Вазир беш нафар раҳбарни ишдан олди
Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев мавжуд спорт иншоотларининг моддий-техник аҳволини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Ўрганиш давомида Гулистон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида давлат маблағлари эвазига харид қилинган кўплаб спорт жиҳозлари ва инвентарлари фойдаланмасдан омборхонада сақланаётгани, 2008 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати базасида усти ёпиқ бассейн 2 йилдан буён фаолият кўрсатмаётгани, Янгиер тумани болалар ва ўсмирлар спорти мактабидаги усти ёпиқ бассейннинг иситиш тизимидаги носозлик сабабли йил бўйи фойдаланиш имконияти йўқлиги маълум бўлди.
Вазир Дилмурод Набиев ёш авлод саломатлиги йўлида йирик миқдордаги давлат маблағлари ҳисобига қурилган ушбу иншоотлар фойдаланилмаётгани ачинарли ҳолат эканини таъкидлаб, мутасаддиларга муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш топшириғини берди. Шунингдек, муассаса раҳбарларига замонавий маркетинг усулларидан унумли фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилиги кўринишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, олинган даромад ҳисобидан бассейнлар иш фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фидойи мураббийларни тақдирлаш лозимлиги таъкидланди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда спорт таълими муассасалари раҳбарларига ёшларни спортга жалб этиш бўйича ишларни кучайтириш, ҳар бир болага куннинг исталган пайти ушбу муассасаларга ташриф буюриб футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, бадминтон каби спорт турлари билан шуғулланиши учун қулай имконият яратиш вазифаси топширилди.
Вазир мазкур иншоотлар қаторида бўлган Боёвут ва Ховос туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг қурилиши якунланмай қолган базаларида бўлиб, у ерда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди. Мулоқот якунида мазкур масала ижобий ҳал қилиниб, зарур маблағлар қисқа муддатда ўтказилиши белгиланди. Қурувчилардан спорт объектларини қуришда, аввало, сифатга эътибор қаратиш сўралди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши йўлида давлат томонидан яратилган шароитлардан оқилона фойдаланмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйган 5 нафар раҳбар ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter