Шоҳжаҳон Эргашев жанг олдидан 17 килограмм вазн ташлади
Бизнинг вақт билан 26 ноябрь куни тонгда Лас-Вегасдаги «Michelob Ultra Arena»да профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтади.
Бу кеча ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев (23-0-0) IBF йўналиши чемпиони, пуэрто-риколик Сабриель Матиас (19-1-0) билан камар учун жанг қилади.
Шоҳжаҳон ушбу чемпионлик жанги учун 17 килограмм вазн ташлашига тўғри келди. Бу ҳақда «Оламспорт» нашрига боксчининг ўзи маълум қилди.
«Ҳозир ҳам икки килограмм ортиқча вазнга эгаман. Фаолиятимда илк бор 17 килограмм вазн ташлашга тўғри келди. Бунақаси ҳали бўлмаганди. Озғин, кичкина бўлиб қолганимни қаранг (кулади). Мураббийларим Шугар Ҳилл, Биби ва Чемберслар билан чемпионлик жангига тайёргарлик кўряпмиз. Шугар Тайсон Фьюрининг мураббийи ҳисобланади. Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади», — деган Эргашев.
Маълумот учун, 31 ёшли Эргашев сўнгги бор 2022 йилнинг августида Анхел Мартинес Эрнандесга қарши рингга чиққан эди. Ушбу жангда Шоҳжахон техник нокаут эвазига ғалаба қозонганди. Боксчимиз ҳисобида 23 ғалаба (20 таси нокаут) бор.
31 ёшли Матиас эса шу йилнинг февраль ойида Херемиас Понсега қарши жанг қилган. Ушбу қарама-қаршиликда Сабриэл муддатидан аввал ғалаба қозониб, IBF чемпионлик камарини қўлга киритганди. Унинг ҳисобида 19 ғалаба (барчаси нокаут билан) ва битта мағлубият бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter