Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лукашенкодан навбатдаги фитнакор баёнот. Бу гал узр сўраладими?

Лукашенкодан навбатдаги фитнакор баёнот. Бу гал узр сўраладими?

А.Лукашенко Тошкент аэропортида. 2018 йил. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Расмий Тошкент Ўзбекистоннинг Россия ва Беларусни ўз ичига олган Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотга жавоб берганидан хабарингиз бор.

ТИВ расмий муносабатида ҳодисаларни ёритишда холислик ва бетарафликни даъво қиладиган баъзи чет эл нашрлари айрим хорижий давлатлар раҳбарларининг Иттифоқ давлатини кенгайтириш ва унга Ўзбекистоннинг қўшилиши ҳақидаги асоссиз фикрларини тарқатишда давом этаётгани таъкидланади. Шунга кўра, Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан дўстона муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган иғвогарона ҳаракатларга йўл қўймаслик уқтирилади.

Хўш, «холислик даъво қилувчи чет эл нашри» деганда қайси ОАВ назарда тутилган? «Айрим хорижий давлат раҳбарлари» деганда-чи?

Гап шундаки, жорий йил 28 апрель куни Беларусь президенти Александр Лукашенко Россиянинг Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев билан учрашувда собиқ Иттифоқ республикалари ҳам Иттифоқ давлатига қўшилишига ишонч билдирган эди.

Бунинг ортида Кремлнинг асосий пропаганда жарчиларидан саналган «Sputnik» нашри Лукашенко Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Иттифоққа қўшилишини башорат қилгани ҳақида хабар тарқатди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги эса бунга жавобан юқорида эслаб ўтилган баёнотни берди. Ижтимоий тармоқда ҳам Лукашенконинг бошқа давлатларга сиёсий босим деб баҳолаш мумкин бўлган баёноти ҳамда «Sputnik»нинг «ноғора чалгани» қизғин мунозара уйғотди. Телеграмдаги «Платформа» канали эса бу борада кечирим сўраш лозимлигини ҳам қайд эди.

«Ташқи ишлар вазирлигининг кечаги баёноти гарчи ҳийла босиқлик ва хотиржамлик билан битилган бўлса-да, моҳият эътиборига кўра кўп қалбларда гумбурлаган акс-садо берди. Ватан, миллат, озодлик ва ҳурликни истаган, мустабидликнинг ҳар қандай кўринишига қалбан қарши бўлган, Ўзбекистоннинг, халқимизнинг шаънини баланд тутувчи юртдошларимиз бундан кўнгли хотиржам бўлгани шубҳасиз. Бироқ хўжасининг ҳалигиси билан мақтанадиган бичилган қул каби ўзини мустақил атовчи «аркони давлат»лар ёки дезинформация тарқатаётган фитнагир сайтлар ва манбалар биздан кечирим сўрашадими, йўқми? Худди Путин Лавровнинг сиёсий хатоси учун Исроилдан кечирим сўрагандек... Энди шу томонини ҳам ўйлашимиз керак бўлади. Токи, биз учун ҳеч ким, ҳеч қачон ҳукм чиқармасин!» – деб ёзди «Платформа» канали.

Беларусь раҳбари Александр Лукашенко жорий йил февраль ойида россиялик пропагандачи Владимир Соловьёвга берган интервьюсида ҳам Ўзбекистон шаънига номақбул фикр айтган эди. Марказий Осиё давлатларининг 10-15 йилдан кейин истиқболи хусусида фикр юритатуриб у Ўзбекистоннинг Иттифоққа қўшилмасдан бошқа иложи қолмаслигини иддао қилганди.

«Россия ва Беларусь шахсий жунни аралаштириб юбормаяптими, мабодо?.. Булар навбатдаги ахборот ҳужумини уюштиришибди. Мақсад очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бир амаллаб эски империяни тиклаб олиш ва ҳаммани ягона давлатга бирлаштириш. Аввал айтганимдек, илгари бунга яширин даъватлар қилинган бўлса, энди сурбетларча очиқ тарғибот ва баъзи жойларида таҳдидга ўтишмоқда. Улар тушунмаяптики, Ўзбекистоннинг ўз танлаган йўли ва принциплари бор. Ўзбекистон у хоҳ шарқ бўлсин, хоҳ ғарб бўлсин, бошқа давлатлар билан тенг шерикликдаги ўзаро манфаатлар юзасидан ҳамкорлик қилади», – дея куюниб ёзганди ўшанда блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Беларусь раҳбари жорий йил январь ойида КХШТ (ОДКБ) йиғилишида ҳам ўзига хос услубда «фол очган».

«Қозоғистондаги воқеалар сабоқ бўлиши керак деганимиз, кечирасиз-у, ҳаммадан ҳам аввал Ўзбекистонга тааллуқли. Агар сабоқ олинмас экан, биздаги маълумотларга қараганда, уларнинг нигоҳи Ўзбекистонга ҳам қаратилган», – деган у.

Ўшанда ҳам Лукашенконинг бу чиқиши Ўзбекистонни КХШТ таркибига киритиш ҳаракатининг таҳдидли кўриниши сифатида баҳоланган ва жамоатчиликда кескин эътироз уйғотган эди.

Пировардида эса «Европанинг сўнгги диктатори» деб баҳоланадиган сиёсатчининг баҳсли фикрига президент Шавкат Мирзиёев муносабат билдирганди.

«Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди. Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», – деган эди давлат раҳбари.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг