Электрон давлат хизматларидан ким кўпроқ манфаатдор: давлатми ёки халқ? (видео)
Бугун электрон давлат хизматлари портали қанчалик ўзгарди? Соҳадаги асл муаммо нима: профессионал мутахассислар етишмаслигими, аҳолининг онлайн хизматлардан фойдаланиш малакаси сустлигими ёки тизим билан боғлиқ бошқа давлат идораларининг ўз вазифаларига масъулият билан қарамаётганими?
Шу каби саволлар билан Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг Операцион ва функционал жараёнларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Ниғматилла Шарафутдиновга юзланамиз.
– Сиз фаолият юритаётган бўлим нима ишлар билан шуғулланади? Электрон ҳукуматда унинг ўрни қанчалик муҳим?
– Операцион ва функционал жараёнларни мувофиқлаштириш бўлими давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидаги барча вазият ва ҳолатларни оптималлаштириш, ортиқча қадамлар, фуқаролардан талаб этилаётган маълумотномалар, турли қоғоз кўринишидаги ҳужжатларни аҳоли ёки тадбиркорлардан эмас, балки давлат ташкилотларининг ахборот тизимларидан олиб, электрон ҳамкорлик орқали тўғридан-тўғри тақдим этилишини йўлга қўяди. Яъни мақсадимиз – фуқароларга қулайликлар яратиб, ортиқча сарсонгарчилик, оворагарчиликларнинг олдини олишдир. Ушбу жараёнда кўзга кўринмаган ҳолда ахборот тизимларининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича техник ва технологик йўриқномалар ҳам тасдиқланади. Шунингдек, ахборот тизимлари керакли маълумотларни тегишли сўровларга мувофиқ электрон кўринишда тақдим этади.
Бўлимнинг асосий вазифаларига Марказга келиб тушган бошқа вазирлик идоралари томонидан ишлаб чиқилаётган ахборот тизимлари, маълумотлар базасининг техник топшириқларини ўрганиш ҳам киради. Биз ушбу жараёнда яратилаётган ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларининг келгусида қайси соҳаларда қўллаш мумкинлигини ҳам инобатга олиб қўямиз. Кейинчалик ишга туширилганда эса давлат хизматларини кўрсатиш, умуман фуқароларга қандай қулайликлар яратилишини эътиборга оламиз. Шу тариқа давлат хизматлари кўрсатилишида қайсидир қадамлар осонлаштирилади ёки олиб ташланиши мумкин.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларидан келиб тушган сўровларни ёки Давлат хизматлари агентлиги билан ўзаро ҳамкорликда ташкилотларни ўрганамиз. Ҳозир бизнес жараёнларини оптималлаштиришда Давлат хизматлари агентлиги ваколатли органдир. Электрон давлат хизматларини йўлга қўйишда эса бизнинг Марказ ҳамда бўлимимиз ходимлари иштирок этишади.
– Тушунарлироқ бўлиши учун мисол келтирсангиз...
– Масалан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда ёки бирор хизматдан фойдаланиш учун ариза тўлдирилади. Бунда фуқарога тегишли асосий маълумотлар ЖШШИР киритилгач автомат тарзда чиқиб келади. Яъни яшаш манзили, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган вақти ва жойи каби маълумотлар. Аслида бу тизим ишлаши учун жуда кўп босқичлардан ўтилган бўлади. Мисол учун, фуқаронинг яшаш манзили Ички ишлар вазирлигининг, шахснинг ўзига тегишли маълумотлар Давлат персоналлаштириш марказининг, СТИРи – Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимларидан олинади. Хуллас, барча давлат ташкилотларига тегишли ахборот тизимлари интеграция қилинганлиги учун ушбу маълумотлар Ягона порталдан фойдаланганда фуқаролардан қайта-қайта сўралмайди.
– Давлат ташкилотлари билан ишлаганда муаммолар ҳам юзага келиши аниқ. Бундай вақтда қандай ечим топилади?
– Давлат ташкилотлари билан ишлаганда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Қонунларига таянамиз. Ва ушбу ҳужжат доирасида ўз таклиф ҳамда талабларимизни берамиз. Агар масала ечими жуда мураккаблашиб, ҳар хил ёндашувлар бўлса, тегишли билдирги ёки маълумотномалар тайёрлаб, ваколатли органлар – АКТ вазирлиги, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига киритамиз. Муаммо ечими юзасидан, лозим топилса, тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, жараёнга татбиқ этилади.
– Сизнинг бўлимингизда ҳам мутахассислар етишмаслиги муаммоси борми?
– Айнан бизнинг йўналишда кадрлар камлиги жуда оғирли нуқтамиз. Чунки бундай мутахассисларни тайёрловчи алоҳида ўқув курслари, таълим муассасаларида эса йўналишлар йўқ. Дунё тажрибаси ўрганилганида ҳам бизнес жараёнларини оптималлаштириш бўйича кадрларга эҳтиёж юқори экани маълум бўлди.
– Электрон давлат хизматларининг йўлга қўйилишидан ким кўпроқ манфаатдор: давлатми ёки халқ?..
– 2020 йилда бутун дунё қийин аҳволда қолди. Унинг оқибатларини эса ҳалигача кўриб турибмиз. Пандемия даврида масофадан ишлаш билан бирга давлат хизматларига бўлган талаб ҳам ошди. Кўп давлат ташкилотлари томонидан талай хизматлар шошилинч равишда, синов тарзида тезкорлик билан жорий қилинди. Яъни давлат хизматларини масофадан туриб олиш имконияти яратилди. Бундан нимани кўриш мумкин? Демакки, электрон хизматларни йўлга қўйиш, рақамлаштириш сиёсатини ҳар бир жабҳага йўналтиришнинг иложи бор. Бундан халқ ҳам, ҳамкорлар ҳам, давлат ташкилотлари ҳам фойдаланади. Ортиқча вақт, маблағ сарфи камаяди, қоғозбозлик, бюрократия йўқолади. Фуқаролар ёки тадбиркорлик субъектлар сутканинг исталган вақтида, ўзига қулай пайтда ариза жўнатишлари мумкин.
Лекин бу ўринда давлат ташкилотларига қўйиладиган талаб, ҳар битта хизматни ўз маъмурий регламентига мувофиқ, белгиланган муддатларда кўриб чиқишидир (иш кунида). Бу ҳам қулайлик бўлиб, илгари ушбу аризани жўнатиш учун фуқаро давлат ташкилотига бориши, масъул шахсни кутиши, ҳужжатларда камчилик топилса, яна қайтиб кетишига тўғри келарди. Кейин жавобини олиш учун яна келиб-кетарди.
Электрон кўринишида эса бундай оворагарчиликлар йўқ. Масофадан ариза тўлдириш жараёнида асосий ҳужжатлар бириктирилади. Ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш ёки масъул шахслар томонидан шартлар киритиш имконияти мавжуд эмас. Шунингдек, фуқаро давлат хизматларини олишда аризасининг кўриб чиқилишини ҳар бир босқичда кузатиб туриши мумкин. Бунда ариза кўп ҳолларда бир нечта вазирликлар томонидан кўриб чиқилади.
– Бугунги кунгача нечта электрон кўринишдаги давлат хизматлари амалиётга жорий этилган?
– Шу кунгача Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) порталида 210 дан ортиқ электрон давлат хизматлари йўлга қўйилган. Ҳозирда фуқароларимиз электрон ҳукумат идентификация тизимидан ўтиб, порталда мавжуд барча давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланишлари мумкин. Ушбу жараёнда биз фойдаланувчилар дуч келаётган қийинчиликларни ўрганиб, энг мураккабидан бошлаб, ҳар битта хизматга тегишли видео йўриқномалар ишлаб чиқиб, кенг оммага имкон қадар етказяпмиз. Яъни хизматдан фойдаланиш қулай бўлиши учун ҳар битта босқич бўйича ўқув қўлланмалар жойлаштириб боряпмиз.
– 2021 йил режалари хусусида ҳам тўхталсангиз...
– Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида айтиб ўтилган, шу билан бирга «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ 2021 йилда электрон кўринишга ўтказиладиган давлат хизматлари рўйхати ишлаб чиқилди. Унга 60дан ортиқ давлат хизматлари киритилди. Ҳозирча бу ўша давлат хизматларининг электрон кўринишга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси. У тасдиқланганидан сўнг бизнинг асосий ишимиз бошланади. Яъни мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиш, кейин уни электрон кўринишга ўтказиш ҳамда кўплаб жараёнлар ва босқичларни автоматлаштириш бўйича ҳаракатлар...
Шунингдек, бу йилги асосий мақсадимиз – аҳолининг ахборот технологиялари, умуман, рақамли технологиялар соҳасидаги билимларини ошириш орқали Ягона портал фойдаланувчиларини кўпайтириш ҳамда давлат хизматлари сонини 300тага етказиш. Хўш, Ягона портал фойдаланувчилари қачон кўпаяди, қачонки, биз жорий этаётган хизматлар талабгир бўлса. Бунга фақат фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари томонидан талаб юқори бўлган хизматларни жорий этиб, уларнинг қулай, тушунарли ва соддалаштирилиши орқали эришишимиз мумкин.
Шоҳида Исроилова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter