Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ичишга суви ҳам йўқ давлат қандай бойиди?»: Сингапурнинг рақамли иқтисодиёти ҳақида (биринчи мақола)

«Ичишга суви ҳам йўқ давлат қандай бойиди?»: Сингапурнинг рақамли иқтисодиёти ҳақида (биринчи мақола)

Фото: «South China Morning Post»

Сингапур Жануби-Шарқий Осиёдаги митти орол-давлат — Ўзбекистоннинг энг кичик Андижон вилояти ҳудудига қарийб 6 та Сингапур сиғади. Улкан Осиё харитасидаги ана шу жимитдеккина нуқтада 5,78 млн. киши Осиёда энг фаровон турмуш кечирмоқда. Солиштириш учун: иккита Тошкент (пойтахт ва вилоят) аҳолиси қарийб шунча чиқади.

Сингапурнинг нимаси бор?

Сингапур Малайзиядан ажралиб чиққан — улар мустақиллик беришни сўрашганида (1965 йил) ташландиқ ва ботқоқда яшовчи асосан хитойлик ва ҳиндистонлик қашшоқлар (асл малайяликлар жуда оз)дан иборат «бошоғриқ»дан тезроқ қутулиш учун Малайзия ҳукумати кўп ўйлаб ўтирмаган экан.

Ўтган аср 60-йилларидаги Сингапур. Фото: «WordPress»

Шу бир парча ерда нефть, газ, олтин нима қилсин, ҳатто ичадиган сувигача Сингапур тўлиқ Малайзиядан келтиради — салкам олти миллион аҳолига!.. 

Назаримизда, савол ёпилди.

Энди эса...

Оқилона иқтисодий ва инвестициявий сиёсат ортидан Сингапур росмана замонавий давлатга, тараққиёт эталонига айланди, шунчаликки, ҳатто биронта нуфузли халқаро рейтинг бошида унинг номини учратмасак ҳайрон қоламиз.

Шарқ ва Ғарбни боғловчи денгиз савдо йўллари чорраҳасида қулай жойлашган Сингапур бугунги кунда Осиё-Тинч океани минтақасининг йирик логистика ва савдо хаби, эркин иқтисодиётга эга жаҳондаги етакчи ишбилармонлик марказларидан бири.

Сингапур — уч нуфузли агентлик ААА кредит рейтинги берилган Осиёдаги ягона мамлакат. Юқоридагилар мамлакатнинг халқаро корпорациялар ва сармоядорлар учун жозибадорлигини фақат ва фақат оширади.

Сингапур факт ва рақамларда:

  • Тадбиркорлик қилиш осонлиги бўйича дунёдаги 2-мамлакат (Ease of Doing Business Index 2020);
  • Аҳоли даромадлари бўйича жаҳонда 3-ўринда (Forbes);
  • Жаҳоннинг энг глобаллашган иқтисодиётлари орасида 1-ўринда (McKinsey 2016);
  • Осиёнинг сиёсий энг барқарор мамлакати;
  • Ишчи кучи сифати бўйича жаҳонда, ҳаёт сифати бўйича Осиёда етакчи;
  • Дунёнинг энг ақлли шаҳри (IMD 2020)
  • Инновацион иқтисодиётни ривожлантириш борасида дунёда 3-ўринда (Bloomberg Innovation Index 2020)
  • Интеллектуал ҳуқуқни ҳимоялаш борасидаги энг кучли ҳуқуқий тизимга эга давлатлардан бири...

Ҳаммасини санашга улгурмаймиз... Яхшиси, Сингапур мўъжизасининг сири, буларга қандай эришди, яна нималарни режалаштирган, бир сўз билан айтганда, рақамли иқтисодиётни қандай қураётганига тўхталиб ўтамиз.

Сингапурнинг Жануби-Шарқий Осиёда иқтисодий ўсиш учун уч йўли:

  1. Глобал савдо оқимларида катта улушни қўлга киритиш;
  2. Шаҳарлашиш (урбанизация) тўлқинидан фойдаланиб қолиш;
  3. Илғор технологиялар: мобил интернет, автоматлаштириш ва булутли технологияларни ривожлантиришга урғу бериш.

Жануби-Шарқий Осиё сайёрамиздаги «энг қайноқ» ҳудуд — тахминан 630 миллион киши яшайдиган улкан бозор, минтақа мамлакатларининг номинал ялпи ички маҳсулоти 2,5 триллион доллардан ошади. Жимитдеккина Сингапур Хитой ва Индонезия каби гигантлар, Филиппин, Таиланд, Малайзия сингари ўзидан анчагина катта давлатлар орасида аллақачон «эзилиб кетган бўларди», аммо ақл кучни бошқаради — Сингапур нафақат «тирик», балки шу улкан бозорда улкан улушга эга чиқмоқчи: технологиялари, хизматлари, маҳсулотлари ва тажрибаларини экспорт қилиш орқали.

Сингапур ҳукумати мамлакатга сармоя киритишга шай тадбиркорларни кўпроқ жалб этиш мақсадида:

  • «Сингапур келажаги» ташаббуси (шаҳарсозлик, давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш, тиббиёт ҳамда истемол товарлари ва хизматлари соҳаларида янги ғоялар ва ечимларни ишлаб чиқиш ва синаб кўриш);
  • «Ақлли Миллат» беш йиллик дастури;
  • RIE илмий-тадқиқот дастури;
  • Молиявий секторни ривожлантириш дастури;
  • Тадбиркорликни ривожлантириш дастури;
  • Таълим дастурларини йўлга қўйди.

Келажак иқтисодиётини қуриш режаси

Нима бўлса бўлсин — Сингапурнинг халқаро нуфузига путур етмасин (акс ҳолда сармоядорлар юз буриб кетадику?..). Бу ақида Сингапурнинг ёзилмаган шиори. Шундан келиб чиқиб, охирги йилларда энг кўп эътибор Сингапур иқтисодиётининг 7 бақувват устунига қаратилди:

  • молия;
  • транспорт хизматлари;
  • логистика;
  • шаҳарсозлик ечимлари;
  • соғлиқни сақлаш;
  • юксак технологиялар;
  • рақамли иқтисодиёт.

Мамлакатда келажак қўмитаси бор. Ташкилот доим четдан сармояларни кўпроқ жалб этиш ва бу жараённи тобора соддалаштиришни назорат қилиб келади. Мамлакат миллий хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун сув билан ҳаводек зарур киберхавфсизлик бўйича аҳолини ёппасига ўқитишни тавсия қилган ҳам шу қўмита.

Мамлакат рақамли сервисларни ривожлантиришга жуда жиддий ёндашмоқда (хусусан, таълим соҳасидаги), Сингапурнинг HetNet режаси эса интернетга ҳеч қандай тўсиқсиз, узлуксиз уланишни таъминлайди. Райдшеринг (онлайн сервис орқали шерик топиб хусусий транспортдан биргаликда фойдаланиш), сунъий интеллект ва робототехника ҳам Сингапур иқтисодиётини ривожлантирувчи муҳим технологиялар сифатида қаралмоқда. Саноатда янги-янги йўналишлар (ўз-ўзидан қўшимча иш ўринлари) яратилишига олиб келувчи бу жараёнлар бевосита ҳукумат назорати остида рўй бермоқда.

Сингапурда одамлар келажакда ишсиз қолиб кетмаслиги учун уларни қайта ўқитиш йўлга қўйилган. Масалан, SkillsFuture лойиҳаси исталган одамга истиқболли янги касбни эгаллашида кўмаклашади.

Сингапур дунёдаги энг ақлли шаҳар эканини юқорида тилга олдик. Умуман олганда, бу мамлакатда рақамли саводхонликка болалар боғчасиданоқ киришилади, Осиёдаги энг яхши ўрта таълим ҳам Сингапурники.

Сингапурдаги оддий мактаблардан бири. Фото: «AsiaOne»

Хомчўтларга қараганда, 2050 йилда Сингапурнинг 50 фоиз транспорти электрлашади (бу кетишда эртароқ уддалашса ҳам ҳайрон қолмаймиз).

Коса тагидаги нимкоса

Сингапурнинг асл мақсади рақамли технологияларни шунчаки ривожлантириш эмас, балки ундан-да юксак режалар билан яшамоқда. Буларга эса иккинчи мақолада батафсил тўхталамиз.

(Давоми бор)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг