Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбек тилини ўрганаётган корейслар кўпаймоқда» — Кореядаги ўзбек талабаси

«Ўзбек тилини ўрганаётган корейслар кўпаймоқда» — Кореядаги ўзбек талабаси

Фото: «Xabar.uz»

Маълумотларга кўра, марказий осиёликларнинг ҳар бешинчи вакили бир бор бўлса-да Кореяга боришни хоҳлайди.

«Хориждаги ватандошлар»нинг бу галги меҳмони Корея Республикасида ўқиётган ҳамюртимиз Сарвар Алиқулов. Қаҳрамонимиз Инчхон шаҳридаги Инҳа университетининг IT ва Бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил олади.

— Сарвар сиз билан яқиндан танишиб олсак?

Жиззах шаҳрида туғилганман. Оилада 4 фарзандмиз. Акам, мен ва укаларим бор. Ота-онам ўқиш ва тарбиямизга талабчан инсонлар. Шу билан бирга, қизиққан соҳамизда ўзимизни синаб кўришимизга ҳам эркинлик беришган.

Оилангиз сизни қўллаб-қувватлаб, қизиқишингизга тўғри йўналиш берса, ўйлаган мақсадларингизга эришишингиз осон бўлади, деб ҳисоблайман. Мисол учун, акамнинг Тошкент давлат юридик университетига грант асосида ўқишга кириши менга катта мотивация бериб, ўз устимда кўпроқ ишлашимга ундади. Устозларимнинг берган билимлари ва ҳаракатларим орқали Инҳа университетига грант асосида талабаллика қабул қилиндим. Ҳозирда IT ва Бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил оляпман.

Фото: «Xabar.uz»

— Нима учун айнан Кореяда ўқишга қарор қилдингиз?

— Оиламизда болалигимиздан хорижий тиллар, хусусан инглиз тилини ўрганишимиз учун яхши шароитлар яратиб берилганди. Шу боисдан мактаб давриданоқ чет элда ўқиш истаги бўлган. Албатта, айнан Кореяда таҳсил олиш фикри бўлмаган. Ўша пайтда АҚШ ёки Европа мамлакатларидан бирида ўқиш иштиёқи кучли эди. Аммо, вақт ўтиб Ўзбекистон-Корея алоқаларининг ривожланиши ва Кореяда хорижлик талабаларга яратиб берилаётган шароитлар ортидан шу ерга келишга қарор қилдим.

— Сиз ўқиётган таълим муассаси ҳақида таассуротлар қандай?

Университетимиз Инчхон шаҳрида жойлашган. Шаҳар ўзининг замонавий бинолари, гўзал табиати ва сайёҳлар учун қулай дам олиш соҳиллари билан машҳур. Шаҳар денгизга туташ бўлганлиги учун ҳавоси ҳам салқин ва тоза. Умуман, ажойиб шаҳар.

Инҳа университетида талабаларга барча зарур шароитлар яратилган. Энг эътиборимни тортган жиҳатлардан бири — бу ерда талабаларга кийиниш борасидаги чекловларнинг йўқлиги бўлди. Ўйлашимча, талабанинг қай даражада билим олиши ва инсонийлиги кийган кийимига қараб ўлчанмайди. Аминманки, талабага қулайлик ва эркин муҳит унинг чуқур билим олиши ва ўзлаштиришига ёрдам беради.

Университетда 20 мингга яқин талаба таҳсил олади ва 24 соат хизмат кўрсатадиган кутубхона мавжуд. Инҳа мамлакат бўйича кучли 10 таликка ва дунё рейтингида 600 таликка кирган.

Фото: «Xabar.uz»

— Йўналишингизнинг дунёдаги аҳамияти қандай ва соҳангиз Ўзбекистон ривожи учун қай даражада муҳим?

Бугунги кунда IT ва Бизнес бошқаруви шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ҳаётимизни янада қулайлаштиришга бўлган интилиш ушбу йўналишнинг нақадар катта аҳамият касб этишини кўрсатади. Соҳа мутахассисларига бўлган талаб ҳам кучли. Биргина, Норвегия давлатида мутахассислигим бўйича, норвег тилини билмасдан, ҳаттоки дипломсиз юқори ойлик маош олиб ишлашингиз мумкин. Кореяда ҳам дастурчиларга яхши ҳақ тўлашади.

Ўзбекистонда бу соҳа эгалари анчайин кам. Соҳани ҳар томонлама тараққий эттириш ишлари олиб борилаётганини кузатиб боряпман. Буни яқинда фаолиятини бошлаган IT-Park мисолида кўриб, жуда хурсанд бўлдим.

— Корея, корейс халқи, уларнинг маданияти ҳақида нималар дея оласиз?

Кореяга келган илк кунларимданоқ корейсларнинг маданиятли ва хушмуомала халқ эканлигига гувоҳ бўлдим. Мулоқотда суҳбатдошига нисбатан жуда ҳурматли. Гапингизни диққат билан эшитишади.

Қолаверса, йўлларда автомобил ҳайдовчиларининг ниҳоятда босиқ эканлиги ҳайратлантирган. Боиси, уларнинг ҳар қандай вазиятда ҳам шовқин солиш, сигнал чалиш одатларини ҳалигача кўрганим йўқ.

Шунингдек, Кореяда талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг ишга жойлашиш мобайнида катта рақобат кечади. Одатда, бошқа давлатларда битирувчиларнинг университетдаги баҳолари эмас, балки уларнинг касбий қобилиятларига қараб иш берилади. Аммо бу ердаги аксарият иш берувчи ташкилот ёки компаниялар талабаларнинг баҳолари ва академик ютуқларига кўпроқ эътибор қаратишади.

Яна бу ерга келиб мени энг қувонтирган ҳолат — корейсларнинг Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ таассуротга эга эканлиги ва ўзбек тилини билувчи ҳамда ўрганаётганларнинг кўплиги бўлди.

— Келгусидаги режалар қандай?

Келажакдан умидларим катта. Олдимга қўйган мақсадларимга эришиш учун ҳаракат қиляпман. Ҳозирги кунда ўқишдан ташқари YouTubeда влоггерлик фаолияти билан ҳам шуғулланяпман. Саҳифам орқали Кореяда турмуш тарзи, хорижлик талабаларга яратилган шароитлар ҳақида видеоконтентлар бериб боряпман.

Шунингдек, келгусида магистратурани АҚШ ёки Европада ўқиб, Ўзбекистон учун етук мутахассис бўлиб қайтиш ниятидаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг