Ўзбек қизи оғир атлетика бўйича жаҳон рекордини ўрнатди
Лас-Вегас шаҳрида давом этаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни ҳам терма жамоамиз учун янада омадли якун топди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати томонидан хабар қилинишича, қизлар ўртасида -64 килограмм вазн тоифасида супачага чиққан Кумушхон Файзуллаева мусобақада олтин медални қўлга киритибгина қолмасдан, ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордларини ҳам ўрнатди. Вакиламиз даст кўтариш машқида 93 кг, силтаб кўтариш машқида эса 122 кг натижа қайд этди. Икки курашда 215 килограмм жамғара олган спортчимиз ушбу вазн тоифасининг силтаб кўтариш ва икки кураш йўналишлари бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордларини ўрнатишга муваффақ бўлди.
Ўсмирлар ўртасида ЖЧ. Лас-Вегас, АҚШ
Қизлар, 64 кг
1. Кумушхон Файзуллаева (Ўзбекистон) – 225 кг (жаҳон рекорди)
2. Кейси Рохас (Мексика) – 195 кг
3. Михаэла Илие (Руминия) – 190 кг
Кумушхон Файзуллаева ёзда пойтахтимиз мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам зафар қучиб, ўзбекистонлик оғир атлетикачи қизлар орасида илк бор чемпионликни қўлга киритган спортчига айланган. Шунингдек, 2018 йил октябрь ойида Аргентинада ўтган ўсмирлар Олимпиадасида ҳам унга тенг келадигани топилмаган эди.
Таъкидлаш жоиз, терма жамоамиз вакиллари мусобақанинг ҳар кунги баҳсларида медаллар қўлга киритишмоқда. МОҚ барчани атлетларимизнинг ана шундай муваффақиятли юриши билан муборакбод этиб қолади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter