Андижонлик йигит Ўзбекистонга Microsoft’ни олиб кирмоқчи
Бобурмирзо Умурзоқов 1993 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган.
Дунёнинг энг йирик «айти» компанияларидан бири ҳисобланган Microsoft’да ишлайди.
У Microsoft бизнесини 35 та давлатда ривожлантириш ва маркетинг режа ва стратегияларини тузиш бўлимида менежер лавозимида фаолият юритмоқда.
Бобурмирзо Microsoft’да катта лавозимни эгаллаб турган ўзбекистонлик илк ёш IT-мутахассислардан биридир.
«Айти»га қандай кириб келди?
Бобурмирзонинг «айти»га кириб келиши дастлаб Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ўқиши даврига тўғри келади. У ерда 2014 йилга қадар қомпьютер технологияларига оид билимларни пухта эгаллади.
Университетни тамомлагандан сўнг «General Motors» компаниясида дастурчи-муҳандис лавозимида 1 йил давомида ишлади.
Катта мақсадлари йўлида у ўқишни давом эттириш учун Қозон шаҳрида жойлашган Иннополис университетига йўл олди. У ерда ўз йўналишида грант асосида магистратурада таҳсил олди.
«Ўқиш давомида орттирилган билимлар ишга кириш учун доим камлик қилади. Шунинг учун мен ўқишдан ташқари амалиёт ўташга ҳаракат қилардим. Россиянинг «Сбербанк» компаниясига ишга кириб фаолиятимни давом эттирдим. Бу эса мен ўрганган нарсаларни амалиётда қўллашимга анча ёрдам берди», дейди қаҳрамонимиз.
Европага йўл
Магистратурани тамомлаб, 2017 йилга қадар Россиянинг бир нечта компанияларида ишлагач, сўнг Европага кўчиб ўтишга қарор қилади. 2017 ва 2018 йиллар мобайнида Германияда «Wirecard» компаниясида ишлайди.
«Дастурлаш соҳасида ишга кириш учун интервьюлар энг асосий жиҳат саналади. Бу ерда сизда мулоқотга киришиш, биладиган нарсаларингизни кўрсатиб бера олиш қобилияти, яъни нотиқлик саънати ҳам бўлиши керак. Ундан ташқари эса, албатта, тилларни билиш ҳам муҳим омил», дейди Бобурмирзо.
2018 йил июнь ойидан Эстониядаги «Topia» компаниясида бош мутахассис сифатида ишини бошлайди. Шу орада халқаро дастурчилар академиясида Java дастурлаш тилидан ўз билимларини бошқаларга улашиш учун ўқитувчи бўлиб ишлади.
Дунёдаги энг нуфузли компаниялардан бири – Microsoft’га ишга кириш кўп машаққатни ва ўз устида янада ишлашни талаб қиларди. Лекин, «мақсади аниқ инсон ҳамма нарсага эриша олади» шиорига амал қиладиган Бобурмирзо 2021 йилда бу компанияга ишга кирди.
Келинг, қолганини унинг ўзидан эшитамиз.
«Ҳозирги ишхонамда бизнинг кичкина гуруҳ катта ишларни бажаради»
Мен Microsoft’да «Senior Software Engineer» лавозимида компаниянинг Европадаги ривожланиш марказларидан бири бўлган Таллинда (Эстония) ўз иш фаолиятимни бошладим. Ушбу қисқа вақт давомида 2 марта лавозимим кўтарилди, муҳандислик йўналишидан Маркетинг бўлимига ўтиб, 4 ой хизмат қилгач, Microsoftнинг Европадаги асосий бизнес гуруҳига дастурчилар аудиторияси етакчиси сифатида ишга қабул қилиндим. Сўнгра тез орада ҳозирги даражага етиб келдим. Менинг бошчилигимдаги гуруҳ миллионларга жавобгар, масалан 6 миллондан ортиқ дастурчиларни Microsoft маҳсулотларига қизиқтириш ва янги технологияларни уларга етказиб бериш каби вазифаларни бажаради. Бизнинг шиор: «Миллионлаб корхоналарни ўз мақсадларига эришиш имкониятини яратиб бериш.
«Катта орзуларимдан бири»
Ҳозирда асосий мақсадларимдан бири – Ўзбекистонда «Microsoft Development center»ни ташкил қилиш. Бу барча дастурчилар тажрибаларини оширишга хизмат қилади. Microsoft ривожлантириш марказлари кўплаб Европа давлатларида фаолият олиб боради. Юртимизда, «айти» мутахассислари кундан кунга кўпайиб бораётгани сабабли, бундай марказ бўлиши биздаги ахборот технологияларини ривожига жуда катта ҳисса қўшади.
Шунинг учун, 2023 йил учун бизда юқори мақсадлар бор. Масалан, Ўзбекистон «айти» соҳасидаги ҳолатни ўрганиш ва статистикани олиб бориш, ривожлантиришга кўмаклашиш. Ўзбекистонга Microsoft’ни олиб кириш кўплаб омилларга боғлиқ. Мамлакатдаги иқтисодий ҳолат, дунёдаги бўлаётган ўзгаришлар каби омиллар таъсир қилади. Бунинг учун бизга ахборот технологиялари ташкилотлари ва IT мутахассисларининг ёрдами керак бўлади. Масалан, қўшни давлат Қозоғистонда бу яхши йўлга қўйилди. Марказий Осиёда Ўзбекистон биринчи ўринда бўлишини хоҳлайман ва бунинг учун қўлимдан келган ишни қилишга тайёрман. Ҳозир биз билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган инсонларни қидиряпмиз.
«Яхши IT-мутахасис карьерани биринчи ўринга қўйиши керак, кўп пул топишни эмас»
Агар сиз фақат пул учун ушбу соҳани ўрганмоқчи бўлсангиз, яхшиси бошқа иш билан шуғулланинг. Ҳар куни янги нарсаларни ўрганиш, ўз мақсадингиз йўлида тўхтамасдан ҳаракат қила олсангиз ва бошқаларга ўз фойдангиз тегишини хоҳласангизгина, сиз зўр дастурчи бўла оласиз.
Мирзо Узоқов тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter