Маошининг 30 фоизини олаётган «Барселона» футболчиларининг иш ҳақларини яна қисқартирмоқчи бўлишди
«Барселона» (Испания) президенти Хосеп Бартомеу, пандемия шароитида клуб молиявий қийинчиликларга рўбарў келганини далиллаб, ўйинчилардан маошларини яна бир марта қисқартиришга розилик беришларини сўради.
Футболчилар бу гал раҳбарнинг илтимосини ерда қолдиришди: «Йўқ!». «RAC1» хабарига кўра, ўтган уч ойда клуб фақат маошларнинг ўзидан 40 миллион еврони тежаб қолган.
Март ойида каталонлар жамоаси футболчилари, реклама тушумларини истисно қилганда, иш ҳақларининг фақат 30 фоизини олиб туришга розилик беришганди. Шунисиям борки, ўшандаям айрим футболчилар «бундай ҳиммат»га тайёр эмасликларини айтишганди.
Испания чемпионати, худди аксарият Европа миллий биринчиликлари қатори, коронавирус эпидемияси оқибатида тўхтатиб қўйилганди. Мавсумга қайта старт 11 июндан берилиши кутиляпти.
«Катта танаффус» олдидан ўтказилган сўнги учрашувда «Барселона» ўз уйида «Реал Сосьедад»ни енгиб (1:0), 58 очко тўплаган ва турнир жадвали пешқадамига айланиб олганди. Бўлғуси ўйинда (чемпионатга рестарт берилса, албатта), барселоналикларни «Мальорка» ўз уйида кутмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter