МОҚ: «Uzbek Tigers» фаолияти тўхтатилмайди»
Шу кунларда баъзи оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасида иштирок этаётган «Uzbek Tigers» клубининг фаолияти тугатилиши, Ўзбекистон жамоаси мусобақадан чиқариб юборилиши хақидаги миш-мишлар авж олди. Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов вазиятга расман изоҳ берди.
«Энг аввало бу хабарларнинг барчаси асоссиз бўлиб, аксинча Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида бокс бўйича Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасида уч йилдан буён мунтазам иштирок этиб келаётган «Uzbek Tigers» жамоасини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган жангларни янгича форматда, мухлислар учун хақиқий бокс шоуси даражасида ташкил этиш ниятида кенг кўламда иш олиб бормоқда.
Маълумки, бугунги кунда ўзбек бокс мактаби бутун дунёга маълум ва машҳур. Унинг ўз шонли тарихи ва анъаналари мавжуд. Рио-2016 олимпия ўйинларида Ўзбекистон бокс терма жамоасининг умужамоа ҳисобида биринчи, Гамбург 2017 жаҳон чемпионатида эса иккинчи ўринни эгаллаши сўзимизга исбот бўла олади. Аммо шу билан биргаликда айни паллада Республикамизда кўпгина спорт турлари қаторида Ўзбекистон бокс федерациясининг фаолияти ҳам ислоҳотларга мухтож эканлигини айни хақиқат. Сир эмаски амалга ошириладиган ҳар бир ислоҳот ва янгилик, энг аввало, ушбу соҳани янада ривожлантиришга, уни замонавий босқичга олиб чиқишга, ютуқлар салмоғини оширишга хизмат қилиш керак.
Айнан шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда миллий олимпия қўмитаси олимпия ва Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда делегациямиз ҳисобига энг кўп совринлар тақдим этадиган бокс спорт турини янада ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ташкил этиладиган халқаро ва маҳаллий мусобақалар нуфузини оширишга бел боғлаган.
Бугунги кунда мамлакатимизда спорт шахсан юртбошимиз, муҳтарам Шавкат Мирзиёвнинг назоратида турибди. Сўнгги пайтларда биргина спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган қанчадан қанча қарор ва фармонлар эълон қилиниши ҳам фикримизга исбот бўла олади. Шак-шубҳа йўқки, бугун олиб борилаётган улкан ҳажмдаги меҳнатлар самарасини барчамиз насиб қилса, Токио-2020 Олимпия ўйинларида кўрамиз. «Uzbek Tigers» эса ўз фаолиятини янги форматда, янги мақсадлар билан давом эттиради», – деди МОҚ Президенти.
Маълумот учун, «Uzbek Tigers» Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)даги навбатдаги иккита жангини мамлакатимизда ўтказади. 27 февраль куни юртимизда Кубанинг «Cuba Domadores» клуби меҳмон бўлса, 1 март куни Колумбиянинг «Colombia Heroicos» клубини кутиб оламиз. Мазкур беллашувларни юқори савияда ташкил этиш, мухлисларга хақиқий спорт байрами муҳитини яратиш мақсадида жангларни Тошкентда ўтказиш қарори қабул қилинди. Ҳар иккала учрашув Ўзбекистон таэквондо ассоциациясига қарашли «Универсал» спорт мажмуасида соат 19:00да бошланади.
Ўзбекистон Миллий олимпия юртимиз спорт мухлисларини 27 февраль ва 1 март кунлари боксчиларимизни қўллаб-қувватлаш учун «Универсал» спорт мажмуасига чорлаб қолади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter