Жарима эмас, кўмак керак. Коронавирус шароитида хорижий мамлакатлар таълим соҳасида нималар қилмоқда?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, шу кунларда бутун дунёда мактаб ва университетларда таҳсил олаётган 87 фоиз ёки 1 миллиард 520 миллион ёшлар коронавирус туфайли уйларида қолмоқда.
Инсоният учун кутилмаган глобал инқироз шароитида хорижий давлатлар таълим бобида қандай амалий саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда, рақамли дунё имкониятларидан нечоғли фойдаланмоқда, қандай самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда?
Масалан, Германияда таълимни рағбатлантириш ҳақидаги федерал қонунга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, ҳозирги мураккаб даврда таълим жараёнларига жалб этилган, соғлиқни сақлаш тизими иш ҳажмларини енгиллаштиришга муносиб ҳисса қўшаётган ёшларни ўқитиш ва имтиҳонлар пайтида қўллаб-қувватлаш механизмлари кафолатланмоқда.
ГФР таълим ва тадқиқотлар вазири Анна Карличек хонимнинг маълум қилишича, COVID-19ни ўрганиш учун Германия университетлари базасида илмий тармоқни яратишга 150 миллион евро ажратилди. Вазирлик рақамли таълимни ташкил этиш бўйича «Иқтисодиёт ва фан альянси»ни тузди. Унга кўра, ёшлар ва катта шахсларнинг уйда вақтида зарурий билим олиши ҳамда ўз малакасини ошириши учун малакали ўқитувчилар ва етакчи мутахассислар жалб этилади.
Германия Миллий фанлар академияси чекловларни секин-аста енгиллаштира бориб, таълим даргоҳларида зарур хавфсизлик шароитларини яратган ҳолда уларни очишни тавсия этмоқда.
Буюк Британияда ҳам ҳозирда барча таълим муассасалари ёпилган. Ички ишлар вазирлиги мактаблар ва хайрия ташкилотлари билан биргаликда интернетдаги фирибгарлик ҳаракатларидан болаларни муносиб ҳимоя қилиш бўйича қўшма чораларни ишлаб чиқди ва жорий этди.
Қолаверса, бу ерда тиббиёт университетларида билим олаётган битирувчи босқич талабаларини пандемияга қарши курашишда шифокорларга ёрдам бериш мақсадида муддатидан аввал учирма қилишмоқда.
Болалари мактабларда шу вақтга қадар давлат томонидан овқатланиб келган кам таъминланган оилаларга 9 доллардан кунлик ваучерлар тақдим этиш дастури ишга туширилди. Ваучерлар аксарият озиқ-овқат дўконларида қабул қилинмоқда.
Францияда ҳам айни вақтда барча ёшлар таътилда бўлиб, 11 майдан бошлаб, соғлиқни сақлаш органлари хулосаси асосида, мактабда ўқиш ва боғчаларда тарбия жараёнлари қайта тикланиши мумкин. Аммо университетлар ёз фаслидан олдин иш бошламаслиги муқаррар бўлди.
Аммо Париждаги мактаблар тиббиёт ходимлари, полиция ва ёнғин хавфсизлиги ходимлари болаларини қабул қилмоқда. Чунки уларнинг ота-оналари масъулиятли ва оғир ишида ватан ва халқ учун фидойилик ва жонбозлик кўрсатаётган бир вақтда фарзандлари уйда қаровсиз қолиб кетиши мумкин эмас.
Париж мэрлиги мактаб ошхоналари фаолияти тўхтатиши муносабати билан ижтимоий изоляция чоғида «товон» сифатида — оилалар сифатли овқатланиши учун 3,5 миллион евро маблағ ажратди. Молиявий ёрдам эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож салкам 29 минг оилага тақдим этилмоқда. Бир марталик тўловлар оилалар даромадига ва фарзандлар сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Шу тариқа ҳар бир оила 150 еврогача олиши мумкин.
Миллий таълим вазири Ж.-М. Бланке сўзларига кўра, Франциядаги лицейларда ҳозир 750 минг талаба таҳсил олаётган бўлиб, якуний имтиҳонлар бекор қилинади. Бу мавсумдаги баҳолар биринчи ва иккинчи семестрларга қараб чиқарилади.
Аммо ўқитувчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари 11 майдан кейин ишга чиқиш уларнинг соғлиғига жуда зарар эканлиги ҳақида баёнот берди ва бу муддатни вазиятга қараб яна чўзиш зарурлиги ҳақида бонг уришмоқда. Чунки ҳозирда барча мактаблар ҳам санитария талабларига жавоб бермайди.
Европада фожиавий аҳволга тушиб қолган Италия ҳам мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлади. 18 майга қадар мактабларда дарслар бошланмаса, якуний имтиҳон баҳолари ўқувчиларнинг уй вазифалари сифатида ва бажарган топшириқларини ҳисобга олган ҳолда мактаб кенгашлари томонидан масофавий тарзда қўйилади. Келгуси ўқув йили учун жорий йилда тасдиқланган дарсликлардан фойдаланишга ҳам ижозат этилди.
Замонавий коммуникацияларнинг чуқур билган ўқитувчиларга талаб ошиб кетгани боис, таълим вазирлиги 4,5 минг нафар қўшимча ўқитувчиларни саралаш бўйича шошилинч танлов эълон қилди.
Чехия таълим вазири Р.Плаганинг маълум қилишича, ишлаб чиқилган режага мувофиқ бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчилари, талабалар май ойининг иккинчи ярмида ўқиш жараёнлари қайта тикланиши мумкин ва у ҳолатда барча зарур тиббий шарт-шароитлар яратилмоқда.
Нидерландияда ҳукумат агар коронавирус муаммоси қисқа муддатларда ўнгланиб кетса, мактабларни 3 майдан бошлаб очишни ният қилмоқда.
Амстердам муниципалитети уй шароитида масофавий таълим олиш имконияти бўлмаган болалар учун ҳар бир оилага 3250 та ноутбук тақдим этди, шунингдек қўшимча 450 та Wi-Fi нуқталарини тақдим этди.
Бу давлатда қоида тариқасида мактаблар болалар билан доимий мулоқотни ушлаб туриши керак. Шу пайтга қадар 5,2 мингга яқин ўқувчилар билан мулоқотни йўлга қўйишни имкони бўлмаяпти. Агар бундан кейин ҳам, уларни топиб бўлмаса, мактаб томонидан таълим вазирлиги тизими масъул ходими чақирилади ва сабабсиз дарс қолдирган болаларнинг ота-оналари жаримага тортилади.
Латвияда жорий ўқув мавсуми охирига қадар дарслар масофадан олиб борилади. «ЛМТ» ва «БИТЕ» мобил алоқа операторлари эҳтиёжманд мактаб ўқувчиларига онлайн режимда таҳсилни давом эттиришлари учун 5266 та смарт-қурилмаларни бепул тақдим этди. Чунки аниқланишича, мамлакатда ҳозирда 3 фоиз ўқувчиларнинг шахсий компьютери йўқ ва улар интернетдан фойдалана олмайди.
Бошланғич ва катта синф ўқувчилари учун 365 минг евро бюжетга эга «Сенинг синфинг» («Тава класе») таълим телеканали ишга туширилди. Унда мамлакатнинг барча минтақаларидан 70 та тажрибали педагог, шунинг таниқли шахслар, қўшиқчилар, рассомлар кенг жалб этилган. Телеканални 90 мамлакатдан ҳар куни 240 минг томошабин кўрмоқда.
Махсус қарорга мувофиқ, масофавий таълим даврида кам таъминланган, эҳтиёжманд ва кўп болали оилаларга тушлик овқатлари етказиб берилади. Талабаларга таълим олиш ва яшаши учун ажратиб келинган кредитларнинг асосий қарз қисмини тўлаш муддати кейинроққа кўчирилади.
Осиё қитъасида ҳам вазият анча жиддий тус олмоқда. Хусусан, Индонезия парламенти эпидемияга қарши курашиш доирасида бу йил барча даражадаги мактаб имтиҳонларини бекор қилди.
Японияда ҳам фавқулодда ҳолат 6 майга қадар давом этади. Ҳозирги қийин дамларда марказий ҳукумат маҳаллий ҳокимиятларга кўпроқ мустақиллик бермоқда. Жумладан, маҳаллий маъмурлар мактаб ва бошқа муассасаларни ёпиш ёки очиш юзасидан мустақил қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга. Масалан, Аичи префектураси губернатори Х.Омура ўз ҳудудида 7-19 апрелда бошланғич, ўрта ва махсус мактабларни ёпиш ҳақида қарор қабул қилган.
Ҳозирда Кунчиқар юртда 38 фоиз мактаблар апрелда бошланган янги ўқув йили муносабати билан қайта очилган бўлса, 68 фоизи ҳамон ёпиқ қолмоқда.
Мактабларни қайта очиш учун эса қатор қатъий талаблар қўйилмоқда. Бунда синфхоналарда ҳаво алмаштириш тизимлари пухта ишлашини назорат қилиш, ўқувчиларнинг бир жойда тўпланиб қолишига йўл қўймаслик, атрофдагилар билан яқин мулоқотдан қочиш, доимий ниқоб тақиш, тана ҳароратини ўлчаш, овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш каби барча шароитларини муҳайё этишга эътибор қаратилади. Ҳар бир мактаб маъмурияти таълим даргоҳини очиш бўйича маҳаллий муниципалитетлар билан бамаслаҳат иш юритиши шарт.
Хитойда алоҳида музофотларда (Сичуан, Ляонин ва бошқалар) юқори синфлар учун таълим муассасалари босқичма-босқич очилмоқда. Масалан, Шанхай шаҳри муниципалитети ҳудуддаги олий ўқув юртлари ва коллежларни 27 апрелдан, мактабларни 6 майдан фаолият бошлаши юзасидан топшириқ берди.
Давлат ўзининг хорижда таҳсил олаётган барча талабаларига 500 минг дона эпидемияга қарши комплектлар — 11 миллион ниқоб ва 500 минг дезинфекция воситаларини етказиб бермоқда.
(Давоми бор)
Дилафрўз Худойбердиева,
Бектемир тумани 290-умумтаълим
мактаби инглиз тили ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter