Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Одамлар нега табибга боради, «сеҳрли шифо»нинг сири нимада?

Одамлар нега табибга боради, «сеҳрли шифо»нинг сири нимада?

Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, инсон бирор дардга чалинса ундан тезроқ фориғ бўлишни истайди ва даволанишнинг энг осон усулини танлашга интилади. Бунда одамлар кўпинча халқ табобати усулларига ёки илоҳий шифога мурожаат қилади. Нега дейсизми?

Аввало, поликлиникадаги шифокор билан, табибларнинг беморга индивидуал ёндашуви фарқ қилади. Оқ халатга болаликданоқ қўрқув уйғотилади. Қолаверса, жиддий қиёфадаги медицина вакили беморни текшираркан, олдиндан бирор умидли гап айтмайди. Унинг дардини совуққонлик билан тинглаш баробарида, эътиборини тиббий варақаларини тўлдиришга қаратади. Камига беморни қон ва бошқа таҳлилларга, ҳар хил ускуналар текширувига юборади... Шу тарзда ойлик маошга ишлаб, бемордан атаганини оладиган шифокордан фарқли равишда, айтганини дангал оладиган табиблар мижоз билан хушмуомалада бўлади, ишонтиради, умидлантиради. «Ихлос қилсанг чўпдан», деганларидек, уларнинг «мўъжизали муолажаси» баъзиларга ижобий таъсир кўрсатади. Қандай дейсизми?

Уларга қатновчи «ихлосманд»ларнинг кўпчилигини содда кишиларни ташкил этади ва бу жараёнда бионур ёки бошқа бир илоҳиёт «соҳиби»нинг ишонч билан бажарган муолажаси, «уч кунда тузалиб кетасиз, туринг энди соғломсиз...» каби ундашлари, беморнинг марказий асаб тизимига «ишонч» сигнали бўлиб боради ва шу орқали вақтинча ўзини енгил сеза бошлайди. Шу тарзда «табиб»га бўлган ихлос-эътиқодлари янада кучая боради. Дарҳол ўша «табиб»нинг «қўли енгил»лиги ҳақида лоф ура бошлайдилар ва ноодатий йўллар билан даволашга даъвогарлик қилаётган фирибгар-табибларнинг қабули «гуллашига» сабабчи бўлишади. Аммо вақт ўтиб, бу «мўъжизали муолажа»нинг пучлиги маълум бўлади.

Касалликни даволашдаги энг муҳим омил бу — аввало тўғри ташхис қўйиш. Касалликлар турли бўлиб, уларнинг муолажаси бир-биридан фарқланади. Ҳақиқий табиб бу жараёнда – беморнинг томир уришини текширади, тананинг тегишли қисмини қўл билан пайпаслаб кўради, ташхис қўяди, кейин беморнинг мижозидан келиб чиқиб даволаш усулларини қўллайди. Шундай экан, қандай қилиб, дарди ҳар хил беморларнинг барчасини бир хилда белини силаб-силтаб даволаш мумкин?

Кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган қўқонлик табибнинг муолажа сеансларида асосан шу тарздаги хатти-ҳаракатлар кузатилади. Шунингдек, бир сафар Ўзбекистонга келган курдистонлик «табиб» Мулла Маҳмуд Ҳасаннинг ҳам қабулига минглаб беморлар муштоқ бўлган эди. Бироқ унинг «мўъжизали муолажа»си ҳам вақтинчалик эканлиги маълум бўлганди.

Аслида табобат илми амалиётининг 70-80 фоизи доривор ўсимликлар, доривор жониворлар ва табиий маъданлар орқали қўлланилади. Биз юқорида номини келтирган «табиб»лар эса бу унсурлардан ҳеч бирини қўлламаган. Балки инсон руҳияти орқали, гипноз ва экстрасенслик қобилиятларидан фойдаланиш орқали даволашга уринган.

Табиб — табиат ато этган неъматлардан фойдаланиб, бирор касалликни даволайдиган шахс. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган нормага кўра, у ўсимлик, ҳайвон ва маъдандан фойдаланган ҳолдагина табобат билан шуғулланиши мумкин ва диний маросим, сеҳр-жоду табобат деб аталмаслиги алоҳида таъкидланган. Демак, аҳолининг ишончи ва эътиқодидан фойдаланиб, ноодатий йўллар билан даволовчи бу сохта табибларнинг «муолажаси» белгиланган нормаларга тўғри келмайди.

Бугун халқ хизматида яна бир турдаги табиблар: «ширин ёлғон эффекти» асосида даволовчилар ҳам кўп учраб турибди. Улар беморга таъсирсиз, аммо «мўъжизавий» деб ишонтирган малҳамни бериб, плацибо эффектини қўллайди: бунда беморни ишонтириш, онг ости билан ишлаш каби механизмлардан фойдаланади ва баъзи касалликларда бу вақтинчалик фойда бериши мумкин. Аммо жарроҳлик ва бошқа шошлинч амалиёт талаб этадиган касалларга бу акс таъсир кўрсатади.

Шунга кўра, даволашнинг самарали, арзон ва безарарини танлашда авваламбор инсоннинг ўзида тиббий маданият шаклланган бўлиши лозим. Бунда замонавий тиббиётнинг илмий асосланган ва клиник амалиётда ўз тасдиғини топган муолажасини танлашадими ёки халқ табобати тажрибасига таянишадими ўзлари ҳал қилишлари лозим. Аммо асло соддалик билан ноанъанавий тарзда «сеҳрли муолажа» таклиф этувчиларга бормаслиги, улардан эҳтиёт бўлмоқлари лозим. Зеро, бугун — медицина замони.

Туғилганимизданоқ шу муҳитга тушамиз, пахта, бинт билан танишамиз, турли касалликларга қарши эмланамиз. Истаймизми-йўқми, атроф-муҳит, экология бузилиши, сунъий таомлар, зарарли одатлар танамизни анча «эринчоқ» қилиб қўйган. Вируслар мутацияга учрамоқда, микробларнинг яшовчанлиги кучаймоқда ва бу ҳолатда юқорида таъкидланган бирорта «сеҳрли муолажа»нинг кор қилиши амримаҳол.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг