Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фирибгарлар учун осон ўлжа бўлманг – фейк хабарларни қандай аниқлаш мумкин?

Фирибгарлар учун осон ўлжа бўлманг – фейк хабарларни қандай аниқлаш мумкин?

Деярли ҳар ҳафта телеграм ёки инстаграмдан «Сиз фалонча пул ютиб олдингиз», «Сизга пул тарқатиляпти, карта маълумотларингизни киритинг» каби хабарлар келади. Ёки номаълум рақамдан ўзини банк ходими деб таништирган йигит-қизлар телефонимга келадиган тўртта хонали кодни айтворишимни сўрашади. «Нега?» деган саволимга, гоҳ хавфсизлик учун дейишса, гоҳ янги хизматни уламоқчиликларини айтишади. Яхшики, бу борада бироз билимим бор – қандайдир хизмат кўрсатиш учун ҳеч қайси банкка сизнинг на карта рақамларингиз, на махфий кодингиз керак бўлади. Шундай бўлгач, бу очиқчасига фирибгарлик эканини билиб, индамай қизил тугмани босаман. Аммо афсуски, орамизда уларнинг тузоғига тушиб қолаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Масалан, қўшнимиз Абдусаттор ака, кеча ишдан келаётсам, бошини чангаллаб ўтирибди. Салом бериб, ҳол-аҳвол сўрасам, ойлиги картасига тушиши билан қаёққадир йўқолиб қолганини айтди. Сўраб билсам, бир-икки кун аввал телеграмда таниши юборган ҳавола(линк)га кирган экан. «Сосо соla юбилейи сабаб, пул тарқатиляпти, беш юз минг олинг, дейилганмиди», десам, «Сен қаердан биласан?!», деди ҳовлиқиб, худди мен пулини ҳозир топиб берадигандек. Йиғлашниям, кулишниям билмай қолдим бечора қўшнимнинг аҳволини кўриб. «Менгаям келганди, кирмагандим, текин пишлоқ қопқонда бўлади, ака, милицияга боринг», деб уйга кириб кетдим. Ичимда бир ачинаман унга, бир «шунақаям содда бўладими киши, жазосини тортса, кейинги сафар ҳар келган маълумотга ишонавермай, текшириб кўрадиган бўлади» дейман.

Чиндан ҳам бизда маълумотларни филтирлаш, текшириб кўриш деган тушунча жуда кам тарқалган. Қўлимизда сўнгги русумдаги телефонни айлантириб юришга ошуфтамиз-у, лекин унга келадиган хабарларни саралаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз баъзан. Холбуки, интернет журналистика ривожланган сари жаҳон тажрибасида «фактчекинг» тушунчаси кенг ёйилиб боряпти. Чунки ижтимоий тармоқлар, интернетнинг кенг ёйилиши, нафақат оддий фойдаланувчиларга, балки фирибгар, жиноятчиларга ҳам қўл келяпти. Сабаби интернет тармоқларида, турли сайтлар, каналларда ҳар қандай ёлғон, сохта хабарларни тарқатиш жуда осон. Айниқса, бу моддий маблағ ёки таниқли шахслар билан боғлиқ бўлса.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги вақтларда айни шу кўринишдаги фирибгарлик тез-тез учраяпти. Мисол учун, шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Единый Портал - помощь родителям в Августе» номида саҳифа яратилиб, унда Президент номидан ҳар бир фуқарога 500 000 сўмдан пул тарқатилаётгани, бунинг учун пластик карта рақамини юбориш кераклиги айтилган.

Фирибгарликнинг бошқа бир тури бу – таниқли, расмий шахслар номидан сайт очиб, пул тарқатилиши ва бунинг учун фақат ҳаволани улашиб, картангиз рақамларини қолдиришингиз кераклиги ҳақида ёзилади. Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг биринчи хоними номидан тарқатилаётган айни хабар бунга яққол мисол бўла олади.

Ёки бошқа хабарларда Ўзбекистон Президенти фармонига кўра, 18 ёшга тўлмаган фуқароларга 650 000 сўмдан, 1 июн куни муносабати билан болаларга 200 000 сўмдан пул тарқатилаётгани ёзилган.

Бу каби фейк эълонларнинг барчаси тузоққа тушган одамларнинг картасидан пул ечиб олиш мақсадидагина қилинади. Аммо улар мамлакат Президенти номидан тарқатилаётгани боис айрим фуқаролар, айниқса, интернетдан одатда фақат телеграм, инстаграм ёки фейсбук, одноклассники каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиганлар тузоққа тушиб, пулларидан айрилиб қолишмоқда. Бу каби ҳолатларга тушмаслик, Давлат раҳбари номидан тарқалаётган хабарларнинг тўғри ёки фейк эканини қандай аниқлаш мумкин? Бунинг учун сизга келаётган хабарларни бироз таҳлил қилиб кўришнинг ўзи етарли, назаримизда.

Биринчидан, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларга аъзо бўлиб олиш энг ишончли йўл. Мамлакат Президентининг, унинг матбуот котиби ёки расмий сайтларнинг барчасида кичик кўк «птичка» – ишончлилик, ҳақиқийлик белгиси бор. Бу белги айни канал расмий экани, шу ва шу каби номда очилган бошқа каналларнинг фейк, ёлғон эканини билдиради.

Иккинчидан, сизга келган хабарда «пул мукофоти ютиб олиш» ёки «маблағ тарқатиляпти» каби сўзлар бўлса, бу ҳақидаги хабарларни расмий сайтлардан қидириб кўринг. Унгача ҳаволага кирманг ва ўзингиз ҳақингиздаги ҳар қандай шахсий маълумотларни киритманг. Чунки юқорида айтилганидек, сизга чиндан ҳам расмий тарзда пул маблағи ажратиладиган бўлса, банкка карта маълумотларингиз керак бўлмайди. Бу ҳокимият вакиллари, маҳалла раислари, ёрдамчилари орқали амалга оширилади ва хабар расмий сайтларда эълон қилинади.

Учинчидан, хабар услубига эътибор беринг. Унутманг, расмий манбаларда имло хатолари, турли стикерлар билан ёзилмайди.

Тўртинчидан, фейк хабарларда одатда пулларнинг бериб борилаётгани ҳақида ҳисоботлар, олганларнинг миннатдорчиликлари ёзилган скриинлари ёки расмлари бўлади. Эсда сақланг, бу каби ҳолатлар ҳам фирибгарлик, ёлғон хабар эканининг бир белгиси.

Хулоса қилиб айтганда, бирор расмий шахс, компания номидан келаётган хабарда пул ҳақида очиқдан-очиқ сизни жалб қилувчи сўзлар, пулларнинг расми ёки кимгадир ҳаволани юбориш, карта рақами сўраш каби сўзлар ёзилган бўлса, сергак тортишимиз керак.

Дунё тажрибасида бугунги кунга келиб, фейк хабарлардан нафақат пул ишлаш, фирибгарлик, балки миллатлараро низолар келтириб чиқариш, расмий шахсларни обрўсизлантириш, халқ ичида турли мавзуларда ваҳима пайдо қилиб, нарх-навони ошириш, қалбаки ёки сифатсиз маҳсулотни сотиш каби мақсадларда фойдаланишмоқда. Бу каби ҳолатларга алданмаслик, тинчлик ва фаровонликни бузишга, ёлғон хабарларни тарқатишга бевосита алоқадор бўлиб қолмаслик учун ҳам бизга келаётган хабар, маълумотларни филтрлаш, таҳлил қилишни ўрганишимиз заруратга айланяпти. Зеро, бу каби ёлғон хабарлар занжир каби. Агар бу занжир сизга келиб узилса, яъни сиздан кейин бошқага тарқалмаса, маълумотларингизни олишмаса, жиноятчи-фирибгарлар шунчаки ҳеч нарса қила олишмайди. Биз эса ўзимизни, яқинларимизни ва хатто юртимизни ёлғонлардан ҳимоя қилган бўламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг