф ўзбек тилида жавоб қайтарганида кўнглимиз яйраб кетарди. Мен бир неча йиллар давомида «Ёшлар» ва «Ўзбекистон» радиоканалларида бошловчилик қилганман. Устозларим Султонпошша Ёқубова, Мухтор Муродов, Муаттар Усмоновалар билан ёнма-ён Мустақиллик ва «Наврўз» тантаналаридан тўғридан-тўғри репортажлар олиб борганмиз.
Хорижлик меҳмонларнинг биридан интервью олар эканман, суҳбатдошимнинг исми-шарифини нотўғри талаффуз қилиб қўйибман ва бунинг учун устозларимдан яхшигина танбеҳ эшитгандим. Аввалига бироз хафа бўлдим. Чунки чет эл оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳақида лавҳалар беришса, ўбекча исмларни бемалол нотўғри талаффуз қилишарди. Тантаналар тугагач, ушбу ҳолатни мисол келтириб, устозларимнинг танбеҳидан ранжиганимни билдирган бўлдим. Шунда Мухтор ака самимият билан шундай деган эди: «Исмимизни тўғри талаффуз қилолмагани учун балки улар айбдордир, лекин биз уларнинг тилида равон сўзласак, вақти етиб, бу муносабатнинг юксак ҳурмат эканлигини ўша миллат вакиллари албатта тушуниб етишади». Устознинг бу гапларидан дилим ёришди ва ноўрин ранжиганимни англаб етдим.
Энди мен бошқа бир жиҳат ҳақида ўйлай бошладим. Агар биз қайсики чет тилини мукаммал ўрганиб, ўша тилда бенуқсон сўзлай олсак, суҳбатимиздан баҳраманд бўлган хорижлик одамнинг хаёлидан: «Суҳбатдошим менинг тилимда шунчалик чиройли гапирса, менинг тилимнинг жозибасини шунчалик кўрсатиб турса, унинг ўз она тилидаги суҳбати қанчалик соз бўларкин-а?! Бундай тилнинг жозибасини тасаввур қилишга ақлим дош беролмаса керак», деган ўй ўтмасмикан?..
Шундай экан, ўзга тилни билмоқ баробарида, улар бизни теран англашлари учун ўз она тилимиз нафосатини кўпроқ намойиш этишимиз керак бўлади. Тилимизнинг нафислиги, жозибасини эса, табиийки, ибратли суҳбатлар, она тили ва адабиёт фанидан олинган катта сабоқлар, бебаҳо бадиий асарлар мутолааси таъминлайди. Демакки, бу борадаги масъулиятнинг залворли қисми яна оила ва таълим муассасаларига тушади.
Биз тилимизнинг сўзлашувдаги ҳолати ҳақида қайғурдик. Энди унинг ривожланган турфа технологиялар кўмагида шаҳарларимиз кўча ва биноларига кўрк бўлиб турган катта-кичик битиклардаги қиёфасини кузатайлик-чи.
Пойтахтимиз ёки вилоят марказлари бўлмиш катта-катта шаҳарлардаги кўплаб серқатнов кўчалар бўйлаб сайр қилсангиз, ён-верингиздаги ресторану савдо шохобчалари, дўконлару улкан реклама тахталари узра кўзга ярқ этиб ташланадиган ўзбекча жумлаларни жуда кам ҳолатларда учратасиз. Бори ҳам ўзбекча бўлса-да, хорижий номдаги машҳур маҳсулотни алқовчи сўзлар. Йўл четидаги чиройли, ихчам ва кўркам безатилган дўкон ва қаҳвахоналарнинг пештоқларига уларнинг номлари рус ва бошқа европа тилларида жуда чиройли, ранг-баранг, диққатни тортадиган қилиб ёзилган. Мижозларни таклиф қилувчи чақириқ сўзлар ҳам ёрқин рангларда ва албатта рус тилида кўзга ташланиб туради. Кенг кўча бўйлаб ўрнатилган улкан реклама паннолари, баланд иморатларнинг катта йўлга қараган ён деворларида бўш жой деярли йўқ. Қайсидир бир савдо маркаси, масалан, кофе дейсизми, чойми, салқин ичимлик, такси хизмати, уяли алоқа, уй-жой қурилиш компанияларининг номлари ёрқин рангларда яшнаб турганини кўрасиз. Гарчи бу ёзувлар рус тилида бўлса-да, ундаги эътибор тортадиган ажойиб суратлар қайсидир маънода шаҳар кўчаларини безаб турганга ўхшайди. Тан олиш керак, булар орасида ўзбекча шиор ва чақирувлар ҳам учраб туради. Улар нималардан иборат? Айтайлик, «Қулликка рози бўлманг!», «Сув – бизнинг беҳабаҳо бойлигимиз», «Бетакроримсан, ягонамсан, Она ватаним, Ўзбекистоним!», «Мустақиллик – ғуруримиз ва ифтихоримиз!», «Соғлом она ва бола фаровонлигимиз рамзи» каби ижтимоий шиорлар ва суратлар кўримсизгина, униқиб кетган рангларда «қимтиниб» туришади. Бундай ўта ғариб ижод намуналарининг баъзиларини серяпроқ дарахт новдалари тўсиб турса, баъзилари ҳеч ким кўрмайдиган томонга осилган. Иккиёқлама паннонинг нариги, ҳаммага яхши кўринадиган томонида эса бренд даражадаги бирор савдо маркасининг рекламаси «ял-ял ёниб» туради. Яна бир баланд бино пештоқидаги катта паннодан Ҳазрат Навоийнинг
«Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами»
деган сатрлари шоирнинг сурати билан бирга жой олган. Аммо бу каби номигагина, хўжакўрсин усулидаги ватанпарварлик ифодалари атрофдаги бошқа реклама тасвирлари соясида кўзга ташланмай ҳам қолади. Пойтахтнинг Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси бўйлаб сайр қилсангиз, йўлнинг Аския бозорига бурилиш қисмида «ватанпарварлик»нинг янада ноёб намунасига дуч келасиз. Яъни, пастқамгина эълонлар тахтасида «2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деган шиорга кўзингиз тушади. Бу нафақат «ватанпарварлик», балки яқин тарихимизга ҳам «катта ҳурмат»ку.
Аксарият ресторан, меҳмонхона, кафе, фирма дўконлари жуда чиройли ва кўркам қурилган, тўйхоналарнинг кўпчилиги шоҳларнинг қасридан-да аъло безатилган. Уларнинг пештоқларига рангдор қилиб ишланган ажнабий номларни ўқиб, «Нима бўпти, азалдан шаклланган меҳмондўстлик анъанасига кўра, замонага хос янгиликларни жорий этяпмиз, меҳмон ўзини ўз уйидагидек ҳис этиши керак-ку», дегимиз келади. Бироқ ўзбекона гўзал номлар билан дунёнинг эътиборини тортишни қачон ўйлаймиз?.. Ахир тараққиётга ҳамқадам турли туман «Sity»(шаҳар)лар қуришга қурбимиз етар экан, аждодларимиз асрлар оша сўзлашиб келган, юксак бадиият билан сайқал топган, улуғ алломаларни дунёга танитган она тилимизни бор гўзаллигича сақламоқ, унинг инжа сўзларидан ўринли фойдаланиб, гўзалликлар яратмоқ учун ҳамма замонлардан кўра бугун имконимиз кўпроқ эмасми? Эҳтимол, Европа тиллари бугунги замон тараққиёт мезонида салмоққа эгадир, аммо гўзал достону ғазаллари билан Ҳазрат Навоийнинг бир ўзи она тилимизга дунё эътиборини торта олганини унутмаслигимиз керак.
«Инсон эканлигимни унутиб қўймаслик учун қушлар, ҳайвонлар, дов-дарахтлар билан тинимсиз овоз чиқариб гаплашар эдим...» Бу сўзлар кимсасиз оролда ночор қолган Робинзон Крузога тегишли эканлигини англагандирсиз. Ҳа, у нафақат атроф-борлиқ билан суҳбатлашарди, балки ўз ҳаёти, ёввойи турмушини ифодалаб, кундалик дафтар ҳам ёзиб борарди. Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси унинг ўз она тилида амалга ошарди. Фақатгина тасодиф, фақатгина мўъжиза уни бу ёлғизликдан халос этиши мумкин. Бунга ишонишнинг ўзи ҳам Робинзон учун минг азоб бўлган бир маҳалда у ўзининг инсон эканлигини, она тилини бир зум ҳам унутмади. Негаки, у фақат бугуннинг ўйи, ташвиши билан яшамасди. Негаки, инсоният ундан кейин ҳам яшайди, миллат ундан кейин ҳам... Йўқ, миллат ҳақида у қадар ишонч ёки у қадар лоқайдлик билан ҳам гапириш ноўриндир. Унинг барҳаётлиги шу миллатга мансуб инсонга боғлиқ. Миллатнинг руҳини эса унинг тили, адабиёти, маънавияти белгилайди.
Шу ўринда ёлғизликдан бошқа ҳеч қандай тазйиқ бўлмагани ҳолда ўз тилини сақлаб қолиш учун курашган Робинзонга ҳавас қилса арзийди. Дов-дарахтлар билан овоз чиқариб гаплашиши бир қарашда ақлдан озган кимсани эслатса-да, аммо шу топда унинг инсон эканлигини белгиловчи ёлғиз омил ҳам ана шу ғалати суҳбатлар эди. Умид билан кундалик дафтар ёзиб бориши эса, ҳар қандай ҳолатда ҳам она тилини сақламоқ йўлида курашмоқнинг яна бир гўзал кўриниши эди.
Давлат тили мақомини олганлигининг ўттизинчи йилини яшаб туриб, бизнинг ўз она тилимиз софлигини сақлаш борасидаги имкониятлардан фойдаланмаслигимиз ўсиб келаётган ёшлар маънавиятига таҳдид қилувчи иллатларга йўл очиб беришга ҳисса қўшиши мумкин, холос. Ўттиз йил ўтса-да, улуғ қадриятимизга бўлган эҳтиромимиз даражаси ҳамон суст эканлигидан қаттиқ уялишимиз керак. Ахир, бугун бизга ўз лоқайдлигимиздан бўлак ҳеч қандай тўсқинлик йўқ-ку.
Сўнгсўз ўрнида эса, қарийб бир аср бурунги қийин замонларда Абдулла Авлоний бобомиз куйиниб битган қуйидаги сўзларни (афсуски, бугун ҳам) эслатмоққа мажбурман: «Ёҳу! Бизга на бўлди?.. Боболаримиз етушғон ва яратган муқаддас тил ва адабиёт бизга ҳеч камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак, йўқолганларини ҳам топармиз. «Йўқолса йўқолсун, ўзи бошимга тор эди», деб Ёврупо қалпоғини киюб, кулги бўлмак зўр айб ва уятдур».
Қувондиқ Сиддиқ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter