500 йилдан ортиқ вақт мобайнида одамлар тетраподларнинг 73 авлодига қирон келтирди
Австралиядан чўчқа оёқли бандикотлар оиласи одамлар ва инвазив турларнинг айби билан бутунлай йўқ бўлиб кетган.
Охирги 500 йил ичида сут эмизувчилар, қушлар, судралиб юрувчилар ва амфибияларнинг 73 авлоди инсон таъсирида йўқ бўлиб кетди. Бундан ташқари, сут эмизувчиларнинг олтита оиласи ва қушларнинг тўртта оиласи, шунингдек, қушларнинг иккита туркуми йўқ бўлиб кетди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бундай йўқ бўлиб кетиш даражаси табиий кўрсаткичлардан тахминан 35 баравар кўп. Тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди, деб хабар бермоқда nplus1.ru нашри.
Олимлар табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти маълумотлар базаларидан йўқолиб бораётган, йўқолиб кетиш хавфи остида турган тетрапод турлари (яъни сут эмизувчилар, қушлар, судралувчилар ва амфибиялар) тўғрисида маълумотлар тўплашди ва 1500 йилдан бери тетраподларнинг 73 авлоди инсоннинг табиатга тажовузи туфайли йўқ бўлиб кетганлигини аниқладилар. Улардан 44 таси қушлар, 21 таси сут эмизувчилар, 5 таси амфибиялар, 3 таси судралиб юрувчилардир. 55 нафар йўқолиб кетган авлод фақат битта турдан иборат бўлиб, бутун наслнинг йўқолиши Антарктидадан ташқари барча қитъаларда қайд этилган. Қушларнинг иккита туркуми Янги Зеландиядан (моа (Dinornithiformes) ва Мадагаскардан (Aepyornithiformes) шунингдек, олтита сут эмизувчилар оиласи ва тўртта қушлар оиласи, масалан, (Mohoidae) бутунлай йўқолди.
Йўқолиб кетган кўплаб наслларнинг вакиллари экотизимларда муҳим рол ўйнаган ёки одамлар учун фойдали бўлиши мумкин. Хусусан, йўловчи, кўчманчи каптарлар (Ectopistes migratorius) йўқолганидан сўнг, Шимолий Американинг шимоли-шарқидаги ўрмонларда илгари бу қушлар билан озиқ-овқат учун рақобатлашадиган кичик кемирувчилар сони кўпайди. Натижада бу ерда кемирувчилар одамлар учун хавфли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлди. Муаллифларнинг фикрига кўра, бу йўқолиб кетиш хавфи остида турган наслларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Одамлар нафақат ноёб турларни йўқ қилишлари, балки уларни самарали сақлашлари мумкин. Мисол учун, бир неча йил олдин бразилиялик тадқиқотчилар табиатни муҳофаза қилиш ҳаракатлари туфайли (1993 йилдан 2020 йилгача) 28-48 турдаги қушлар ва сут эмизувчиларнинг йўқ бўлиб кетишининг олдини олганлигини аниқладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter