Магнус Карлсен жаҳон чемпиони мақомини сақлаб қолди
Норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен россиялик Ян Непомняший билан жаҳон шахмат тожи учун бўлиб ўтаётган курашнинг 11-партиясини ўз фойдасига ҳал этиб, якуний ғалабага эришди, дейилади «Интерфакс» хабарида.
Жума куни қора доналарда ўйнаган Карлсен, навбатдаги ғалабасидан сўнг 7,5 балл тўплаб, Непомняший (3,5) билан ўртадаги фарқни чемпионликни таъминловчи даражага етказиб олди (турнир қоидалари ушбу ҳаволада).
Ушбу баҳсларга Дубайда 26 ноябрь санасида старт берилганди. Дастлабки беш ўйин дуранг билан якунланди, олтинчисида Карлсен устун келди: ушбу партия чемпионлик учун курашлар тарихида рекорд даражада кўп юриш қилинган ўйин сифатида эсда қоладиган бўлди — 136 юриш. Норвегиялик шахмат қироли саккизинчи ва тўққизинчи партияларда ҳам зафар қозонди.
Маълумот учун: Ҳозирда 31 ёшга тўлган Магнус Карлсен шахмат бўйича 16-жаҳон чемпиони ҳисобланади. 23 ёшида (2013 йил) даъвогарлар турнирида қўшимча кўрсаткичлар бўйича россиялик Владимир Крамникни ортда қолдириб ғолиб чиққан. Ўша йили амалдаги жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд (Ҳиндистон)ни енгиб, навбатдаги чемпионга айланган.
2014 йили Карлсен жаҳон шахмат тожи учун курашда Анандни яна бир бор мағлуб этган, 2016 йилда россиялик Сергей Карякин, 2018 йилда америкалик Фабиано Каруанага қарши ўтказилган ўйинларда жаҳон чемпиони мақомини шараф билан ҳимоя қилган.
Ян Непомняший ҳам 31 ёшда. Европа чемпиони, жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати ҳамда Россия чемпионатининг икки карра ғолиби саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter