Германияда Назарбоевлар оиласининг ҳашаматли саройлари топилди
Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёви, шунингдек, улар билан боғлиқ компаниялар Германияда юз миллион евродан қимматроқ кўчмас мулкка эга. Яширилган ҳашамат DW суриштирувларида юзини кўрсатди.
Фрескалар (деворларга чизилган расмлар), жимжимадор қандиллар, қимматбаҳо ёғоч навларидан ясалган шифтлар, моҳир наққошлик ишлари — Баден-Бадендаги Зеелах саройининг ҳашамати лол қолдиради. Шунчаликки, бу жойга қадам ранжида қилганлар (улар саноқли) бир овоздан: «Собиқ Иттифоқ мамлакатларидан чиққан мултимиллионерларнинг ҳали ҳеч қайсиси бунчаликка бормаган», дегулик даражада.
XIX асрда Зеелах машҳур рус дипломати, махфий маслаҳатчи Михаил Хрептовичнинг ёзги қароргоҳи эди. Аммо ҳозир бу ерда зодагонларнинг тушига ҳам кирмаган нарсалар бор. Қозоғистоннинг янги эгалари тарихий виллани қайта қуриб, ҳудудда фавворали ландшафт боғи ва унинг остида чамаси минг квадрат метрлик ҳашаматли SPA зонасини қурганлар. 25 метрлик ҳовузнинг шиша гумбази ҳатто коинотда ҳам кўринади.
Тўртта объект, 100 миллион евро
Элита мулкини қайта таъмирлаш деярли ўн йил давом этди ва икки йил олдин якунланди. Нақ 60 миллион евро сарфланди! Германия компаниялари реестридаги ҳужжатларга кўра, Зеелахга эгалик қилувчи «Schloss Seelach Invest» компаниясининг устав капитали мулкни реконструкция қилиш йилларида босқичма-босқич ошириб борилган. «Улар пулни аямадилар», деди реконструкцияда қатнашганлардан бири. Қурувчилар босган ҳар қадами ҳақида Қозоғистонга фотосурат-ҳисоботлар жўнатиб туришди, дейди яна бир суҳбатдош. «Бир сафар мижозга фрескалар ёқмади, қайта қилишни буюришди, ҳолбуки олдинги иш учун рассомга 150 000 евро тўланган эди», — деди у ҳайратини яширолмай.
Маълумотларга кўра, Назарбоевлар оиласи Зеелахдан ташқари, минтақада яна учта мулкка, жумладан, иккита тарихий обида (таниқли меъмор Густав Штро ХХ аср бошларида Баден-Баденда тарихийлик услубида қурган вилла ҳамда «Schlosshotel Bühlerhöhe» меҳмонхонаси)га эгалик қиладилар. Умуман олганда, вилла ва меҳмонхоналарга 100 миллион евродан ортиқ сармоя киритилган.
Худди шу оилага тегишли виллалар
«Буларнинг барчаси бир оила аъзоларига тегишли. Сиз кимни назарда тутаётганимни билсангиз керак, худди ўша оила», — деди бир пайтлар Баден-Бадендаги қозоғистонлик сармоядорлар тузилмаларида ишлаган киши. «Ҳаммаси президент миқёсида амалга оширилган», — деди у номи очиқланмаслигини сўраб.
Зеелахга эгалик қилувчи «Schloss Seelach Invest» GmbH нинг муассиси — Қозоғистоннинг «Verus Praedium International» компанияси бўлиб, ўз навбатида, бу компаниянинг ўзи Олмаотадаги «Кипрос» компаниясига тегишли. Мулк кимники эканлиги тўғрисида саволга ортиқ ўрин йўқ, Германияда бир неча йил олдин пул ювишга қарши курашиш учун яратилган Шаффофлик реестри (Transparenzregister) масалага узил-кесил нуқта қўйди.
Реестрдаги ёзишмалар «Schloss Seelach Invest» GmbH бенефициари, яъни эгаси Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви — ўртанча қизи Динаранинг эри Тимур Кулибаев эканини тасдиқламоқда.
Аденауэр, Кучма, Назарбоевнинг болалари
Transparenzregister маълумотларига кўра, Динара ва Тимур Кулибаевлар Қозоғистоннинг «Mercury Properties» компанияси орқали Германиядаги «Bühlerhöhe Castle Invest» GmbH нинг сўнгги бенефициарлари ҳисобланади. Ушбу немис компанияси бевосита Баден-Баден яқинидаги Бюле шаҳридаги иккита меҳмонхонанинг эгаси. Улардан бири, Бюлерхёе қаср-меҳмонхонаси — миллий аҳамиятга эга ёдгорлик.
Германиянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги биринчи канцлери Конрад Аденауэр архитектураси ва миллий боғ яқинидаги жойлашуви билан ноёб ушбу меҳмонхонада дам олишни яхши кўрган. 20 йил олдин Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучмага ҳам бу ер ёқиб қолди, 2010 йилда унинг собиқ бизнес менежери Игор Бакай меҳмонхонани оффшор компаниялар орқали сотиб олган.
2013 йилда Бакай инқирозга учради, тарихий меҳмонхона энди қозоғистонлик тадбиркор, қатор нефт компаниялари эгаси ҳамда Динара ва Тимур Кулибаевларнинг тижорат ва кўчмас мулк соҳасидаги бизнес ҳамкори Яков Цхай қўлига ўтди.
Сирли нефтчи активларини «оила»га ўтказди
Цхай жуда сирли шахс, очиқ манбаларда ҳатто фотосуратини топиш иложсиз. Германия компаниялари реестридаги ҳужжатларга кўра, тадбиркор ўзининг «Достар-Инвест» холдинги ва «Достар Ойл Сервис» нефт компанияси орқали Баден-Баден ва унинг атрофидаги «Қозоқ» кўчмас мулк империясига йиллар давомида 100 миллион евродан ортиқ сармоя киритган.
Германия компаниялари реестридан кўчирмаларга кўра, 2020 йилда Зеелах мулкини реконструкция қилиш ва тартибга солиш бўйича кенг кўламли ишлар якунлангач, тадбиркор ушбу объектни Тимур Қулибоевнинг «Verus Praedium International» компаниясига топширган.
Бир йил аввал Цхай собиқ президент Назарбоевнинг куёви ва қизига тарихий Бюлерхёе меҳмонхонасини топшириб, «Bühlerhöhe Castle Invest» GmbH устав капиталининг 90 фоизини Кулибаев назоратидаги «Mercury Properties»га ўтказиб бериб, атиги 10 фоизини ўзида сақлаб қолгани Германия реестридаги ҳужжатларда кўрсатилган.
Нефт долларлари ортидан келган немис виллалари
Қозоғистондаги таниқли сиёсий кузатувчи Санжар Бокаев, Яков Цхайнинг бизнесдаги ва немис кўчмас мулк битимларидаги номинал ролини инкор этмаган ҳолда, йирик бизнесменларнинг собиқ президент оиласи билан муносабатларидаги юқори коррупция хавфи ҳақида гапирган.
«Назарбоев оила аъзолари ва унга яқин бошқа шахслар нефт ва газ қазиб олиш, шунингдек, рудалар ва металл ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳамма нарсани хусусийлаштиришган. Қозоғистонда Тимур Кулибаевнинг розилигисиз бирон бир нефт бозори сегментига кириб бўлмаслигини ҳамма билади», — деди Бокаев
Тимур Кулибаев «Kazenergy» саноат ассоциациясининг раиси бўлиб, январ ойининг ўрталарига қадар кўп йиллар давомида «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатасини бошқарган, бизнесга ҳам, ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатига ҳам сезиларли таъсир кўрсата оладиган қонуний ваколатларга эга бўлган. Динара ва Тимур Кулибаевлар Қозоғистондаги энг бой жуфтлик саналади. «Forbes» Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёвининг бойлигини қарийб олти миллиард долларга баҳолади. Сўнгги ўн йил орасида уларнинг бойлиги икки ҳиссага кўпайди, ҳолбуки, улар Қозоғистон мустақиллигининг илк йилларидан, Назарбоев мамлакат бошқарувини қўлга олганидан бойишни бошлаган.
Қозоғистондаги январь воқеаларидан сўнг Назарбоев Миллий хавфсизлик кенгаши раислигидан, унинг куёви эса нуфузли «Атамекен» палатаси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев норозилик намойишлари авж олган бир пайтда олигархлар тузумига барҳам беришга ваъда берди.
Қора кунга сақланган пуллар
«Mercury Properties» компанияси Германиядаги активларни сотиб олиш мақсади ва Германияда кўчмас мулкдан фойдаланишнинг кейинги режалари ҳақидаги саволга жавоб бермаган.
«Улар, афтидан, буларни қора кунга атаб асраб қўйишган», — деди Кулибаевлар оиласининг иккита меҳмонхонаси жойлашган Бюле шаҳрининг бургомистри Ҳуберт Шнурр.
Шаҳар ҳокими миллионлаб сармоя киритилган виллалардан фарқли ўлароқ, меҳмонхоналарни замонавийлаштиришга бир чақа ҳам ажратилмаганидан таажжубда. Компаниялар реестридан кўриниб турибдики, бу меҳмонхоналарни 20 миллион евродан қимматга сотиб олишган, энди эса улар фойдаланилмасдан, қаровсиз ётибди. Сўнгги йилларда уларда тунаган «меҳмонлар» қозоғистонликларнинг виллаларида ишлашга келган юзга яқин литвалик қурувчилар эди.
«Бу меҳмонхоналарни сотиб олиш бўйича менга германиялик инвесторлардан таклифлар мунтазам келяпти, қозоқлар эса хатларимга жавоб беришмаяпти», — нолиди бургомистр.
Германияда ҳашаматли молк-мулклари бўла туриб, Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзоларидан ҳеч бири ҳали у ерга қадам босмаган экан. Сиёсатшунос Дўсим Сатпаев буни шундай изоҳлади: «Собиқ президентнинг оила аъзолари учун ҳашаматли мулклар — мисоли ҳукумат алмашганида ғарб банкларида сақланувчи олтин ёмбилари, акциялар ва пуллар каби фавқулодда керак бўладиган «захира аэродроми».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter