Токио-2020 учун махсус ишланган спорт экипировкалари тақдим этилди (фото)
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича МОҚ ҳузурида ташкил этилган тезкор штаб фаолияти ва Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси учун махсус ишлаб чиқарилган спорт экипировкалари ҳамда расмий либосларининг тақдимоти бўйича матбуот анжумани ташкил қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Анжуманнинг дастлабки қисми тезкор штаб фаолиятига бағишланди ва унда МОҚ департамент директори Алишер Каримов ҳамда ушбу штабга раҳбар этиб тайинланган Шерзод Тошматов иштирок этишди.
«Хабарингиз бор, ҳозир коронавирус сабаб кўп мусобақалар бекор қилинди ва энди қайта тикланмоқда. Ўз навбатида булар терма жамоаларимизнинг режалаштирган ўқув-машғулот йиғинларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Апрель-май ойига келиб қўлга киритган лицензияларимиз ҳам анча кўпайиб қолади. Ҳозир барчаси тайёргарлик бўйича ишлаб чиққан режа бўйича кетмоқда», – деди Алишер Каримов.
Ташкил этилган тезкор штаб борасида Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси ва ушбу штабга раҳбар қилиб тайинланган Шерзод Тошматов батафсил гапириб берди.
«Тезкор штабнинг асосий мақсади лицензияга даъвогар ва йўлланма олиб улгурган спортчилар билан индивидуал тарзда ишлаш, уларнинг соғлиғи ва ижтимоий аҳволини назорат қилиб бориш, энг муҳими Олимпиададаги муваффақиятли иштирокни таъминлашдир. Муҳтарам Президентимиз спортчиларимизни Токио Олимпиадасига тайёрлаш бўйича бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқдалар. Биз бунга муносиб бўлиб, замон билан тенг юришимиз лозим», – деди Шерзод Тошматов.
Олимпиадага тайёргарлик ҳақида гап кетар экан, унда атлетларимиз, делегация вакиллари ва қўллаб-қувватлаш гуруҳи учун спорт экипировкаларини танлаш алоҳида мавзуга айланади.
МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бу борада ҳам соҳанинг етакчи фирма ва дизайнерлари билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи ташкил қилди. Профессионал ва ҳаваскор дизайнерларга ўзларини кўрсатиш учун делегациямизнинг Токио Олимпиадаси учун экипировкалари бўйича халқаро танлов эълон қилинди. Танловда 100 дан ортиқ иштирокчи ўз лойиҳалари билан қатнашди. Якунда эса энг саралари танлаб олиниб, Президент ва ҳукуматимиз раҳбариятига тақдимот қилиб берилди.
Президент ушбу экипировкаларни яқиндан ўрганиб чиқиб, улар орасида энг муносибларини ижобий баҳолади.
Матбуот-анжуманининг иккинчи қисмида МОҚ Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори Халида Камилова ҳамда экипировкалар дизайнери Эльнора Ризаевалар иштирок этишди.
«Токио-2020 спорт экипировкаларига шахсан юртбошимиз алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу ўринда биз ҳам бу борада янгича ёндашдик. Мисол учун, оғир атлетика, таэквондо, эшкак эшиш каби спорт тури билан шуғулланадиган атлетларимизнинг танаси ҳар хил шаклланган. Шу боис ҳам кийимлар ҳар бир спорт тури бўйича махсус тайёрланади. Айниқса, пара-атлетларимиз учун ҳам уларнинг классификацияга қараб кийим тайёрланади», – деди Холида Камилова.
«Дизайн мамлакатимиз байроғида акс этган ранглар асосида танланди. Оқ рангдан дунёда кўп давлатларда фойдаланишади. Шу боис ҳам бизнинг кийимимиз ажралиб туриши учун оқ ва яшил рангларнинг уйғунлигидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Бу Олимпиада пайти Токионинг иссиқ ва нам иқлимида анча қулай. Қараганда ҳам ўзининг жозибаси билан кишини ром қилади. Кийимлардаги нақшларда бой маданиятимизни акс эттиришга ҳам уриндик. Бу ранг ва нақшлар ислом динида хам ижобий маъно ифодалайди. Дунё аҳли бу кийимларни кўрганида тез суратларда ривож топиб бораётган Ўзбекистонни тасаввур қилиши лозим», – деди либослар дизайнери Эльнора Ризаева.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter