Оксана Чусовитина Москвада ўтказилган халқаро мусобақада ғалаба қозонди
Ўзбекистонлик Олимпиада чемпиони Оксана Чусовитина Москва шаҳрида ўтказилган спорт гимнастикаси мусобақасининг таяниб сакраш баҳсларида биринчи ўринни эгаллади.
Унинг ҳаракатлари ҳакамлар томонидан 14,333 баллга баҳоланган. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса россиялик спортчилар Ангелина Мельникова (14,017) ва Элеонора Афанасьева (13,850) эгаллаган.
Айтиш керакки, Чусовитина ғолиб чиққан Воронин кубоги мусобақаси 1993 йилдан бери ўтказиб келинади ҳамда Халқаро гимнастика федерацияси жадвалидан ўрин олган.
Воронин кубогида анчадан буён иштирок этмаган эдим ва таклифни жон деб қабул қилдим. Ушбу мусобақа нафақат ёшлар ўзини намоён этишлари учун, балки биз «қариялар» учун ҳам жуда қизиқарли. Бу ерда ортимизда кимлар қолаётгани, «панжамизга кимлар панжа ураётгани»ни кўрамиз.
Оксана Чусовитина
Оксана Чусовитина етти бор Олимпиада иштирокчиси сифатида «Гиннесс рекордлари китоби»га кирган. У 1992 йили Барселонада ўтказилган ўйинлардан буён мунтазам равишда Олимпия ўйинларида иштирок этиб келяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter