Гандиларнинг фожиавий тақдири

Индира Ганди Ҳиндистон тарихида ўз мамлакатини узоқ йиллар садоқат билан идора қилган биринчи аёл сифатида ўчмас из қолдирган. У оқила ва ҳаракатчан сиёсатчи сифатида ҳинд диёрининг дунё миқёсида халқаро обрўсини ошириш учун жуда катта ишларни амалга оширди. Индира Ганди номи нафақат ўз ватанида, балки бутун дунёда ҳурмат билан тилга олинади.
1917 йил 19 ноябрь – бой бобонинг «Қувончлар монастири» аталмиш уйида чиройли қизалоқ дунёга келди. Чақалоққа «Мамлакат ойи», яъни Индира номи берилди.
У ёш қизчалик пайтида «миллатнинг отаси» саналган Маҳатма Ганди билан танишди. Саккиз ёшида Гандининг маслаҳати билан уйда болалар иттифоқини ташкил этилди. Унинг аъзолари қўпол матолардан дастрўмолча ва қалпоқчалар тика бошлашди. Индира тенгқурлари орасида ташкилотчилик қобилиятини намоён этарди.
Нерунинг қизи яхши устозлар қўлида тарбияланиб, етарли билим эгаллади. Отаси доимий иш билан бандлиги ва кетма-кет қамалишига қарамай, Индирага бор меҳри ва илмини беришга ҳаракат қилди. Чунки Неру ўғлини худди шу тарзда тарбияламоқчи бўлган, афсуски, у эрта вафот этганди.
1934 йили Индира машҳур шоир Рабиндранатҳ Тҳакур ташкил этган халқ университетига ўқишга кирди. Онаси ўпка хасталигидан азият чекар, айни шу дамда касали хуруж қилиб қолди. Индира ўқишни ташлаб, онаси Камолани даволатиш учун Швейцарияга олиб кетишга мажбур бўлди. Баҳонада у Европада узоқ қолиб кетди.
Орадан икки йил ўтгач, 1936 йили онаси вафот этди. Индира хорижда ёлғиз ўзи қолди. У Ҳиндистонга қайтишни ҳам, қайтмасликни ҳам билмай роса боши қотди. Энди волидаси йўқ, Индира учун табаррук ҳисобланган «Қувончлар монастири» ҳам йўқ эди. Отаси қамоқда ётибди. Хўш, ёш қиз кимнинг олдига бош эгиб боради?..
Ана шундай оғир дамда бир инсон Индиранинг ёнида доимий ҳамроҳ бўлди. У Феруз Ганди (Маҳатма Гандининг фамилиядоши) эди. Онаси Камола тириклик вақтида бу икки ёшга оқ фотиҳа ҳам берганди. Бироқ ўзига муносиб оила бўлмаса бахтли турмуш кечиролмаслигини у тушуниб етарди. Буни Индира ҳам жуда яхши биларди. Шунинг учун Феруз ўқийдиган Оксфорд университетига ўқишга кирди.
Аммо кутилмаганда Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Ёшларнинг Ҳиндистонга келишлари ниҳоятда қийинлашди, улар Атлантика ва Жанубий Африка орқали айланма йўллар билан йўлга чиқишди. Кейптаунда кўплаб ҳиндистонликлар жойлашиб олишганди. Нерунинг қизини у ерда катта қизиқиш билан кутиб олишди. Таҳликали ва оғир даврлар эди. Барча Индирадан ақлли, салмоқли бирон-бир фикр кутарди. Ана шунда Индира, Африканинг бир гўшасида биринчи маротаба сиёсий нутқ сўзлади. Унга қизиқиш кучайди.
Улар Африкани тарк этиб, Ҳиндистонга қараб йўл олишди. Аммо ўз мамлакатида уларни яхши қабул қилишмади. Чунки Индира сиёсат оламига эндигина кириб келаётганди. Шундан бўлса керак, бу ёш сиёсатчини яхши тушуниб етишмади.
Ўша йиллари Жавоҳарлаъл Неру ҳинд халқининг фахрига айланган эди. 1944 йили Ражив, икки йилдан сўнг укаси туғилди. Индира болалар тарбияси билан шуғулланиб, шахсий ҳаётини йўлга қўядиган бўлди.
1947 йил 15 августда Ҳиндистон узоқ кутилган ўз мустақиллигига эришди. Жавоҳарлаъл Неру илк бор миллий ҳокимиятни тузишга киришди. Бу эса мамлакат ҳаётидаги энг улкан зафарлардан бири эди.
Индира отасининг шахсий котиби, энг яқин маслаҳатчисига айланди. Неруни хорижий давлатларга кузатиб қўйишда фаол қатнашди. Отаси хорижий сафарда бўлганида у мамлакат ичкарисидаги тинчликни сақлаб турарди. Аммо у икки вазифани тўлақонли бажардим деб ўйлаб. катта хато қилган экан. Индира давлат ишлари, фарзандлари тарбияси билан бўлиб, эрига мутлақо қарай олмаган экан.
1960 йили сентябрь ойида у расмий ташриф билан мамлакатнинг Жанубий штатларда бўлди. Бу жойларда тўполонлар содир этилаётганди. Шундай оғир вазиятда у раҳбарият ва иш ташловчилар билан тил топиша олди. Аэродромда Индирани отасининг ёрдамчиси кутиб олиб, Ферузнинг оғир юрак хуружи билан қаттиқ бетоб бўлиб ётганини етказди. Бу хабар унинг учун жуда қайғули эди. Индира туни билан жон бераётган эрининг ёнида парвона бўлди.
Ферузнинг ўлимидан сўнг Индира қаттиқ асабий ҳолатга тушди. Бу кўргилик етмагандек, унинг энг қадрдон инсони, отаси – Жавоҳарлаъл Неру ҳам вафот этди. Шундан сўнг ҳокимият учун аёвсиз курашлар бошланиб кетди. Аксарият одамлар Индира Ганди бош вазирлик лавозимига номзодини қўяди деб ўйлашганди. Бироқ Индира бундай йўл тутмади. Бу оиласининг обрўсига путур етказишини тушуниб етди ва Неру сиёсати тарафдори, ёши улуғ Шастрига овоз берди. Шастри сиёсат оламида унчалик катта обрў-эътиборга эга эмасди. Аммо Индира Ганди у туфайли ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиши мумкин эди. Алал-оқибат ўйлаб юрганларининг бари тўғри бўлиб чиқди. Шастрининг тутган бу йўли тўғри бўлиб, у Нерунинг қизига омад келтирди.
Шастрининг вафотидан сўнг қирқ саккиз ёшли хушбичим, истараси иссиқ, юзида кулгичи бор Индира Ганди мамлакатда энг юқори лавозимни эгаллади. Аммо унинг мамлакатни бошқаруви осон силлиққина кечгани йўқ. Индиранинг мамлакатни 12 йил бошқаруви давомида кучли рақобат шаклланиб бўлганди. Бу эса халқни бош вазирга нисбатан норози кайфиятга чоғлади. Навбатдаги 1977 йилги сайлов ўзгармас Индира Гандига нисбатан аксарият инсонларни ҳайрон қолдирди. Кексайганига қарамай, қаттиқ характер, қатъиятлилик Неру қизини тарк этмади. У сиёсат оламида ҳар бир қадамини мустаҳкамлаб борди. Индира Ганди, аввало, янги партия – Ҳиндистон миллий конгрессини шакллантирди. Ўзларича яшаётганлар учун меҳмонхона уйи очди. Мамлакатдаги жамоа анъаналари қатъий назорат остига олинди. Айниқса, гуру – ўқитувчига ниҳоятда ҳурмат билан қарайдиган бўлишди. Бу эса ғалабага бир қадам дегани эди. Уч йилдан кейин Ганди яна ҳокимиятга қайтиш учун ана шундай одилона йўлни танлади. Нима бўлганда ҳам мансабни қўлдан бермаслик учун у шу йўлни тутганди. Бу эса унга яхшигина омаб келтирди.
1980 йилнинг бошларида Индира Ганди бир қанча диний ва этник можароларига тўқнаш келди. Террорчилар гуруҳи бошлиғи ўз тарафдорлари билан синх дини табаррук жойининг асосий бир қисми – Олтин бутхона ибодатхонаси ва Амритсарини эгаллаб олишди.
1984 йили июнь ойида Индира Ганди Олтин бутхонани олиш учун армияга буйруқ берди. Тўқнашувларда террорчилар гуруҳи раҳбарлари билан биргаликда мингга яқин одам ҳалок бўлди.
Индира шундан кейингина ўзининг ҳаёти ҳам хавф остида эканлигини тушуниб етди. Ўша йили 31 октябрь куни бош вазирнинг таниқли Англия ёзувчиси, драматург ва актёр Питер Устинов билан телемулоқоти режалаштирилган эди. Индира Ганди телеэкранга яхшироқ кўриниш учун узоқ вақт кийим танлади. Экранда хипчароқ кўриниш учун ўқ ўтказмайдиган кийимини ечиб ташлади. Узоқни ўйламай қилган иши унга сўнгги марта панд берди. Душманлари пайт пойлаб юришганди. Уларга бу жуда қўл келади.
Индира сикхам қоровули билан кулиб сўрашди. Улардан бири Беант Сингх тезда тўппонча чиқариб, бош вазирга қарата уч марта ўқ узди. Бошқа бир сотқин Сатвант Синх автоматдан ўт очди... Шундай қилиб енгилмас, шаддод, мард Индира Ганди фожиали равишда ўлдирилди.
Бош вазир ва Конгресс раҳбарлигини унинг ўғли Раджив Ганди эгаллади. Бироқ Ражив Ганди бу лавозимда узоқ қололмади. Уни ҳам террорчилар ўлдиришди.
Иззат Аҳмедов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter