Одилжон Aслонов: Муроджон Аҳмадалиев билан оғир жанг, фаолиятини тугатмоқчи бўлгани ва бошқалар хусусида (видео)

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали спорт ихлосмандлари учун янги лойиҳани ишга туширди. Лойиҳада нафақат спорт олами вакиллари, балки бугунги кунда ўз фаолияти доирасида ютуқларга эришаётган инсонлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Лойиҳамизнинг илк меҳмони – спортнинг бокс тури бўйича Ўзбекистон чемпиони ва бир қанча халқаро турнирлар ғолиби, Жаҳон чемпионати иштирокчиси, спорт устаси Одилжон Аслонов.
Одилжон Aслонов 1995 йилнинг 5 июнида Бухоро шаҳрида таваллуд топган.
Амалдаги Ўзбекистон чемпиони. Боксга илк қадамини 2005 йилда қўйган.
Мураббийлари:
Ҳамза Aвезов, Равшан Хўжаев.
Ютуқлари:
2013 йил, Ўзбекистон чемпионати:
(60) кг вазн тоифасида олтин медал
2017 йил, Франция халқаро турнири:
(69) кг вазн тоифасида олтин медал
2019 йил, Қозоғистон Президенти кубоги:
(75) кг вазн тоифасида бронза медал
2019 йил, Ўзбекистон чемпионати:
(75) кг вазн тоифасида олтин медал
2020 йил, Ўзбекистон чемпионати:
(75) кг вазн тоифасида кумуш медал.
– Ассалому алайкум Одил ака, сизни бокс мухлислари яхши танишади. Биламизки, ҳозирда ёшларнинг спортга бўлган, айниқса, бокс ва аралаш жанг санъатига бўлган қизиқишлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. Айтингчи, сизнинг болалигингиз қандай ўтган, спорт оламига кириб келишингиз қандай бошланган?
– Ажойиб савол бўлди. Биз оилада тўрт ўғилмиз. Акаларим ҳам мунтазам бокс билан шуғулланиб келганлар. Акам Ойбек Аслонов бокс тўгаракларига қатнашиб юрган пайтларида менинг боғчам ва акамнинг тўгараги яқин жойлашган эди. Мени боғчадан олиб, сўнг боксга мени ҳам олиб кетарди. Тўгаракда акам ва бошқаларнинг шуғулланаётганини кўриб, шу спорт турига қизиқиб, боксга кириб келганман. Уларга ҳавас қилиб болаликдан шуғуллана бошлаганман.
– Сизни доимо кўллаб келаётган устозларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз. Боксдаги биринчи мураббийингиз ким бўлган?
– Биринчи мураббийим Ҳамза Авезов. Ҳозирги кунда ҳам менинг мураббийим ҳисобланадилар, қолаверса, қариндошим ҳам. Ёшлигимиздан устозимга ҳавас қилиб улғайдик. Устозимизнинг устозлари Раҳматулло Муҳаммадиевга ҳам ҳавас қиларди. Улар бизга кўп таьлим-тарбия бериб шуғуллантирганлар. Устозимнинг шундай ютуқларга эришишларига ҳам раҳматли устозларининг ҳиссалари катта.
– Бугунгача ўтказган жангларингиз орасида сиз учун оғир кечган жанг қайси?
– Бирорта жанг осон бўлмаган. Уларнинг ичида мен учун энг қийин кечган жанг Муроджон Аҳмадалиев билан кечган жанг. У билан ёшлигимизда икки марта тўқнаш келганмиз. У пайтлари енгил вазнда эдик. Ҳозирча ҳисобимиз 1:1. Уни ютган пайтим ҳам, ютқизганимда ҳам осон жанг бўлмаган. Ҳали ҳануз эсимдан чиқмайди.
– Боксдан ташқари спортнинг қайси турига қизиқасиз ?
– Мунтазам қизиқиб ўйнайдиган спорт тури мен учун стол тенниси. Ва футболни яхши кўраман. Аммо мунтазам кузатиб бормайман. Ўзим учун қизиқиб ўйнайман.
– Суҳбатлардан бирида ошпазликка қизиқишингизни айтиб ўтгандингиз, қайси таомларни мароқ билан тайёрлай оласиз?
– Тўғрисини айтадиган бўлсам бирор таомни пишира олмайман. Лекин тухум қовуришни чиройли тарзда эплайман. Худди суратлардагидек пишира оламан...
Бухорои шарифимизда Муҳаммад Салоҳ номидаги ош маркази бор, Муҳаммаджон акамизни ош маркази, ўша ерда ош тановвул қилиб, жуда ёққанидан шу қарорга келганман. Ошпаз бўлганимда мана шундай ошпаз бўлардим, деб ният қилганман.
– Жаҳон профессионал бокс юлдузларидан кимларни кўпроқ кузатиб борасиз, ва улар ичида сиз учун энг иқтидорли боксчи ким?
– Мунтазам кузатиб бораман. Чунки ўзим ҳам профессионал боксда фолият олиб бордим. Мексикалик боксчи Альварес, россиялик Артур Бетербиевларни кўп кузатиб бораман.Улар ҳақиқатан тенгсиз спортчилар, уларга хавас қиламан, қўлимдан келганча уларга ўхшашга ҳаракат қиламан.
– Бокс оламида дўстларингиз кимлар?
– Боксда дўстларим жуда кўп, улар билан ёшликдан бирга улғайганмиз. Уларнинг айримлари боксдан йироқлашган бўлса хам, ҳали ҳануз дўстмиз. Мироншоҳ Ибрагимов амалдаги Ўзбекистон чемпиони, Шукуржон Раҳимов ҳозирда профессионал боксда фаолиятини олиб бормоқда, Осиё совриндори. Биз боксда ҳам, ҳаётда ҳам бирга дўстмиз.
Устозимиз Олим Муҳаммедов ёш спортчиларни катталар таркибига қўшардилар. Ўшанда мен ёш бўлсам-да катталар билан шуғулланардим. Масалан, Аббос Атоев, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Сардор Ибрагимов, Улуғбек Мўбинов, Суҳроб Бобоназаров . Бу акаларим ҳам боксда ўз фаолиятини олиб боришмоқда.
Қайсидир акаларим мураббий, қайсидирлари профессионал боксда. Уларни дўст деб айтолмайман, балки ундан-да яқин акаларим дейман. Яна бир акам Сардор Ёрмуҳаммедов ҳозирда Америкада профессионал бокс билан шуғулланиб келмоқда. Унинг ҳаваскор боксдан кетганига роса хафа бўлганман. Бирга юрардик, машғулотларда, бошқа давлатларда ўтказилган мусобақаларда. Жуда хафа бўлганман шу акам кетганларига. Ҳозир ҳам ҳар бир ишда шу акам билан маслаҳатлашаман. Улар қўлидан келганча менга кўмаклашадилар.
– Боксдан ташқари ҳоббиларингиз?
– Бокс шундай спортки, унга борингизни беришингиз керак. Биттагина машғулот билан катта ютуқларга эриша олмайсиз. Ҳаёт тарзингиз ҳам бу спорт билан боғлиқ бўлиши керак.
Чемпион бўлиш учун нима қилиш керак? Яхши шуғулланиш, бунинг учун эса яхши дам олиш зарур. Ва албатта, тўғри овқатланиш керак. Бўш вақтларимда яхши дам олишга ҳаракат қиламан. Куч йиғиб, яхши шуғулланишга бор эътиборимни қаратаман.
Мусобақадан кейин бўш вақтларимда китоб ўқиш мароқли. Балиқ тутишга бораман.
– Ҳар бир инсон вояга етаркан, ҳаётда кўзлаётган мақсадлари ҳам, ҳаттоки, у учун муҳим бўлган нарсалар ҳам иккинчи ўринга тушиб қолиши мумкин. Одилжон Аслонов учун шундай ҳолатлар бўлганми? Яьни, карьерангизни тўхтатиб, бошқа фаолият олиб бориш ҳақида ўйлаганмисиз?
– Бўлган, албатта. Мен боксчи бўламан, деб ўйламагандим. Миллий хавфсизлик хизмати ходими бўлмоқчи эдим. Ёшлигимдан форма кийишга ҳаракат қилардим. Ватанимизга хизмат қилишни хоҳлар эдим. Буни қарангки, тақдир тақозоси билан боксчи бўлиб кетдим.
Биз спортчилар рингга чиқаётган пайтимиз Ватанимиз байроғи ила чиқамиз. Ҳар гал ғалаба қозонганимизда Ватанимиз мадҳияси янграйди. Шундан фахрланаман.
– Профессионал боксдаги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз? Ҳозир асосий эътиборни ҳаваскор боксга қаратасизми ёки проф ринггами?
– Мураббийларимиз кўрсатмаларини бажарамиз. Жаҳон чемпионатидан олдин профессионал боксда эдик. Жаҳон чемпионати сабаб ҳаваскорга қайтдик. Худо хоҳласа, янгилик бўлади. Ҳаваскор боксда Осиё ўйинлари, Осиё чемпионатлари бор. Шунинг учун биз профессионал боксда жанг ўтказмаяпмиз. Бу аниқ бўлса, маьлумот берамиз.
– Фаолиятингизда сизга нисбатан ноҳақликлар бўлганми? Шу ҳақида гапира оласизми?
– Ноҳақликлар бўлган. Буларни мен аниқ айта олмайман. Менимча, айтиш ҳам шарт эмас. Ноҳақликларни ҳам яхшиликка қабул қилганмиз. Барчаси мени янада кучли бўлишимга ёрдам берган. Барча нарсани яхшиликка, деб қабул қиламан.
– Профессионал боксдаги устозларингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
– Бу устозларим ҳам ҳаваскор боксда, ҳам профессионал боксда ҳам доим мен билан бирга. Ҳамза Авезов, Равшан Хўжаев, Нодир Ғуломов, Нодир Муҳаммедовлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббийлар. Биз бир оила, жамоа, биз доим биргамиз. Чемпион бўлганимда ҳам, ютқизган пайтларимда ҳам улар ёнимда. Худо хоҳласа, катта мақсадларимиз бор. Бу мақсадларга эришиш учун ҳаракатдамиз. Устозларимиз билан бирга Ватанимиз байроғимизни баланд кўтарамиз.
– Айтиб ўтдингиз, сиз ўқишни академик лицейда давом эттиргансиз, спорт мактабларида эмас. Қандай қилиб мана шу муҳитдан яъни илм-фан муҳитидан спорт муҳитига ўтиб кета олгансиз? Бу жараён қийин кечганми?
– 1-босқич давримда чемпионат Қозоғистонда ўтказилган. Ўшанда халқаро турнирда чемпион бўлиб келганман. Шунда маърифий тадбирда мени чақириб, тақдирлашган. Мени ўқитувчилар дарслардан озод қилиб, шуғулланишим учун кўмаклашардилар. Ҳали ҳам мен улар билан боғланиб тураман. Сафарлардан қайтганимда, мусобақалардан кейин хабар олиб, дуоларини олиб юраман. Уларнинг кўмаклари билан лицейда ўқиш пайтимларимда мунтазам бокс билан шуғулланиб юрганман.
– Сизни боксга руҳлантирган, мотиваторингиз бўлган инсон ким?
– Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, икки карра Жаҳон чемпиони, Лондон Олимпиадаси совриндори Аббос Атоев. Аббос Атоевни ҳам спорт соҳасида ҳам, ҳаётда ҳам ўзимда кумир деб биламан. Кучли ирода соҳиби, сахий инсон, кибри йўқ инсон. Бизга кўп соҳадан ҳаётий сабоқ берганлар. Биз учун намуна. Мен ўзимга қаҳрамон, деб қабул қиламан. Ҳар қандай ҳолатда улар билан маслаҳатлашиб, улардек бўлишни орзу қиламан.
– Ўзбек бокс оламида Бухоро бокс мактабининг ўз ўрни бор, мана шу мактабнинг бир вакили сифатида бу фаолиятга энди кириб келаётган ёш спортчиларга тавсияларингиз?
– Тўғри таькилдаб ўтдингиз, Бухоро бокс мактабининг Ўзбекистонда ҳам, жаҳонда ҳам ўз ўрни бор. Ёш спортчиларимиз яхши натижалар кўрсатиб келмоқда. Саййиджамшид Жаффаров, Бекзод Ҳамидов, Асилбек Мансуров, Амиршоҳ Самадовлар. Яна кўплаб намуна қилиб айтадиган ёшларимиз бор. Тавсияларим меҳнат қилсинлар, яхши шуғуллансинлар. Худо хоҳласа етук чемпион бўладилар. Байроғимизни юксакка кўтарадилар. Энг асосийси, устозларимиз кўрсатмаларини бажарсинлар. Устозларимиз – ўз ишининг усталари. Уларнинг маслаҳатлари билан катта марраларга эришадилар.
– Келгусидаги мақсадларингиз, Одилжон Аслоновдан қандай натижаларни кутиб қоламиз?
– Менга қолса, тезроқ проффессионал боксга ўтишни хоҳлардим. Профессионал боксда бир эмас, тўртта асосий камарлар бор. Шуларга секин-аста эришиш ниятим ҳам бор.
Дурдона Тошева суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter