«Биринчи рақамли борт» ва «ўғри журналистлар» (фото)
АҚШ журналистлари мамлакат президенти Жо Байденнинг расмий самолётидан нарсаларни эсдалик учун ўғирламасликка чақирилди. Бу ҳақда BBC News ёзмоқда.
Оқ уй мухбирлари уюшмаси самолётдан нарсаларни олиб кетиш тақиқланганини маълум қилди.
Жо Байден АҚШ ғарбий соҳилларига ташриф буюрган феврал ойида Air Force One («Биринчи рақамли борт») инвентаризациясида етишмовчиликлар аниқланган — матбуот учун ажратилган бўлмада буюмлар йўқолган. Президент самолёти тамғаси туширилган ўриндиқ ёпинчиқлари, тилла суви югуртирилган бокаллар ва ликопчалардан бир нечтаси ғойиб бўлган.
Ўтган ой уюшма мухбирларга электрон хат йўллаб, бундай ҳолатлар пресс-пулл ва президент билан бирга саёҳат қилаётган журналистлар шаънига доғ тушириши мумкинлигидан огоҳлантириб, тўхтатилиши шартлигини таъкидлаганди.
Журналистларга баъзида президент тамғаси туширилган M&Ms конфетларини совға қилиб туришади. Бироқ Air Force One логотипи туширилган буюмлар, жумладан, ошхона анжомлари ва сочиқларни ўзлари билан олиб кетиш кўп журналистлар учун одатий ҳол ҳисобланган, буни уларнинг ўзлари ҳам тасдиқлашмоқда.
Оқ уй президентнинг осмондаги офиси деб атовчи Air Force One самолёти 4 000 кв фут (372 кв м) майдонга эга. Унда президент учун улкан иш жойи, жарроҳлик столига эга тиббиёт станцияси, конференц-зал, ошхона, бир пайтнинг ўзида 100 кишига овқат тайёрланадиган иккита камбуз, матбуот, VIP-персона, қўриқчилар ва котиблар учун зоналар бор.
Нашр ёзишича, илғор авионикаси ва ҳимоя тизими сабабли самолёт ҳарбий тоифага киради ва ҳаво ҳужумини қайтара олади. Самолётга ҳавода ёнилғи қуйиш мумкинлиги боис ҳавода исталганча вақт парвоз қилиши мумкин, бу фавқулодда вазиятларда қўл келади (бу ҳақда Голливуд кино ҳам олган).
Булардан ташқари, Air Force One хавфсиз алоқа қурилмаларига эгалиги боис, мобил бошқарув маркази вазифасини бажара олади. Самолёт бортида 85 та телефон, кўплаб икки томонлама алоқани қўлловчи радиостанциялар ва компютер алоқаси мавжуд. Президент самолётнинг олд қисмида, журналистлар орт қисмида ўтиришади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter