Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсон бошқа сайёраларда қанча вақт яшай олади?

Инсон бошқа сайёраларда қанча вақт яшай олади?

Фото: NASA

Ойга парвоз, осмоснинг ўзлаштирилиши, Марснинг «ерлаштирилиши»: инсоният ўзини Қуёш тизимининг тўлиқ эгаси дея ҳисобламоқда. Бу қанчалик ҳақиқат, биз космосда (Марс, Меркурий, Венера ва ҳоказо сайёраларда) яшаб кета оламизми? Олимлар бу саволларга жавоб излашди, Марс, Меркурий ва бошқа Қуёш сайёраларида инсон қанча вақт яшай олишини мавжуд маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқишди.



Меркурий. Қуёшга энг яқин жойлашган бу сайёрада одам 0,001 сониядан ортиғига дош бера олмайди. Ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ...
Ҳарорат: кундузи — +427 °C, кечаси — -173 °C.

Венера. Сайёра атмосферасининг 98 фоизи карбонат ангидрид газидан иборат, камига у сульфат кислота булутлари қуршовида. Бу «кимё лабораторияси»да одам бир сония (0,94 сония) ҳам яшай олмасди (ҳароратнинг ўта юқорилиги алоҳида мавзу).
Ҳарорат: +470 °C.

Марс. Аммо бизни апельсинранг Марс кўпроқ қизиқтирмоқда. Шунинг учун ҳам Элон Маскнинг бутун диққати «Қизил сайёра»га қаратилган-да. Агар енгилроқ скафандр бўлса, одам бу ерда бир неча кун, скафандрсиз эса 80 сония яшай оларкан.
Шуни ҳам унутмаслик керак, Марс атмосфераси 95 фоиз карбонат ангидрид газидан ташкил топган.
Ҳарорат: ўртача -55 °С, экваторда 20 °C, қутбларда -153 °C.

Юпитер — Қуёш тизимидаги энг йирик бу сайёрада инсон 1 сония яшай олади. Аммо «қаттиқ ер»га оёқ қўйишга умид қилмаса ҳам бўлади, Юпитер асосан водород ва гелийдан иборат улкан газ қопламидан иборат.
Ҳарорат: қаттиқ юзаси бўлмагани учун сайёранинг ҳароратини ўлчаш қийин. Шунга қарамай, Юпитер атмосферасининг юзасида олиб борилган ўлчашлар бу -145 °C эканини кўрсатди. Атмосфера босими Ерникидан ўн карра юқори қисмида ҳарорат 21 °С, сайёра ядросида эса Қуёш юзасидагидан ҳам юқори — 35 700 даража иссиқ.

Сатурнда инсон бир сония ҳам яшай олмайди. Гап бу ердаги заҳарли газлар ҳақида ҳам эмас. Бу ерда шамол тезлиги соатига 1800 километрга етади. Чунки сайёра ўз ўқи атрофида Қуёш тизимидаги барча қўшниларидан бир неча баравар тезроқ айланади.
Ҳарорат: ўртача -178 даража совуқ.

Уран сайёраси зич суюқлик (сув, аммиак, ва метан аралашмаси) билан қопланган. Инсон бу ерга қадам қўйишга улгурмаёқ (ҳатто скафандрда бўлса ҳам) эриб кетади. Бу сайёра инсон учун эмас...
Ҳарорат: Уран Қуёш тизимидаги энг совуқ сайёра — 224 °C .

Нептунда овоз тезлигига етувчи шамоллар эсади, инсон бу ерда бир сония ҳам яшай олмаган бўларди.
Ҳарорат: -218 °С.

Албатта, булар олимларнинг фаразлари. Бир томон иссиқ, бир томон совуқ, заҳарли газлар... Сайёралар ичида инсон яшаши учун Ердан қулайи йўқ — она заминимиздан қўймасин!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг