Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сижжак» оромгоҳи триатлон федерацияси ихтиёрига ўтади. Ўтган йили бу маскан ЎФАга берилганди

«Сижжак» оромгоҳи триатлон федерацияси ихтиёрига ўтади. Ўтган йили бу маскан ЎФАга берилганди

Фото: «minbar.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистонда триатлон спортини ривожлантиришга қаратилган қарори муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасида «Сижжак» дам олиш маскани ичидаги барча жиҳозлари билан Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилиши белгиланган.

«Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Сижжак» дам олиш маскани ва ундаги суднинг қарори билан давлат фойдасига ундирилган барча жиҳозларни Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга бериш ҳақидаги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Бош прокуратура қошидаги МИБ ва Ўзбекистон триатлон федерациясининг таклифи инобатга олинсин», – дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Оромгоҳ негизида федерациянинг ўқув-машғулот базаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бунга 15 млрд сўм ажратилиши кўрсатилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, айни пайтда мазкур дам олиш ҳудудида меҳмонхона биноси, бир нечта бассейн, амфитеатр, коттеж, сув минораси ва бошқа иншоотлар, шунингдек, турли мол-мулклар (қулоқчинлар, Wi-Fi роутер, чангютгичлар, телевизорлар, идиш-товоқлар ва бошқалар) мавжуд. У жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 10 февралдаги ҳукми билан ҳибс қилинган. Ушбу мол-мулкларни ҳам федерация тасарруфига бериш режалаштирилган. Агар ҳукм бекор қилинса ёки ўзгартирилса, у ҳолда федерация уларни эгасига (унинг кимлиги кўрсатилмаган, айрим манбаларга кўра, мулк ўз вақтида Гулнора Каримовага тегишли бўлгани айтилади) қайтариши ёки унинг қийматини тўлашига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси этиб президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров сайланган эди.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, Президентнинг ўтган йил март ойида эълон қилинган «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «Сижжак» дам олиш масканини ЎФА ихтиёрига ўтказиш белгиланганди.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси маблағлари ва Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларини молиялаштириш манбаси этиб белгилаган ҳолда, суд томонидан давлат даромадига ўтказилган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Сижжак» дам олиш маскани негизида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин», дейилганди қарорда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг