Соғлом шаҳар: спорт билан шуғулланишга шароит бўлиши шартми?
Бостон – гўзал, замонавий, инновацион шаҳар, АҚШнинг Массачусетс штати маркази, дунё илм-фани ўчоқларидан бири. Жаҳонга машҳур Ҳарвард университети, Массачусетс технологиялар институти ва юзлаб бошқа нуфузли олий таълим муассасалари жойлашган бу шаҳарга дунёнинг қарийб барча мамлакатларидан талабалар, зиёлилар, олим ва тадқиқотчилар интилиб келади.
Бироқ бу шаҳар мени бошқа бир жиҳати билан ҳам ўзига мафтун этди: куннинг қайси вақтида бўлмасин шаҳар бўйлаб югураётган, велосипед ҳайдаётган, скейборд учаётган одамларни кўрасиз.
Бекорга «одамлар» сўзини қўлламадим. Боиси бу ерда нафақат ёшлар, нафақат қизлар, балки ўрта ва кекса ёшли эркагу аёллар ҳам якка-якка ёки гуруҳ бўлиб спорт билан қизғин шуғулланаётганининг гувоҳи бўласиз, ўн эмас, юзлаб, минглаб спортсеварларни учратасиз. Айниқса дам олиш кунлари спортсеварлар сони бир неча баробарга ортар экан.
Шаҳар режаси шундай ишлаб чиқилганки, бу ердаги шароитларнинг ўзи одамни югуришга, велосипед ҳайдашга, умуман, спорт билан шуғулланишга ундайди; югуриш, пиёда сайр қилиш учун йўлаклар, велосипед учун алоҳида ажратилган йўлакчалар, Чарли дарёси қирғоғидаги спорт билан шуғулланишга мослаб бунёд этилган хиёбон.
Қолаверса, шаҳарнинг турли қисмларида велосипедларни ижарага бериш марказлари ташкил этилган. Ҳар бир бино олдида велосипед қўйиш учун махсус жойлар ташкил этилган. Ҳаттоки бир жойда велосипед созлаш учун шароит яратилганига ҳам кўзим тушди. Бир сўз билан айтганда, шаҳарда спорт билан шуғулланиш учун яратилган барча имкониятлар одамлар учун: қулай, жозибадор ва қизиқарли.
Мавзуга доир:
Шавкат Мирзиёев: «Ҳамма велосипедда юрсин, соғлиққа фойда» (видео)
Ушбу манзарага гувоҳ бўлар эканман, дарҳол ўзимизда – Ўзбекистондаги вазият билан таққослай бошлайман. Қанийди бизда ҳам шундай шароитлар бўлса, ҳар куни югуриб, фақат велосипедда юрармидик...
Аммо шароит бутунлай йўқ ҳам эмас-ку, Тошкент мисолида оладиган бўлсак, ҳар бир кварталда мактаб стадионлари очиқ ва деярли бўш туради. Шанба-якшанба кунлари югуриш ёки велосипед ҳайдаш ўрнига кўп ҳолларда чошгоҳга, тушга қадар ухлаймиз, тушдан сўнг гап-гаштак, чойхона, базму жамшид, тўй-томоша...
Хуллас спорт билан шуғулланишга вақтимиз, имкониятимиз, шароитимиз, спорт кийимларимиз, скейборду велосипедларимиз йўқ. Бўлганида албатта куннинг совуқлиги ёки вақтнинг ғаниматлигини баҳона қилмасдан, югуришга, велосипед ҳайдашга ёки шунчаки пиёда сайр қилишга чиқар эдик...
Бостон, АҚШ
2018 йил 11 февраль
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter