Дунё биз ўйлагандек ёмон эмас ёхуд янглиш фикрлашимизга сабаб нима? (2-мақола)
Янгиланаётган дунёқараш... ёки эскирган дунёқараш. Сиз қайси дунёқараш билан яшаяпсиз? Масалан тўрт йил олдин ўйлаган бирор масаладаги фикрингизни бугун инкор қиласизми ёки ўша фикрда қоласизми? Ҳанс Рослинг, Ола Рослинг ва Анна Рослинг ҳамкорлигида яратилган FACTFULNEST яъни «Фактдорлик» китобини ўқий бошласангиз дунёқарашингиз анча эскирганини ҳис қиласиз. Яъни сиз жамият, дунё ҳақидаги эскирган фикрларингиз билан яшаяпсиз. Янаям аниқроғи айтингчи, фикрларингизни ўзгартириш учун бирор марта дунё, мамлакатлар майли узоққа борманг ўз жамиятингиз ҳақидаги фактларга таяниб кўрганмисиз? «Фактларга асосланган дунёқарашни шакллантиришда, – дейди китоб муаллифлари энг қийин нарса тажрибангизнинг аксарият қисми IV даражада эканини ва бошқалардан эшитганларингиз эса фавқулодда ҳодисаларнигина хуш кўрадиган ва одатийликдан қочадиган ОАВ орқали фильтрланишини англашдир.»
Келинг, IV даражада яшаш деганда кимлар тушунилишини китоб орқали билиб оламиз – I даражадан бошлаймиз: «Бу даражани кунлик бир доллар, яъни 12 минг сўм билан бошлайсиз. 3-4 та болангиз бор, балки беш нафар –биргина челакни кўтариб балчиқдан сув олиб келишади. Ҳар куни бир хил овқат, ўша сувда пиширилган бўтқа. Агар ер ҳосил бермаса шу бўтқаям йўқ, оч ухлайсиз. Бир куни кичкина болангиз йўталди, уй ичида ёқилган оловнинг тутуни ўпкасини зарарлаган. Антибиотикка эса пул йўқ. Ҳеч қанча ўтмай фарзандингиз вафот этди. Бу ўтакетган қашшоқлик даражаси. Лекин сиз ҳаракат қилишда давом этасиз. Агар омадингиз келиб ҳосил баракали бўлса, ортганларини сотишингиз ва кунлик даромадингиз 2 долларга чиқиши мумкин. Бу билан сиз кейинги босқичга ўтасиз. Омад». Сиз эса ўйланг атрофингизда худди шундай яшаётган бирор одамни биласизми, умуман Ўзбекистонда бормикан шундай яшаётган оила! Бугунги кунда тахминан 1 миллиард одам шундай яшайди.
II даража. «Уддаладингиз, кунлик даромадингизни тўрт бараварга оширдингиз. Бу пулларни нима қиласиз? Энди ўзингиз етиштирмайдиган маҳсулотларни сотиб олишингиз мумкин, масалан товуқ – у тухум қўяди. Бироз пул жамғариб, болаларингиз оёғига кийим ва сув учун бир нечта челак олишингиз мумкин, яна велосипед. Энди сув ташиш учун вақт тежалади. Газ плита ҳам оласиз. Электр бўлса болаларингиз ёруғда дарс қилади. Аммо кун совуса электр тез-тез ўчади. Сизнинг ҳозир ҳатто тагингизга тўшаб ётиш учун қалин матрасингиз бор. Ҳаётингиз бирмунча яхшиланган бўлсада ишончсиз. Биргина касаллик сизнинг бор-будингизни сотишга мажбурлайди ва сиз яна I даражага тушиб қоласиз. Кунига 3 доллар пул келиб тургани яхши, лекин сиз ростмана яхши яшашни истасангиз, даромадингизни яна 4 бараварга оширишингиз керак. Маҳаллий тикув цехига ишга киролсангиз, оилангизда мунтазам ойлик оладиган биринчи одам бўласиз. Бугунги кунда тахминан 3 миллиард киши шундай яшайди.»
III даража. Қойил! Буни ҳам уддаладингиз. Сиз бир неча ишда ишлайсиз, кунига 16 соат ишлаб даромадингиз 4 бараварга кўпайди. Уйингизга қувурда совуқ сув келтирдингиз, узлуксиз электр энергияси билан таъминландингиз, ҳатто музлаткич сотиб олиб овқатларингизнинг хили кўпайди. Яна пул йиғиб мотоцикл оласиз ва шаҳарчадаги яхши ҳақ тўлайдиган заводга ишга бориб келасиз. Бир куни бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалокатга учраб касалхонага тушасиз. Аммо йиғиб қўйган пулингиз бу сафар касалхона харажатини қоплайди. Сиз яна ишни давом эттирасиз, болларингиз ҳам мактабни битириб ишга жойлашади. Ва сизлар илк марта саёҳатга борасиз, майли бошида ўз юртингизга. Бугунги кунда 2 миллиард одам шундай яшайди.» Эслатаман яна ўша саволни: сиз шу даражадамисиз? Танишларингиз, яқинларингиз, ҳамкасбларингизни бир-бир кўз олдингизга келтиринг-чи, улар қайси даражада?
IV даража. «Кунига 64 доллардан кўпроқ пул топасиз. Анча бойиб қолгансиз ва сиз кунига қўшимча 3 доллар топиш деярли турмушингизни ўзгартирмайди. Шунинг учун ўта қашшоқ ҳаёт кечираётган одам ҳаётини ўзгартириб юборадиган 3 долларни катта пул ҳисобламайсиз. Маълумотингиз ўртадан юқори. Таътилда саёҳатларга чиқасиз, (майли ўзбекчасига айтсак ҳаж-умраларга, Туркияга бораяпсиз). Ойда бир марта ресторанга овқатланишга борасиз (гап ўйнайсиз). Машинангиз бор, уйлар қура оласиз, мебель ва ҳ.к. Албатта уйингизга иссиқ ва совуқ сув келиб турибди. (Бугунги кунда тахминан 1 миллиард одам шундай яшайди) Айни пайтда сиз мана шуларни ўқияпсизми, сиз тўртинчи даражада яшаяпсиз.
Яқинда ижтимоий тармоқларда энг бой ва энг камбағал одамлар ҳақидаги постга кўзим тушиб қолди. Шунда Ўзбекистонда камбағал камбағалга, бой бойга ажраб қолди, деган изоҳларни ўқидим. Бир ҳамюртимиз ростдан ҳам бойлар бой бўлиб кетаяпти аҳолининг ўрта қатлами йўқ, деди. Мен уни танирдим, институтда дарс берарди, ўзига тўқ яшайди. Шунда изоҳ ёзиб қўйдим, сиз ўрта қатламсиз, сизнинг ҳамкасбларингиз, танишларингиз ва мен, менинг ҳамкасбларим ўрта қатламмиз.
Сиз ҳам ўйлаб кўринг, атрофингизда биринчи, иккинчи даражадаги одамлар кўпми ёки учинчи, тўртинчи даражадаги? Агар атрофингизда учинчи ва тўртинчи даражадаги одамлар кўплигини тан олиб туриб ҳам йўқ, Ўзбекистонда камбағаллар кўп десангиз сиз янгиланмаган дунёқарашдасиз. Шу ўринда куни кеча янгиланган статистикага назар соламиз, Жаҳон банки эксперти хулосаларига кўра: «Ўзбекистонда 16 мингта уй хўжаликларида ўтказилган камбағаллик даражаси 2023 йил якунида 11 фоизгача пасайган, 2022 йилда камбағаллик даражаси 14 фоизни ташкил қилган.» Агар сиз шундаям ўз фикрингизда қолсангиз, ҳаёт яхши томонга ўзгараётганига шубҳа қилаётган бўлсангиз, «Фактдорлик» китобида таъкидланганидек, сизнинг дунёқарашингиз бўшлиқ инстинкти орқали бошқарилмоқда. Яъни бойлар ва камбағаллар орасида бўшлиқ борлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурни ўзгартириш нега бунчалар қийин?
Назаримда, дейди китоб муаллифи Ола Рослинг, бунга инсонларнинг бинар фикрлашга бўлган майли, ҳамма нарсанинг ўртасидаги бўшлиқдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган бир-бирига зид икки гуруҳга бўлиш оддий ва интуитив. Қолаверса, ўртадаги бўшлиқни тўлдирадиган ўртаҳолларни қўшиб гапириладиган бўлса, энг бойлар ва энг камбағаллар деган ёрлиқ ўз-ўзидан аҳамиятини йўқотади. Янаям аниқроғи ўрта ҳоллар ҳам борлигини тан олиш вазиятнинг жуда драматик эканлигини йўққа чиқаради.
«Бўшлиқ инстинкти бизни силлиқ диапазон бор жойда бўлинишга, туташув бор жойда тафовут, келишув бор жойда низо бор деб тасаввур қилишга ундайди. Агар бутун янгиликларни кўрсангиз ёки лобби гуруҳининг веб сайтига кирсангиз, икки гуруҳ ўртасидаги зиддият яъни энг камбағаллар ва энг бойлар ҳақидаги маълумотни ёки ўртадаги каттариб бораётган бўшлиқ иборасини эшитишингиз мумкин.»
Китоб сизга шундай маслаҳат беради: «Бўшлиқ инстинктини бошқариш учун кўпчилик қаерда эканини топинг. Хўш бизда кўпчилик қаерда энг пастдами ёки энг юқорида? Одатда кўпчилик айнан ўртада, бўшлиқ деб ўйлаган жойда бўлади. Энг камбағаллар ва энг бойлар ўртасидаги тафовут кўпинча адолатсизликдек кўринади. Лекин ҳатто шундай бўлганда ҳам, кўпчилик одамлар ўртада, айнан бўшлиқ бор деб тахмин қилинган жойда бўлади.»
«Фактдорлик» китобида биз дунё ҳақида янглиш фикрлашимизнинг бир неча сабаблари кўрсатилади:
Салбийлик инстинкти
«...Яъни яхши нарсалардан кўра кўпроқ ёмон нарсаларни пайқашимиз сабаб бўлади – ўтмишни нотўғри эслаш, журналистлар ва фаоллар воқеаларни саралаб узатиши ҳамда ҳаёт оғирлашаётган пайтда яхши нарсаларни айтиш эриш туюлади, деган кайфият.»
Қўрқув инстинкти
«Қуйидаги икки сарлавҳани газета муҳаррири нашрдан ўтказмайди, чунки улар бизнинг фильтримиздан (яъни ўқилмайди демоқчи) ўтишига шубҳа бор: «Безгак секин-аста камайишда давом этаяпти», «Бугун Лондонда қисқа муддатли ёмғир ёғишини метеорологлар кеча тўғри башорат қилди». Бизнинг фильтримиздан осон ўтадиган мавзулар: зилзила, уруш, қочоқлар, касаллик, ёнғин, сув тошқини, акулалар ҳужуми, террорчилик ҳужумлари... Шундай қилиб ОАВ бизга доим етказиб берадиган ноодатий ҳикоялар тасаввуримизни шакллантиради. Агар сергак бўлмасак, мана шу ноодатий ҳолатларни одатий ҳол, дунё ҳақиқатан шундай деб ишониб қоламиз...Қўрққанингизда дунё бошқача кўринади. Ваҳимангиз тарқаб кетмагунча имкон қадар камроқ қарор чиқаринг...»
Ҳажм инстинкти
«Янгиликларда ёлғиз рақамни кўрсам, у доим менга сигнал беради: бу рақамни нима билан солиштириш керак? Бу рақам бир йил аввал қандай бўлган? Ўн йил илгари-чи? Қиёсланадиган мамлакат ёки минтақада нима бор? Уни нимага бўлиш мумкин? Бу қисми бўлган жами сон қанча? Мен даражаларни солиштираман ва шундан кейингина бунинг муҳим рақам экани ҳақида бир қарорга келаман. Катта рақамлар ҳамиша катта кўринади. Ёлғиз рақам алоҳида ҳолда чалғитади, унга кўр-кўрона ишонмай шубҳаланишингиз керак. Доим солиштириш керак бўлган нарсани изланг, энг яхшиси бирор нарсага тақсимланг.»
Тақдир инстинкти
«Кўп нарсалар, жумладан одамлар, мамлакатлар, динлар ва маданиятлар ўзгариши секинлик билан кечаётгани учун ўзгармаётгандек туюлади. Аммо ҳатто кичик, секин ўзгариш ҳам йиғилиб, куни келиб катта ўзгаришни ясайди, яъни ҳар йили юз берадиган кичик ўзгариш йиллар давомида катта ўзгаришлар қилиши мумкин. Агар қадриятлар қанчалик ўзгарганини билгингиз келса бобонгиз ва бувингизнинг қадриятлари ҳақида ўйланг. Бугунги маданият кеча ҳам бўлган, эртага ҳам бўлади деган фикрни шубҳа остига олинг.»
Бир томонлама ёндошув инстинкти
«Инсонлар сайёрамиз табиий ресурсларини талон-торож қилади. Табиий шароит вайрон қилинган, кўплаб ҳайвонлар овланаверганидан йўқ бўлиб кетган, буни инкор қилиб бўлмайди, лекин ўзини ҳимоясиз ҳайвонлар ва уларнинг яшаш жойини муҳофаза қилишга бағишлаган фаоллар бошқаларни ғамхўрлик қилишга чақиришга чунонам берилиб кетганидан соҳада яхшиланиш бўлаётганини унутиб қўяди.»
Айблаш инстинкти
«Айблаш инстинкти бизни шахслар ва муайян гуруҳлар аҳамиятини бўрттириб юборишга мажбур қилади. Айбдорни топиш инстинкти дунёни чин ва фактларга асосланиб идрок қилиш қобилиятимизни сусайтиради: бировни айбдор деб ўйлашимиз билан у бизнинг диққатимизни ўғирлайди, кейин кимнинг юзига мушт туширишни билиб олгач, вазиятга бошқа изоҳ излашдан тўхтаймиз. Бу муаммони ечиш ёки такрорланиши олдини олиш қобилиятимизга путур етказади, чунки биз бармоғимизни бигиз қилишдек ҳаддан ташқари содда нарсага ёпишиб қолганмиз. Бу бизни аслида мураккаб бўлган ҳақиқатдан чалғитади ва кучимизни керакли жойга йўналтиришимизга тўсқинлик қилади. Бирор иш чаппасига кетса, айбдор шахс ёки гуруҳни изламанг. Нохуш ҳодисалар уларни ҳеч ким хоҳламаса ҳам содир бўлиши мумкинлигини тан олинг. Ўрнига шу вазиятни юзага келтирган тизимни ёки бир қанча ўзаро таъсир қилувчи сабабларни тушунишга кучингизни сарфланг...»
Шошилиш инстинкти
Шошилинг, буни ҳозироқ ўқинг! Мана шундай шок хабарлар дунё ҳақидаги қарашларимизни бузадиган энг ёмон хабарлардир. «Шошилиш инстинкти фаоллашганда, бошқа инстинктларингиз ҳам фаоллашади ва таҳлил қила олмай қоласиз. Яна бироз вақт ва маълумот беришларини сўранг. Ҳозир ёки ҳеч қачон, униси ёки бунисини танлаш керак бўлган вазиятлар камдан-кам содир бўлади.»
Хуллас фактдорлик – стрессни юмшатади, мулоҳаза қилишга, таққослашга, қиёслашга ундайди. Фақат кучли фактларга таяниб фикрлаш одатини ўзлаштирсангиз дунё ҳақидаги янглиш фикрлаётганингизни чуқурроқ англаб бошлайсиз!
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter