Ўзбекистонлик велоспортчилар бирйўла 4 та Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди
Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарини жамғариш даври якунига етди.
Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, бўлажак Олимпиадага Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 3 та, эркаклар термаси эса 1 та йўлланмага сазовор бўлди.
Аёллар тоифасидаги лицензияларнинг 2 таси гуруҳ пойгаси, 1 таси эса шахсий пойга дастурига тўғри келади. Қизларимиз 1 942 очко билан ушбу циклда иштирок этган 103 жамоа орасида 17-натижани қайд этган. Бу Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.
Спортчи йигитлар эса 1 228 очко билан 105 жамоа орасида 32-натижани кўрсатишди. Бу уларга гуруҳ пойгаси йўналишида 1 та йўлланмани тақдим қилди. Қоидага кўра, барча квоталар терма жамоа учун тақдим қилинган. Ушбу дастурларда қайси атлетларимиз Париж-2024 Олимпиадасида стартга чиқиши кейинроқ мураббийлар штаби томонидан маълум қилинади.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик велоспортчилар Олимпия ўйинларига биринчи бор 4 та йўлланма қўлга киритишмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter