Озарбайжон Россия билан келишганмиди?
Кеча, 19 сентябрь куни кутилмаганда Озарбайжон Қорабоғда «аксилтеррор» амалиётини бошлаганини эълон қилди ва Озарбайжон қўшинлари Қорабоғдаги Хонкенди чегарасида жойлашган арман ҳарбий истеҳкомларини артиллерия қуролларидан ўққа тута бошлади.
Озарбайжон томонининг таъкидлашича, Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги Арманистон қуролли кучларининг бўлинмалари Озарбайжон армиясининг Агдам вилояти йўналишида жойлашган позицияларини турли хил қуроллардан шиддатли ўққа тутган.
«Xabar.uz»нинг доимий эксперти, сиёсатшунос Фарҳод Каримов Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юзага келган муаммо бўйича ўз фикрини билдирди.
Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, шу вақтгача Арманистон 2020 йилда эришилган сулҳ шартларини бажармасдан келган. Озарбайжон Арманистондан ўша келишув шартларини бажаришни талаб қилмоқда.
«2020 йилда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган можаро фаол босқичга ўтганидан сўнг сулҳ имзоланиб, уруш ҳаракатлари тўхтатилганди. Келишувга кўра, Қорабоғ ҳудуди Озарбайжон тасарруфига ўтиб, Арманистон бу ҳудуддан ўз қуролли кучларини олиб чиқиб кетиши керак эди. Лекин икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси имзоланмай қолди. Яъни, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сиёсий можаро охиргача ҳал этилмай қолган эди.
Бугун ўртадаги муаммо яна фаол босқичга кўтарилди. Чунки Озарбайжон 2020 йилдан буён икки ўртада келишилган сулҳга кўра, Арманистондан Хонкенди ҳудудидаги армия ва сиёсий кучларини олиб чиқиб кетишини талаб қилиб келади. Аммо Степанакер (Хонкенди) автоном республика сифатида қолди. Бу тан олинмаган республика Арманистон томонидан бошқариб келинган. Бугун Озарбайжон 2020 йилда сулҳ шартлари бажарилмагани важи билан Хонкенди ҳудудида Арманистон армиясига қарши «аксилтеррор» ҳаракатларини бошлади ва Арманистондан 2022 йилда келишилган сулҳга биноан, бу ҳудуддаги барча сиёсий ва ҳарбий кучларни олиб кетишни талаб қилди», – дейди Фарҳод Каримов.
Шунингдек, сиёсатшунос Хонкенди ҳудудида Россия тинчликпарвар кучлари бўла туриб, Озарбайжон нима учун ҳарбий куч ишлатганини айтиб ўтган.
«2020 йилда Хонкенди ҳудудига Россиянинг тинчликпарвар кучлари киритилган эди. Яқинда Россиянинг Сочи шаҳрида Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида ўзаро учрашув бўлиб ўтди. Учрашув асосий масала дон йўлаги бўлган бўлса, иккинчи масала – Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар бўлди. Айрим оммавий ахборот воситалари Путин ва Эрдўғон айрим масалада келиша олмади деб хабар берди. Икки лидер келиша олмаган масала бу – Хонкенди ҳудуди эди. Яъни, Озарбайжон Туркия орқали Россияни огоҳлантирган бўлиши мумкин. Чунки Россия бу ҳудуддаги автоном республикани қўллаб-қувватлар эди.
Шунинг учун ҳам Россия ҳозирда кескин ҳаракат қилмаяпти. Ваҳоланки, бу ерда фаол ҳарбий ҳаракатлар бўлмоқда. Арманистон бўлса бу ҳудудда ўз армияси йўқлигини айтди. Шундан сўнг Озарбайжон бу ҳудудда агар Арманистон ҳарбийлари бўлмаса, демак ушбу кучлар террорист эканлигини билдириб, уларга қарши «аксилтеррор» амалиётини бошлади. Ҳозир ҳамма бу муаммо тезроқ тугатилишини кутмоқда. Ўйлайманки, 2020 йилда келишилган сулҳга ҳар икки томон ҳам амал қилса, бу муаммо тугайди», – деди сиёсатшунос.
Маълумот учун, бироз аввал Арманистон Озарбайжон талабларини қабул қилиб, ҳудуддан ўз қўшинларини олиб чиқишга рози бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter