Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўтказиб юборманг! Бугун УЕФА суперкубоги: «Бавария» — «Севилья», Будапешт

Ўтказиб юборманг! Бугун УЕФА суперкубоги: «Бавария» — «Севилья», Будапешт

Фото: «CBS Sports»

Бугун, 24 сентябрь оқшомида (Тошкент вақти билан соат 00:00да) Будапештда УЕФА 45-Суперкубоги учун баҳс бошланади: Чемпионлар лигаси ғолиби «Бавария» — Европа лигаси кубоги соҳиби «Севилья»га қарши.

Ҳар икки клуб УЕФА суперкубогини бир мартадан қўлга киритган: «Бавария» — 2013 йилда, «Севилья» — 2006 йилда. Жамоалар ўзаро бир марта тўқнаш келишган: УЕФА Чемпионлар лигаси 1/4 финалида (2017/18) мюнхенликлар сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган, жавоб ўйинида дарвозаларга гол киритилмаган.

Бошланиб кетган Германия чемпионати янги мавсумини ҳам қўшганда, «Бавария»нинг ғалабали серияси 22 та ўйинга етди, «Севилья» эса 21 ўйиндан бери мағлубиятга учраган эмас, аммо Примерада биронта ўйин ўтказгани йўқ.

1 октябрь куни «Бавария» ва «Севилья» Чемпионлар лигаси 2020/21 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросимида қатнашади. Уларнинг яқин орада тўқнашиш эҳтимоли йўқ, чунки иккаласи ҳам биринчи саватдан ўрин олган.

Ўйин атрофида

Ўйиннинг аҳамиятли яна бир жиҳати, Будапештдаги «Пушкаш Арена»га томошабинларнинг киритилишидир. Ушбу ҳолат юзасидан турли қарама-қарши фикрлар билдириляпти.

Масалан, Бавария федерал ери раҳбари Маркус Зёдер, «Бавария» менежер-мураббийи Ҳанс-Дитер Флик томошабинларнинг стадионга қўйилишини танқид қилишди. Немис мухлислари ҳам Будапештга ёпирилиб келаётгани йўқ.

«Суперкубок томошасига келганлар Германияга қайтишлари билан карантинга олинишлари аниқ, — дейди «Бавария»нинг Венгриядаги фан-клуби етакчиларидан бири Ласло Майер. — Бундан ташқари, Венгрияга келишда ва қайтишда жуда кўплаб тестлар топшириш бошоғриққа айланади. Шунинг учун ҳам кўплар сафарни бекор қилди. Ўйлашимча, Германиядан бир неча юз мухлис келади».

«Пушкаш Арена»га 20 минг томошабин киритилишига рухсат берилган. Ҳамма ниқоб тақиши, оралиқ масофани сақлаши шарт.

«Пушкаш Арена» Фото: «Spravy.sk»
«Пушкаш Арена» Фото: «Eurosport»

Ушбу ўйинни УЕФА томонидан ўтказилаётган ўзига хос тажриба дейиш ҳам мумкин: баҳор фаслидан бери илк марта халқаро ўйин томошабинлар ишрокида ўтади. Коронавируснинг иккинчи тўлқини анча кучли келган Венгрияда яшовчиларнинг аксарияти эса бундай тадбирнинг ўтказилишини ўта таваккалчилик деб ҳисоблашмоқда.

УЕФА Суперкубок учун Будапештни танлаган 17 июнда мамлакатда фақат бир инсонда коронавирус аниқланганди, куни кеча 951 нафар ковид-бемор қайд этилди. Аммо қарор ўзгармади, футбол бўлади, томошабинлар келади.

Биз эса диққатни экранга жамлаймиз: бугун кечаси, соатнинг барча миллари қоқ тепага кўтарилганида Европанинг энг кучли клубини аниқловчи ўйинга старт берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг