Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистонда бола ўғрилари йўқ, лекин болалар йўқолади»

«Ўзбекистонда бола ўғрилари йўқ, лекин болалар йўқолади»

Ëқутой Рустамжонова.

2016 йил, 6 апрел асакалик Ëқутой Рустамжонова оиласи учун оғир кун бўлган эди. Бундан роппа-роса 7 йил олдин айнан шу куни биринчи синф ўқувчиси Ëқутой дарсдан чиққанидан кейин уйига келмаган.

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кўпчилик андижонликлар Ёқутойни қидиришга кўмаклашган эди. Қизнинг сурати кўчалардаги устунларга, дўкон ва уйлар дарвозасига, автомобилларга ёпиштириб чиқилди. Ижтимоий тармоқларда эълон фаол айланди. Фақат милиция ходимлари эмас, бутун Андижон қизалоқни қидиришга бел боғлади. Афсуски, қидирувлар натижа бермади...

Бир одам йўқолиши яқинлари учун катта фожиа. Озгина эътиборсизлик сабаб яқинимизни йўқотиб қўйишимиз, кичик ёшдаги бола оғир аҳволга тушиб қолиши мумкин. Дунё бўйича статистика рақамлари даҳшатли: ҳар йили ўрта ҳисобда 8 миллион нафар бола йўқолар экан. Бу ўртача бир давлат аҳолисига тенг. Ўзбекистонда ҳолат қандай? Йўқолиш, излаш ва топиш жараёнлари самаралими? Умуман бизда бола ўғрилари борми, каби саволлар билан Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти матбуот котиби Шокиржон Ҳошимовга мурожаат қилдик.

Шокиржон Ҳошимов

– Йўқолганлик бўйича ариза бериш ва уни қабул қилиш тартиби қандай?

– Агар бирор шахснинг яқинлари уни йўқолган деб ҳисобласа, ўша заҳотиёқ энг яқин ҳудудий ички ишлар бўлимига ёки куну тун ишловчи 102 рақамига қўнғироқ қилиб, ариза беришлари лозим. Ходим мурожаатни қабул қилади ва тегишлилигига кўра йўналтиради.

– Ариза қабул қилингач, қидирув ишлари қанча вақтда ва қандай бошланади?

– Ўша заҳотиёқ қидирув бошланади. Ҳудуд профилактика инспектори ва тергов тезкор гуруҳи ҳодиса жойига чиқади. Йўқолган шахсни охирги марта кўрган одам, яқинлари билан суҳбатлашилади. Бу суҳбат қидирув йўналишини тўғри тузиб олиш, излашни самарали олиб бориш учун жуда муҳим. Шундан сўнг қидирув комплекс тарзда олиб борилади. Савол-жавоблар вақтида йўқолган шахснинг яқинлари асабийлашиб, тоқатсизланиши кўп учрайди. «Савол-жавоб қилиб гаплашиб ўтирмай, тезроқ қидиришни бошласаларингчи!» дейдиганлар ҳам бор. Биз улардаги руҳий ҳолатни тўлиқ тушунамиз, яқинини йўқотиш оғир. Аммо айтиб ўтмоқчиманки, қидирув гуруҳининг бир ходими суҳбат ўтказаётган вақтда, гуруҳнинг бошқа аъзолари жойларга чиқиб, қидирувни бошлаган бўлади. Савол ва жавоблар эса қидирув йўналишларини аниқ тузиб олишга ёрдам беради.

– Ўзбекистонда болаларнинг ўғирланиш ҳолатлари учраб турадими?

– Вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларда бола ўғирлаб кетилаётгани, бола ўғрилари чиққани ҳақида аудио хабарлар тарқалиб турибди. Айни вақтда бундай ҳолат мавжуд эмас. Ёлғон хабарлар кўпинча телеграмдаги гуруҳ ва каналларда аёллар овози билан тарқатилади.Текшириб кўрганимизда ёлғон ахборот тарқатишдан асосий мақсад гуруҳ ёки канал обуначиларини кўпайтириш экани тан олинган.

– Ўзбекистонда бола ўғрилари йўқ, десак бўладими шунда?

– Ҳа, бемалол айта оламиз. Ўзбекистон ҳудудида болаларнинг ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд эмас. Лекин бу ота-оналарнинг хотиржам бўлишларига асос бўлолмайди. Эҳтиёт чораларини ва болаларга нисбатан эътиборни бир дақиқа ҳам сусайтирмаслик лозим. Чунки болалар билан боғлиқ жиноятлар, афсуски, учраб турибди.

 – Албатта, бахтсиз ҳодисалардан ҳеч ким кафолатланмаган. Айниқса, охирги хабарлар ҳаммамизни ҳушёрроқ юришга чақирмоқда. Телеграм каналларда тарқатилганидек, болани кимдир сотиш мақсадида ўғирлаб кетмаса-да, лекин бола йўқолиб қолиш ҳолатлари учраб туради.

– Мактаб ўқувчилари ёки боғча тарбияланувчилари ота-онаси бехабар бувисиникига ёки бошқа қариндошлариники кетиши, кўчада ўйнаб, адашиб қолиши ҳолатлари учраб туради. Кунига 2-3 та шунга ўхшаш мурожаат ички ишлар органларига келиб тушади ва тез топилади. Бир неча соат ичида бола топилгани учун бундай вазиятларда қидирув эълон қилинмайди.

– Расман қидирув эълон қилинган ҳолатлар қанчалик кўп?

– 2023 йилнинг ҳозирги даврига нисбатан олиб қарасак, 57 нафар шахсга нисбатан бедарак йўқолганлиги учун қидирув эълон қилинган ва улардан 52 нафари топилган. Қолган беш нафарини қидириш бўйича тезкор қидирув тадбирлари давом этмоқда. Бу юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, расман қидирув эълон қилинган ҳолатлар. Йўқолиб, бир неча соат ичида топилган шахслар бу рўйхатга киритилмаган.

– Катта одам ва болани қидириш бир хил тартибда олиб бориладими?

– Мурожаат қабул қилингач, қидирув бир хил бошланади. Охирги гаплашган одамнинг кўрсатмалари, йўқолган шахснинг ўзига хосликлари инобатга олиниб, иш бошланади. Фақат руҳий хасталиги бор одамни қидириш бироз мураккаб. Бундай ҳолатда қидирилаётган шахс умуман кутилмаган манзилдан топилиши мумкин. Руҳий носоғлом одамнинг адашиб қолгани ҳақида кўпинча бошқа шахслар хабар беради ва шу асосда тезроқ топилади.

– Мурожаатларнинг кўпайиб-камайиб туришига мавсум ҳам таъсир қиладими?

– Мавсумнинг таъсири бор. Масалан, қиш ойларида совуқ бўлгани учун ёши катта қарияларимиз кўпроқ уйда бўлади. Баҳор бошланиши билан руҳий хасталиклар қўзғаши, қишлоқ жойларда кўпчилик дала ишларига чиқиб, ёши улуғлар уйда ёлғиз қолиши ва кўчага чиқиб қайтиш йўлини, манзилини тополмай адашиб қолиш ҳолатлари кўп учрайди. Шунга кўра, баҳорда аризалар кўпроқ тушади.

– Ёш масаласида бу қандай? Кўпроқ қайси ёшдагилар йўқолади?

– Иккиланмай, ўсмир ёшдаги – 14-17 ёшлилар дейиш мумкин. Бу даврда ёшлар ҳиссиётларга берилувчан, мустақил яшашга, мустақил пул топишга интилувчан бўлади ва уйдан бедарак чиқиб кетади. Мана, яқинда вилоятлардан бирида шундай ҳолат бўлди. Ўқувчи ота-онаси билан келишмай, уйдан чиқиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ўша ўсмир йигит Тошкент вилоятидаги новвойхоналардан бирида ишлаётганлиги аниқланди ва уйига – ота-онаси бағрига етказилди. Ўсмир билан суҳбатлашилганда, бола мустақил пул топиб яшамоқчи бўлгани, ота-онаси эса ҳозир ўқиши кераклигини айтиб, ишлашга рухсат бермагани учун чиқиб кетганини айтди. Ўсмирларда бундан ташқари, ўқитувчиси, дўстлари, синфдошлари билан келишолмай, кетиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Ҳар қандай вазиятда ўтиш давридаги бола билан муомала қилишда эҳтиёткорроқ бўлиш керак.

– Туғруқхоналарда чақалоқ йўқолиши ёки ўғирлаб кетилиши ҳолатлари учрайдими?

– Туғруқхонада чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар учрайди. Масалан, ота-онаси ўз фарзандини сотмоқчи бўлган жиноятлар каби. Лекин ўғирлаб кетилиши йўқ.

– Бир неча йиллардан буён топилмаётган, бедарак йўқолган болалар ҳам бор. Масалан, асакалик Ëқутой Рустамжонова етти йилдан буён изланмоқда. Болаларнинг бундай узоқ вақт топилмаслигига сабаб нималар бўлиши мумкин одатда?

– Афсуски, одатда жиноят билан боғлиқ бўлади.

***

Худди шу мавзуда Ўзбекистондаги биринчи ва ягона қидирув-қутқарув отряди УзАлерт маъмурлари билан ҳам суҳбатлашдик. УзАлерт қидирув-қутқарув отряди 2020 йил 10 декабрда тузилган. Алерт — тревога (сигнал) маъносини беради. УзАлертнинг ташкил этилиш тарихи бир қизнинг йўқолиши билан боғлиқ. Қизини қидираётган онага кўнгиллилар ёрдам бериш учун гуруҳ тузиб, унга дўстлари, яқинларини қўшишади. Бу гуруҳ вақт ўтиши билан катталашиб, бефарқ бўлмаган фаоллар билан кенгайиб, мана, бугунги даражасига етиб келди. Ҳозирда УзАлерт ўз сафини кенгайтириб, ўсишда давом этмоқда.

 — УзАлерт қандай тартибда ишлайди?

Отряд иши маъмурият ва волонтёрларнинг ўзаро келишуви асосида боради. Биз қидирувни йўқолган шахснинг қариндошлари ички ишлар ходимларига ариза билан мурожаат қилгач, яқинлари розилиги билан бошлаймиз. Баъзан тезкор қидирув ходимларининг ўзлари бизга ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкин. Бундай ҳолда қидирувдаги шахснинг қариндошларига қўнғироқ қилиб, ёрдам таклиф қиламиз. Қариндошлар рози бўлса, ишга киришамиз.

Қидирув йўқолган шахс ҳақида маълумот тўплашдан бошланади. Маълумотлар асосида йўналиш тузамиз ва эълонни барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга жойлаштирамиз. Эълонни кенгроқ тарқатишда оммавий ахборот воситалари ёрдам беради. УзАлерт маъмурияти дарҳол шифохона, морг, ибодатхона, руҳий касалликлар диспансери, болаларни қабул қилиш марказлари, шунингдек, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари билан боғланади.

Отряд маъмурлари ва кўнгиллилар эълонни ижтимоий тармоқларда тарқатишади. Қидирув йўналишларини янада аниқлаштириш учун пиёда излашга чиқилади. Пиёда қидирувга чиқмаганлар эса қидирувга оид деталларни излаб, бошқаларни хабардор қилиб туради. Бу қидирувни мувофиқлаштириб, йўналтиришга хизмат қилади.

— Ҳозирда УзАлертда қанча одам ишлайди?

— УзАлерт маъмуриятида 15 киши бор. Бироқ таркиб турли сабабларга кўра ўзгариб туради. Бундан ташқари, бизда «Фаол» гуруҳи бўлиб, унга биринчи бўлиб ёрдам сўраб мурожаат қиламиз. «Фаол»да 79 нафар кўнгилли ишламоқда. Улар бизга йўналишларни жойлаштириш, шошилинч пиёда қидириш, жўнаб кетиш ва ташкилотларга қўнғироқ қилишда ёрдам беради. Бутун мамлакат бўйлаб эса 10 000 дан ортиқ волонтёрлар мавжуд. Биз ҳеч қачон волонтёрлар статистикасини юритмаганмиз. Чунки гуруҳларимиздаги кўнгиллилар сони ҳар хил ва ўзгариб туради. Ҳар бир хоҳловчи волонтёр бўлиши мумкин, бунинг учун исталган гуруҳимизга қўшилиш кифоя.

 — Иш вақти белгиланганми?

— Аниқ иш тартиби йўқ. Чунки куннинг исталган вақтида одам йўқолиши мумкин. Шунинг учун админлар УзАлертнинг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларини кечаю кундуз кузатиб, назорат қилиб боради. Йўқолганларнинг яқинлари, ички ишлар ходимлари билан доимий алоқада бўлади.

— Волонтёрликка кимлар қабул қилинади?

— Ўз шахсий ҳаёти, оиласи, иши, кундалик фаолиятидан ортиб, қийинчиликка тушиб қолган, йўқолган одамга ёрдам бериш учун вақт ва маблағ сарфлашга тайёр исталган одам УзАлертга қабул қилинади. УзАлерт кўнгиллилари қийинчиликка тушиб қолган одамга ёрдам бериш учун шахсий режаларини ўзгартиришига, уйқу ва дам олишни қурбон қилишига тўғри келади. Биз доимий равишда сафимизни тўлдириб борамиз ва Сизларни ҳам «бу бировнинг бахтсизлиги» деган тушунчадан йироқ кўнгилли бўлишга чақирамиз. Бизга қўшилинг!

— Отряд ташкил этилгандан буён қанча одамни топишга муваффақ бўлди?

— 750 киши топилди, 773 та қидирув йўналиши тузилиб, тарқатилди.

УзАлерт фақат Тошкент шаҳрида фаолият олиб борадими?

Қидирув-қутқарув гуруҳи асосан Тошкент шаҳрида иш олиб боради. Лекин одам йўқолиши ҳудуд танламайди. Шунинг учун бутун Ўзбекистон бўйлаб иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирда деярли барча вилоятларда кўнгиллилар бор. Шунингдек, турли мамлакатларнинг қидирув гуруҳлари билан ҳамкорлик ҳам қиламиз. Юртимизнинг қайси ҳудудида бедарак йўқолган одам бизнинг ёрдамимизга муҳтож бўлса, биз тайёрмиз.

Давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик борми?

Кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаймиз. Хусусан, ички ишлар бўлимлари, болалар мослашув маркази, Миллий гвардия, бахтсиз ҳодисалар бюроси, «Меҳр-саховат уйи», руҳий касалликлар диспансерлари ва турли шифохоналар ходимлари, 3/15/30 кунлик вақтинчалик ҳибсхоналар, Яндекс Go, шунингдек, алоҳида зарурат туғилганда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ғаввос ва кинологлар билан ишлаймиз.

Бир ҳафтада ўртача нечта ариза келиб тушади? Фаслга қараб аризалар кўпайиб ёки камайиб турадими?

— Ҳафталик аризалар сонини ҳисоблаб бормаймиз. Аммо фасллар алмашинуви йўқолишлар сонига таъсир қилади. Масалан, баҳор ва куз бошланиши билан, кексалардаги сурункали руҳий касалликлар, деменция, Альцгеймер кучаяди. Баҳор ўсмирларга ҳам таъсир қилади. Бу эса йўқолишлар сони ортишига сабаб бўлади.

— Кўпроқ қайси ёшдагилар йўқолади?

— Кўпинча ўсмирлар – 14-18 ёшлиларнинг яқинлари мурожаат қилади. Ўсмирлар ота-онанинг илиқ меҳри етишмаслиги ёки аксинча, ҳаддан ташқари кўп эътибордан, мактабда ёмон баҳо олгани каби сабаблар туфайли уйдан кетиб қолиши кўп учрайди.

Кекса одамлар ҳам кўп йўқолади. Баҳор – қарилик касалликларининг кучайиши. Кекса одам қаерга ва нима учун кетаётганини англаб, таниш йўл бўйлаб дўконга борган, лекин ортга қайтиш йўлини унутиб қўйган пайтлари бўлади. Хотира бузилишининг оғир босқичларида кексалар ўз исмини, қариндошларини, қаерда яшашини эслолмаслиги мумкин. Агар қари киши бир марта адашиб, йўқолган бўлса, бу яна содир бўлиши мумкин. Қариндошлар доимо ҳушёр бўлишлари ва уни қаровсиз қолдирмасликлари керак.

— Ҳозирда УзАлерт отряди олдида қандай муаммо ёки қийинчиликлар бор?

Асосий муаммо волонтёрлар етишмаслиги билан боғлиқ. Афсуски, шаҳар ва вилоят марказидан узоқда биз ҳақимизда кам билишади. Бизга эса нафақат катта шаҳарлар, балки кичик туман, қишлоқлардан ҳам кўнгиллилар керак. Шунда қидирув анча осонлашади. Биз дуч келадиган энг катта қийинчилик — бефарқлик! УзАлерт отряди Ўзбекистоннинг барча аҳолисини янада ҳушёр бўлишга чақиради. Адашиб қолган одамнинг уйига қайтишига айнан Сиз сабабчи бўлишингиз мумкин.

Бирор яқинингиз йўқолди, нима қилиш керак?

Оила аъзоларингиздан бири ёки яқинингизни йўқолди, деб ҳисоблаяпсиз. Бундай вазиятда нима қилиш ва қилмаслик керак? Тезкор-қидирув департаменти матбуот хизмати ва УзАлерт қидирув-қутқарув отряди маълумотлари асосида тайёрланган қўлланма:

  • Яқинингиз кеч қолганда огоҳлантирар эди. Бу сафар қўнғироқ қилмади, телефони ҳам ўчирилган ёки жавоб бермаяпти. Аввало ҳамкасб, курсдош, синфдошлари билан боғланиб, сўранг. Улар ҳам бехабар, ишхона ёки ўқишдан уйга қараб кетган ва уйга етиб келмаганми?
  • 102 рақамига қўнғироқ қилинг ёки энг яқин ҳудудий ички ишлар бўлимига  мурожаат қилинг. Ўзингиз билан шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат ва йўқолган одамнинг суратини ҳам олишни унутманг. Ички ишлар ходимлари ҳеч қандай куттиришларсиз, аризангизни дарҳол қабул қилиши ва қидирувни бошлаши керак. Аризангизни қабул қилган ходимнинг телефон рақамини олинг.
  • Шундан кейин йўқолган одам бориши мумкин бўлган манзиллардан қидириш лозим. Аммо бир ўзингиз барча манзилларга боришга улгурмайсиз. Шунинг учун УзАлерт қидирув-қутқарув отрядига телефон қилинг (+99888 198-06-10) ёки УзАлерт қидирув гуруҳининг телеграмдаги ва исталган ижтимоий тармоқлардаги маъмурлари билан боғланиб, ёрдам олишингиз мумкин.

Нима қилмаслик керак?

Ички ишлар ходими 2-3 кунсиз аризамни қабул қилмайди, кейин жарималар ҳам тўлатиши мумкин, деб мустақил қидиришни давом эттирманг. Йўқолган одам топилгач, ҳеч қандай жарималар тўланмайди. Йўқолгач бир неча кундан кейин ариза қабул қилинади, деган тартиб ҳам йўқ.

Йўқолган одамнинг телефони ишлаяпти, лекин у қўнғироқларга жавоб бермаяптими? Тинимсиз қўнғироқ қилишдан сақланинг. Батарейкаси тугаб, бутунлай алоқасиз қолиши мумкин. Ҳар қандай вазиятда телефони ишлаб турган одамни қидириб, топиш осонроқ.

Дилроз Абраева тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг