Ғиждувон. «Кичик бозор»нинг катта озорлари...
Ўтган йилнинг адоғида «Ғиждувон деҳқон бозори» 120 миллиард сўм маблағ эвазига қайта тикланиб, фойдаланишга топширилди. Тўққиз гектардан кўпроқ майдонни эгаллаган мазкур бозор 1880 ўринга мўлжалланган. Ундан ташқари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларга мўлжалланган 3 блокли 2 қаватли савдо мажмуасида қатор дўконлар мавжуд. Мажмуанинг ерости қисми ҳам кўзни қувонтиргудек қиёфага кирмоқда. Бироқ...
Янги бозорда эскича усул: кўча савдоси
Миллий услуб тикланган мазкур йирик бозорнинг олд-ён томони ҳамда катта автомобиль қатнов йўли ёнидан ўтувчи пиёдалар йўлакчалари эса ўша-ўша, эскича кўринишда: кўча савдоси билан шуғулланувчилар билан гавжум.
Билдирилишича, тадбиркорларнинг айримлари тўлов талаб қилинмаслиги учун шу жойни афзал билишади. Айримлари эса мутасаддиларга мурожаат қилишига қарамай, уларга имконият яратиб бериш ҳақида ҳеч ким бош ҳам қотирмаганидан арз қилишади. Ёзда чанг, қишда лой ерларда савдо қилиб келишмоқда. Кўчаларда савдо қилаётган савдогарларга эса бунинг қизиғи йўқ.
— Бизга кераксиз буюмдек муомала қилишади. У ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа қувишади. Ўзи кунимизни зўрға кўрамиз. Биз мажбурликдан савдога чиқамиз. Бугун икки минг сўм топиб, уйга битта нон олиб киришни ўйлаймиз, холос. Янги мажмуада савдо қилиш учун ижара пулини тўлашга эса бизнинг қурбимиз етмайди, — дейди шу ерда тирикчилик қилаётганлардан бири.
Бир неча йилдан буён кўча савдоси билан шуғулланиб келаётган Г.Аҳмедова эса туманда иш йўқлиги, оилавий шароити туфайли савдо билан шуғулланиб келаётганини айтади.
Улар орасида бозорда ўрин-жой билан таъминланган бўлишига қарамай, уруш-жанжал кўтариб, қоғоз қутилару турли яроқсиз матолар савдоси билан шуғулланишдан тўхтамаётганлар ҳам йўқ эмас.
— Янги мажмуадан савдо учун ўрин-жой олганман. Аммо у ерда савдо йўқ. Шу сабаб бу ерда савдо қиламан. Керак бўлса, олсин ўша жойни! — дейди яқиндагина деҳқон бозорининг очилишида махсус кийимлар кийиб, шукроналик ваъзини ўқиган нон сотувчиларидан бири.
«Стоянка»даги томошалар
Бозорининг олд томонида, қарийб ярим гектар жойни эгаллаган ва фойдаланишга топширилган автотураргоҳ хизматидан саноқли автомашиналар эгаларигина фойдаланмоқда.
— Янги автотураргоҳга машиналаримизни киритолмаймиз. Ҳар куни автотураргоҳ атрофини кўча савдоси билан шуғулланувчилар босиб кетади, бу эса машиналарнинг кириб-чиқишига ҳалал беради, — дейишди 10-15 метр наридаги йўллар бўйидан «стоянка» сифатида фойдаланаётган автомашина эгалари.
Бозор қаршисида автомобиллар ҳаракати шу даражада ўз ҳолига ташлаб қўйилганки, йўл ёқалаб пиёдалар учун мўлжалланган кўчадан юрсангиз, ўзингизни серқатнов трассадан юргандек ҳис этасиз. Турнақатор машиналар «стоянка»га майда-чуйда савдо нуқталарини бирга қўшсангиз, йўл-йўлакай «катта савдо маркети»ни кўрасиз. Таксистлар эса пиёдаларни писанд қилмай, кимўзарга мижоз овлашади...
Кўркам қиёфа касб этиб турган йўл ёқасидан бозор дарвозасигача бўлган ҳудудни ким назорат қилади? Ички ишлар бўлими, йўл ҳаракати хавфсизлиги борми бу атрофда?
Бозорми ё озорми?
«Ғиждувон деҳқон бозори» орқа томонида жойлашган ва қарийб 2 гектардан зиёд жойни эгаллаб турган «кичик бозорча» хароб аҳволда. Бир нечта савдо расталарини ўз ичига олган очиқ айвон остида деҳқончилик маҳсулотларидан ташқари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар савдоси ҳам қалаштириб ташланган. Атроф ахлатлар уюми билан тўлиб-тошган. Узр-ку, ҳожатхонадан бир неча қадам нарида бири-бирига қарама-қарши жойлашган (антисанитар аҳволдаги) ошхона ва кабобхона таъбни хира қилмай қўймайди.
Мактабда ўқиган вақтимизда биология фанидан хужайралар, микроблар, бижғитувчи хусусиятидаги инфекциялар ҳақида кўп эшитардик. Бозорчанинг савдо расталаридаги сариёғ, сут маҳсулотлари, қандолат, ширинликлар билан очиқ-сочиқ савдо қилиниши, уларнинг чанг-тўзон, расталар оралаб ўтган йўлаклар устида бемалол савдо қилинишини турли касалликлар келтириб чиқармаслигига кафолат йўқ...
Савдо йўлакчалари лой, маҳсулотлар оёқ остида. Анчадан буён фаррошлар бу томонга мўраламагани шундоқ билиниб турибди. Ажаб, туман санитария бўлими шу аҳволда кўришганмикан?
Бозорча тартибсиз, ёнғин хавфсизлиги ва санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундан ташқари, шу кичик бозорчани электр энергия билан таъминлайдиган трансформаторлар атрофи ўралмаган. Яроқсиз металл буюмлари ва темир дўконлар пала-партиш ташлаб юборилган. Трансформаторнинг шундоқ ёнида одамларнинг савдо қилиши учун қўлбола шароит қилиб берилганини айтинг....
«Ғиждувон деҳқон бозори» раҳбари Расул Насимовнинг ўзини тутишича, янги бозори тиклангандан буён бу бозорчага «йўли» тушмаган кўринади. Ачинарли манзарани худди биринчи маротаба кўраётгандек атрофидаги сотувчиларга ўшқириб қўяди. Кейин сал ҳовуридан тушганнамо: «Бу бозорча тез кунда бузилади. Ўрнида автотураргоҳ барпо этилади», дейди ғалати оҳангда.
Савол туғилади: бозор маъмурияти жойлашган бинонинг рўпарасидаги яп-янги автотураргоҳда бемалол қовун савдоси билан шуғулланиб туришибди. «Енгил конструкцияли қурилма дўконлар йиқитилади» деб, шундоққина кўз олдидаги қовун «сайл»ларини кўрмаётган бозор раҳбари яна қандай автотураргоҳни мўлжаллаётган экан?!
«Бузилмайди, қуринг...» дейишганди
— Янги бозор тикланиши жараёнида биз, қарийб, 180 нафарга яқин тадбиркорларнинг савдо қилишимиз учун жой масаласи муаммога айланиб қолганди. Кичик бозорча атрофидаги йўл ва йўлакларда савдо қилишимизга тўғри келган. Бироқ мутасаддилар айвон атрофида енгил конструкцияли қурилмалар, яъни акфали ёпиқ дўконлар қуришимизга оғзаки рухсат беришди. «Бузилмайди, қуринг, кейин ҳужжатлаштириб берамиз», дейишганига ишониб, 30-40 миллион сўм сарфлаб, шу дўконларни қурдик. Энди эса «...бир кун муддатда қурилган енгил конструкцияли қурилмангизни бартараф қилиб, ер майдонини бўшатиб беришингизни ва янги савдо комплексига кўчиб ўтишингиз лозимлигини билдирамиз. Акс ҳолда, назорат қилувчи органлар билан келишилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиниши ва қонуний чоралар кўрилишини маълум қиламиз», мазмунидаги «Огоҳлантириш хати»ни қўлимизга тутқазишди, — деди тадбиркор Ҳикматулла Темиров.
Бу ёғи қанчадан тушди энди?!
Ижара тўлови баланд, чўнтак кўтармайди...
Тадбиркорларнинг иддао қилишича, «Ғиждувон деҳқон бозори», шунингдек, атрофидаги йирик савдо мажмуаларининг ҳаммасида ҳам ҳали ишлар ниҳояланмаган. Дўконлар нархи 120 миллион сўмдан бошланади. Ижара тўловлари ҳам жуда баланд.
— Янги қурилган бозорда катта-катта павильонлар қилинган. Деҳқончилик ёки озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, ноозиқ-овқат маҳсулотларга мўлжалланган ҳамма дўконлар пули борлар томонидангина сотиб олинган. Бир ойда 5-6 миллион сўмга тенглашадиган ижара пулини эса биз тўлай олмаймиз. Ҳеч ким бу қиммат ижара пулли дўконларга киришни истамагач, бизни мажбурлаб, ижарасини тўлаб турасан, дея кутилмаганда кран билан келиб туриб, бузаман, дейишяпти, — деди тадбиркор Илҳом Жумаев, — Хўш, бизга қани жой? Жой бўлмаса, қаерда савдо қиламиз?!
Бозорча таъмирланади, янгиланади...
Ғиждувон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Барака Толибовга кўра, кичик бозорчадаги очиқ айвон остидаги расталар атрофидан вақтинча фойдаланиш учун ўз маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сотувчиларга енгил конструкцияли қурилмалардан дўкон тиклашлари мумкинлиги инобатга олинган. «Тез кун»да йиқитилиши «кўзланган» бозорча атрофидаги енгил конструкцияли дўконлар олти ойча илгари эски автотураргоҳ ўрнида тикланган. Билдирилишича, тикланган дўконларни қуришда йиғма «Акфа»дан фойдаланилган. Улардан уй-рўзғор хўжалигида фойдаланиш ёки сотиш мумкин. Дўконларни тиклашда сарфланган харажатлар ҳужжатлар асосида ўрганилиб, тадбиркорларга имкониятдан келиб чиққан ҳолда кўмаклашилади.
— Кўриб турибсиз, бу бозорча ҳам таъмирталаб. Ачинарли аҳволга келиб қолган. Аммо очиқ айвоности расталари сақлаб қолинади. Тадбиркорларга эса ўтган йилнинг июль ойида вақтинча фойдаланиш мақсадида ҳар бирига 6м2га тенг ер майдонида енгил конструкцияли дўконлар қуришга рухсат берилган. Ўз маҳсулотлари хавфсизлиги учун вақтинча эканлиги жуда кўп бор тушунтирилган. Аммо бу бозорча таъмирланмайди ёки эски тос, эски ҳаммомлигича қолади, дегани эмас. Амалга ошилаётган ишлар шу тадбиркорларнинг ўзи учун, ахир?! — дейди Барака Толибов.
«Кредит беришса, янги бозорга кўчаман...»
Маълумотга кўра, тумандаги йирик бозорлардан бири — Хўжайи жаҳон номидаги буюм бозори 2015 йилда бошқа манзилига кўчирилган. Ушбу буюм бозори 1000 та ўринга мўлжалланган. Айни пайтда 150 га яқин бўш савдо расталари бор. Узоқ йиллардан буён кўча савдоси билан шуғулланиб келаётган кўплаб тадбиркорлар мавжуд бозорларнинг энг арзон расталаридан ҳам жой олишни исташмаётганини билдиришди. Улар орасида ўзига тегишли ўринни бошқага ижарага бериб, ўзи эса солиқ ва патент тўлашдан қочиб, кўча савдосидан бери келмаётганлар ҳам учради.
— Мен ёш тадбиркорман. Эски бўлса ҳам арзонроқ жойдан фойдаланиб келяпман. Аммо янги расталар учун патент тўлашга пулни қаердан топаман? Ҳамма асаби бузилгандан гапиради. Бир неча йил муддатга кредит эвазига беришсин, кам-кам тўлаб борамиз! — деди ўзини Иброҳим деб таништирган ёш тадбиркорлардан бири.
Расталар бепул: тўловлар – бозор ғазнасига...ми?
«Ғиждувон деҳқон бозори» расталарида тадбиркорларга яратилган имкониятлар билан танишиш асносида республиканинг ҳеч бир манзилида бундай маҳобатли мажмуа йўқлигини тушуниш қийин эмас. Бозордаги тартиб, ҳақиқий шарқона услубни кўриб, ҳавас ортади. Мева-чевалар, қандолат ва полиз маҳсулотлари хеч кимнинг эътиборини тортмай қолмайди. Бу бозорга тушган одам, тезроқ қочишга уринмайди, усти-боши ифлос, чанг-тузон ҳолатда юрмайди.
Бироқ расталар саноқлигина сотувчилар маҳсулоти билан тўлдирилган. Топширилган бўлса-да, эгаси кўча савдосидан ортмайдиган бўш расталар, деярли, кўп. Ҳар бир сотувчига 1,2 м2 жой берилган.
— 174-растадан жой олдим. Кўчмайман, чунки арзимайди! Маҳсулотларимизнинг ўндан бири ҳам сиғмайди бу ерга! — деди ҳўл мева сотувчи аёллардан бири.
Мазкур бозор фойдаланишга топширилгач, қизиқиши сабабли расталардан бирида савдо қилиш имконига эга бўлган бир аёл ўзини таништириш асносида қўлимизга тўлов қоғози тутқазди. Унга бозор маъмурияти томонидан белгиланган миқдордаги тўлов амалга оширилса, унга растадан жой ажратилиши билдирилган. (Аслида, расталардан фойдаланиш бепуллиги маълум қилинган).
Бундай «тўлов варақаси», яъни квитанциялар эгалари бирпасда бир нечтага кўпайди. Бозор раҳбари Расул Насимов бозор ғазнасига кирим қилинган бу тўлов варақларини дам «чек», дам «патент» ва ниҳоят, ўтган йилдан қарздорликлар, деб изоҳлади. Манбаага кўра эса, сотувчилар томонидан кунлик тўловлар амалга оширилган. Кўпчиликдан бир хил — 1 миллион 216 минг сўмдан маблағ ундирилган квитанцияларда «июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойи учун тўлов» деб кўрсатилган.
— Мен ҳеч қачон бозорда савдо қилмаган бўлсам. Ҳатто ўтган йилнинг ноябрь ойида тўлов варақасида ойлик тўлов ёзиб қўямиз, дейишганига ҳам рози бўлдим. 900 минг сўм тўладим. Аммо уч ойдан буён сарсонман! Пулимни қайтариб беришсин! — деди Насиба Файзуллаева.
Бозор раҳбари ушбу масалада ўсмоқчилаб: «Тўловлар нотўғри ундирилган бўлса, қайтарилиши»ни айтиб қўя қолди. Ажаб...
Беобрў бўлмасангиз, «бозорчи»лик қилолмайсиз...ми?!
Айрим расталарда битта жой бир киши учун қуръа ташлаш орқали белгиланган бўлса-да, тадбиркорлар ўртасида ўзаро жой талашиш юзага келган.
— Бозорда ўрин-жой тарқатилаётганда ҳам адолатсизликка йўл қўйилди. Бозор ичида беобрўлик қилсангиз, нонингизни топасиз. Йўқса, бозорчилик қилолмайсиз! Ҳамма жой бепул тарқатилган. Андиша қилиш керакмас, ўз ҳуқуқини билган тадбиркор ноўрин пул тўлови ҳақида органга мурожаат қилиши керак! — деди тадбиркорлардан бири Зулфизар Тоҳирова. — Ҳозир мен ўзим эгаллаб олган растага «менга тегишли» деб 21 киши келди. Аммо мен шу жойни бермайман!
Маълум бўлишича, расталардан жой ажратиш масаласи ҳам айрим тортишувларни келтириб чиқармоқда.
— Ҳар бир тадбиркор давлат ҳимоясида. Аммо, бу тадбиркорнинг хоҳлаган жойида ўтириб, савдо қилиши керак, деган гап эмас. Ҳар бирига савдо қилиши керак бўлган жойни белгилаб, имкониятни яратиб берамиз. Бозор мажмуаси жуда катта жойни эгаллагани, ундан ташқари, кўча савдоси билан шуғулланувчилар ўртасида бозорга кириб, бепул расталардан фойдаланиши борасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани сабабли жой тарқатиш масаласи бироз чўзилди. Бир неча кун ичида бу масала бартараф этилади, — деди қурилиш ишлари бўйича туман ҳокими ўринбосари Ахтам Аҳмедов.
Р/S: «Қўшни»дан қолишмайдиган СИТИ, обод шаҳар, қишлоғ-у маҳаллалар бунёд этиш урфга айланаётган Бухорода катта куч ва катта маблағ билан бунёд этилган, республикада ягона бозорни тартибга солиш, ишбилармонлару тадбиркорлар билан биргаликда уни тартибли савдо мажмуасига айлантириш – кун талаби! Зеро, азалдан юртнинг бозорига қараб, халқнинг маданияти ва турмуш тарзига баҳо берилган.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter