Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Салим Абдувалиев: «Умримда бировнинг ҳақини емаганман» (видео)

Салим Абдувалиев: «Умримда бировнинг ҳақини емаганман» (видео)

Фото: Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев ўзининг 70 ёш юбилейи арафасида интервью берди. Унда Салим Киргизбаевич ёшлик даври, спортга кириб келиши, ўзи ҳақида тарқалган гап-сўзлар ва бошқалар ҳақида гапириб берган.

«Мен 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилганман. Шундай экан, Фарғонада дунёга келганим, Қозоғистон ёки Қирғизистонда туғилганим ҳақидаги маълумотлар тўғри эмас. Отам 1945 йилда Фарғонадан Тошкентга келган. Етти ёшимдан мактабдан таътил берилган вақтларда колхозда ишлаганман. 12 ёшимда пахта даласида кураш тушиб ҳаммани енгар эдим. Шунда менинг устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Абдуназирович Назиров акамларнинг олдига келиб, «уни курашга бериш керак» деб айтади. Шу тарзда ҳам колхозда ишладим, ҳам спорт билан шуғулландим. Кураш борлиғимга айланди. 15-16 ёшимдан Собиқ иттифоқ бўйлаб мусобақаларда қатнаша бошладим», – дейди у.

Салим Абдувалиев ёшлигида жуда қийин турмуш тарзини кечирганини алоҳида таъкидлайди: «Етти ёшимдан ишлаганман, ейишга ҳеч вақо йўқ эди...».

16 ёшидан бошлаб 5 йил кетма-кет чемпион бўлганини қайд этаркан, Ўзбекистонда кураш тури қандай ривожланганини сўзлаб беради.

Салим Абдувалиев ўзи ҳақида халқ орасида юрадиган миш-мишларга ҳам изоҳ берган.

«Мен ҳақимда турли гап-сўзлар юради... Умримда бировнинг ҳақини емаганман. Тўғри яшаганман ва шу ҳаётимдан фахрланаман. Мен бу дунёда ҳеч кимни хафа қилган эмасман...» – дейди у.

«70 ёш... Биласизми, мен учун ҳаёт энди бошланяпти. Ҳали режаларимиз кўп. Олдинда бизни Олимпиада кутмоқда. Олимп чўққиларини забт этишда давом этамиз. Эркин кураш, умуман спорт менинг ҳаётим», – таъкидлайди Салим Киргизбаевич.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг