Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Арпа экиб, буғдой кутманг!

Арпа экиб, буғдой кутманг!

Фото: «112.ua»

Ишдан қайтишингиз билан фарзандингиз истиқболингизга чиқади. Кўзи тўрт бўлиб сизни кутган эмасми, кўришар-кўришмас савол беришга тутинади. Фарзандингиз бераётган саволлар унинг хаёлот оламидек кенг ва ранг-баранг.

Мактабда муаллимидан эшитган-у, аммо мағзини чақа олмаётган янги билимлар унга тинчлик бермайди, ён-атрофида кечаётган турфа ҳодисалар синоатига тезроқ етишга интилади. Тонгда қуёш чиқиши, намозшомда эса яна ўз ётоғига кириши, тунда қуёшнинг ўрнини билинтирмай дегандек, осмонда оймоманинг пайдо бўлиши...

Булар сиз учун кундалик воқеликка айланиб улгурган. Шунданми, фарзандингизнинг ана шу ҳодисалар нима учун рўй бериши ҳақидаги жўн бўлиб туюлган саволига жавоб бергингиз келмайди. Гоҳида билмаганингиздан, гоҳида эса истамаганингиздан жажжи билимдоннинг сўровларини эътиборсиз қолдирасиз. «Қўй, болам, нима қиласан, бошингни қотириб, ундан кўра, мультфильм томоша қил», дейсиз тезроқ унинг хархашаларидан халос бўлиш учун. Ёки «Бор, онангдан сўра, айтиб беради» дея ошхонада куймаланаётган аёлингиз қошига юборасиз...

Кун бўйи хаёлингизни банд этган рўзғор ташвишлари, тирикчилик уринишлари сабабми, фарзандингиз кўзида чақнаб турган иштиёқ оловини сезмайсиз.

Ота-онасини турфа саволларга кўмиб ташлаган, аммо бирорта ҳам жўяли жавоб ололмаган кичкина донишманднинг кўзларида ёниб турган учқун аста-секин сўнаётганига ҳам эътибор қилмайсиз.

Бу ҳолат деярли ҳар куни давом этади. Асов от каби югурик хаёллар билан бўй чўзаётган фарзанд ота-онасини яна кўп бора саволга тутади. Улар ҳам анойи эмас, ҳар гал «сувдан қуруқ чиқиш»нинг йўлини топишади, болакай жуда тихирлик қилиб сўроққа тутаверса, яхшилаб уришиб ҳам беришади. Шу тариқа, бола савол бермай қўяди, ота-онанинг ҳам қулоғи тинчийди, аммо... шунинг баробарида эндигина униб-ўсиб келаётган иқтидор сўнади, келажакда бирор бир соҳада тенгсиз мутахассис бўлиб етишиши мумкин бўлган истеъдод йўққа чиқади.

Психологларнинг айтишича, болалигида кўп савол беришга одатланган, воқеаликка тийрак назар билан қараган кичкинтойлар келгусида интеллектуал салоҳияти юқори, тафаккури кенг инсон бўлиб етишадилар. Бунинг учун эса болада истеъдод ғунчалаётган пайтданоқ уни авайлаб парваришлаш, гул бўлиб очилишига имкон яратиш лозим.

Бўладиган бола бошидан маълум, дейди халқимиз. Чиндан, тенгдошларини ортидан эргаштираётган кичкинтой ақлини таниб кўпнинг бошини қовуштирадиган етакчи бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Зеҳни ўткир, ҳофизаси кучли болакай яхши ижодкор, етук олим, қўли гул ҳунар эгаси бўлиб етишиши мумкин.

Абу Али ибн Сино ўсмирлик пайтидаёқ улуғ табиб сифатида донг таратган, даво истаган беморларга шифо улашган.

Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний тўққиз ёшида Қуръони каримни ёд олган, болалик чоғларидаёқ илмнинг баланд рутбаларини эгаллаган.

Алишер Навоий 7 яшарлигида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарини бошдан-оёқ ёд билган.

Бобур Мирзо ўн бир ёшида салтанатни бошқарган, ҳукмдорликнинг залворли ташвишларини нозик елкасида кўтара олган.

Шарқ осмонининг порлоқ юлдузи бўлган бу зотларнинг ҳаёт йўлига назар солсангиз, бир умумий жиҳатни топишингиз мумкин: улар маърифатли тарбиячилар қўлида камолга етганлар, гўдаклик пайтиданоқ уларнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратилган.

Эътибор берганмисиз, бола табиатан ишонувчан бўлади. У ҳатто катталарнинг ёлғонларига ҳам чиппа-чин ишонади. Мурғак қалбнинг ишонувчанлиги эса ота-оналарга қўл келади: кўпинча уни алдаб, ёлғон сабабларга ишонтиришга уринишади. Бироқ «Алдагани бола яхши» қоидаси фарзанд тарбиясига зарарли ва хатарли таъсир кўрсатиши, масъум кўнгилда турли иллатларнинг илдиз отишига сабаб бўлишини ҳаёт воқелиги кўп бора кўрсатмоқда.

Бола қалбига ҳеч бир нарса ота-она ибратидек кучли таъсир этмайди. Жажжи вужудга яширинган истеъдодни аниқлаш ва камолга етказиш ҳам ота-она зиммасидаги вазифадир. Бу вазифа муҳимликда болани чиройли кийинтириш, яхши таомлантиришдан қолишмайди.

Донишмандлар боланинг онгу шуурини тоза заминга қиёслашгани ҳам бежиз эмас. Ерга қандай уруғ қадасангиз, ўша униб чиққани каби бола онгига ҳам арпа экиб қўйиб, буғдой кутмаслик керак.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг